Ўзмиллийбанк ва Хитой Эксимбанки ҳамкорлик келишувини имзоладилар
Ўзбекистон ва Хитой молиявий ҳамкорлиги янги стратегик босқичга чиқди
2025 йил 27–29 октябрь кунлари «Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки» АЖ (Ўзмиллийбанк) делегацияси Пекин шаҳрида бўлиб ўтган «Инновациялар, трансформация ва янгиланиш давридаги глобал молиявий ривожланиш» мавзусидаги «Financial Street Forum – 2025» конференциясида иштирок этди.
Форум доирасида Ўзмиллийбанк делегацияси ва Хитой Экспорт-импорт банки (Хитой Эксимбанки) директорлар кенгашининг раиси Чэнь Хуайюй ўртасида учрашув ўтказилди ҳамда стратегик ҳамкорлик тўғрисида келишув имзоланди.
Ҳамкорликнинг янги босқичи
Музокаралар давомида томонлар 20 йилдан ортиқ давом этаётган ўзаро манфаатли ҳамкорлик натижаларини сарҳисоб қилдилар. Ушбу давр мобайнида Хитой Эксимбанки кўмагида Ўзмиллийбанк Ўзбекистонда жами 1,8 млрд АҚШ доллар миқдоридаги қатор йирик инфратузилмавий ва ижтимоий лойиҳаларни амалга оширди. Мазкур маблағлар мамлакат иқтисодиётининг асосий тармоқларини – энергетика, транспорт, телекоммуникация, соғлиқни сақлаш, таълим, сув хўжалиги ва саноат соҳаларини ривожлантиришга, шунингдек кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган.
Имзоланган келишув икки томонлама ҳамкорликни янги стратегик даражага олиб чиқишни, шунингдек миллий валюталарда ўзаро ҳисоб-китобларни кенгайтиришни назарда тутади. Бу эса ўз навбатда икки давлат ўртасидаги молиявий муносабатларнинг барқарорлигини ошириш ва валюта операцияларини диверсификация қилиш бўйича белгиланган йўналишга мувофиқлигини тасдиқлайди.
Узоқ муддатли устувор йўналишлар ва янги имкониятлар
Томонлар 2023 йил май ойида Сиан шаҳрида биринчи «Марказий Осиё – Хитой» Саммити доирасида имзоланган 2 млрд юанга тенг кредит линияси муваффақиятли амалга оширилганини қайд этдилар.
Келгуси ҳамкорлик учун истиқболли йўналишлар сифатида қайта тикланувчи энергия манбалари, металлургия, транспорт инфратузилмаси, туризм, аэропортларни модернизация қилиш ва хизматлар соҳасини ривожлантириш каби лойиҳалар белгилаб олинди.
Хитой Эксимбанки юань валютасида молиявий инструментлардан фойдаланиш доирасини кенгайтиришга ҳамда юань эквивалентида 100 млн. АҚШ доллари миқдорида янги кредит линиясини очишга тайёрлигини билдирди. Бу эса, ўз навбатида, устувор инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлашни кенгайтириш ва миллий валюталарда ҳисоб-китобларни барқарорлигини мустаҳкамлаш имконини беради.
Ўзбекистон-Хитой иқтисодий ҳамкорлиги
Ўзмиллийбанк ва Хитой Эксимбанки ўртасидаги ҳамкорлик Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги стратегик муносабатлари доирасида изчил ривожланиб, икки давлат раҳбарларининг шахсий эътибори туфайли юқори даражага кўтарилди.
Сўнгги йилларда савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликда сезиларли ўсиш кузатилмоқда. 2024 йил натижаларига кўра, икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 14 млрд АҚШ долларини ташкил этди, хитойлик компанияларнинг иштирокидаги инвестиция лойиҳалари умумий портфели эса 60 млрд АҚШ долларига етди. 2024 йилда Хитойдан 10 млрд доллардан зиёд инвестиция ўзлаштирилди, 2025 йилда эса бу кўрсаткич 15 млрд доллардан ортиқ бўлиши режалаштирилган.
Бугунги кунда мамлакатимизда Хитой капитали иштирокида 3 500 дан зиёд корхона фаолият юритмоқда. Бу икки давлат ўртасидаги ишбилармонлик алоқалари изчил ривожланиб бораётгани ва Хитойнинг Ўзбекистондаги инвестициявий фаолияти кенгайиб бораётганидан далолат беради.
Маълумот учун:
Хитой Эксимбанки – 1994 йилда тузилган давлат молиявий институти. Банк Хитойнинг учта сиёсий банкидан бири бўлиб, мамлакатнинг ташқи иқтисодий фаолиятини қўллаб-қувватлашга ихтисослашган.
2024 йил натижаларига кўра, Эксимбанкнинг жами активлари - 886 млрд долларни, капитали – 54 млрд долларни, соф фойдаси эса 400 млн долларни ташкил этди.
Банк халқаро лойиҳаларни молиялаштиришда фаол иштирок этиб, «Бир камар – бир йўл» ташаббусини амалга оширишда муҳим роль ўйнайди, ҳамда Хитойнинг хорижий ҳамкорлари билан савдо-иқтисодий алоқаларини мустаҳкамлашга ҳисса қўшади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter