Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Узумини енгу боғини суриштирманг»: немис журналистлари нимани топишди?

«Узумини енгу боғини суриштирманг»: немис журналистлари нимани топишди?

Фото: «Bild.de»

«Bild» нашри журналистлари нега Германиядаги супермаркетларда мева-сабзавотлар ўта арзонлигига ойдинлик киритишга уриниб кўришди. Рост-да, апелсиннинг бир килоси 99 евроцентга, бодринг эса 39 евроцентга сотилиши ўзига тўқ немислар учун деярли текиндек гап.

Супермаркет пештахталаридаги маҳсулотларнинг кўпига улар Испания ёки Жанубий Италиядан келтирилгани ёзиб қўйилган. Мева-сабзавотлар четдан келтирилишига қарамай нега бунча арзон?

Бу саволга жавобни Испаниядаги ёки Италия жанубидаги деҳқончилик хўжаликларидан топасиз. Чунки маҳсулотга биринчи нарх ўша ерда қўйилади.

Кўҳна Андалусия (Испания)нинг Алмерия вилоятида жаҳондаги энг йирик иссиқхоналар жойлашган. Қарийб 400 квадрат километр майдонни эгаллаган иссиқхоналарда 130 минг киши меҳнат қилади. Етиштирилган маҳсулотларнинг асосий харидорлари — немис супермаркетлари.

Бу ердаги энг нуфузли ишлаб чиқарувчилардан бири — «AgroIris S.A.T» кооперативи 400 дан зиёд фермерларни бирлаштирган. Аксарият ишчилари — арзимас чақа эвазига кунни тунга улаб ишловчи Африкадан келган қочқинлар. Оладиган пуллари ижара пулини тўлашга етмагани боис кўплаб африкаликлар сув ва электр токи ўтказилмаган кулбаларда яшашади. Буям етмаганидек, иш берувчи пулдан қизғаниб, кўпинча пестицидлар сепувчи меҳнаткашларга ҳимоя воситаларини ҳам раво кўрмайди.

Маҳаллий якка фермерларнинг ҳам ташвиши етарли — кооперативлар билан кураш жуда оғир кечяпти. Масалан, фepмep Давид Caнчec Oливepaни олайлик. У ўзи етиштирган қовоқнинг бир килосини 14 центдан сотсагина харажатини қоплайди. Ёнгинасидаги кооператив эса қовоқнинг бир килосини 3 центдан таклиф қиляпти. Рақобат, курашишдан маъни йўқ...

Италияда ҳам шу аҳвол. Худди Алмериядаги сингари, Италия жанубида ҳам ноқонуний муҳожирларнинг сиқиб сувини чиқаришмоқда. Бунинг устига Калабрия ва Сицилиядаги ерлар мафиянинг қўлида. Полиция маълумотига кўра, маҳаллий кланлар меҳнат тўғрисидаги қонунларни писанд қилишмайди, аммо Европа иттифоқининг қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга ажратилган субсидияларидан мўл-кўл фойдаланишмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг