Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ватан қаҳрамонларини унутмайди: Чори Ражабов қандай қаҳрамонлик кўрсатган эди? (видео)

2000 йилнинг июль-август ойларида Сурхондарё вилоятининг Сариосиё ва Узун туманларида рўй берган воқеалар ҳали юртдошларимизнинг ёдидан кўтарилмаган бўлса керак. Ўшанда бир гуруҳ жангарилар Тожикистон орқали Ўзбекистон чегарасини бузиб ўтган, ўртада қонли тўқнашувлар юз берганди.

Икки ойча давом этган жангларда ватанимизнинг бир қанча мард, довюрак йигитлари қаҳрамонларча ҳалок бўлганди. Шулардан бири катта лейтенант Чори Ражабов эди.

У 1966 йили Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида туғилган. Ўсмир кезлари ҳарбий бўлишни орзу қилган. Аммо ота-онаси унинг бу қарорига қатъий қарши чиққан. Бунга ўша пайтда Совет армиясидаги муҳит ёмон бўлгани, кўпчиликнинг умри этник низолар туфайли эрта хазон бўлаётгани сабаб бўлган эса не ажаб?!

Аммо Чори ака кечроқ бўлса-да, барибир орзусига эришади, эгнига ҳарбий кийим кияди. Сурхондарёдаги воқеалар бошланганда у 34 ёшда бўлган. Махсус операциялар батальонида хизмат қилгани учун биринчилардан бўлиб жангга сафарбар қилинган. У жанглар тугаб, қўшин ортга қайтаётган бир пайтда мазкур урушнинг сўнгги қурбонига айланади.

Яқинларининг маълум қилишича, катта лейтенант Ражабов бошчилигидаги жанговар гуруҳ душманлар маҳв этилганига ишонч ҳосил қилиш учун тоғли ҳудудни кўздан кечираётган вақтда улар учаётган вертолёт жангарилар томонидан уриб туширилади. Шу тариқа у ва сафдошлари Ватан тинчлиги йўлида қурбон бўлишади.

Мард йигит ўлими унинг ота-онаси, жигарлари, оиласини қанчалик қайғуга солганини тасаввур қилиш қийин. Ахир бир ўғлонни вояга етказиб, эл корига ярайдиган қилиб тарбиялаб, сўнгги манзилга ўзидан олдин кетаётганини кузатиш осонми? Не-не орзулар билар бир ёстиққа бош қўйган рафиқасининг ҳолатини тасаввур қилиш-чи!? 

Фото: «Xabar.uz»

Отаси қаҳрамонларча ҳалок бўлганида бири олти, бири уч яшар бўлган қизчалар ҳақида-ку гапирмадик. Уларнинг қалбидан ўтган соғинчу изтиробларга Яратган, яқинлари, отасини соғиниб пинҳона тўккан кўзёшларига ёстиқлар гувоҳ. Қувонарлиси, Чори аканинг қизлари — Феруза ва Наргиза кўпчилик орзу қилгандек камолга етди. Тўнғичи Тошкент давлат шарқшунослик институтида контракт асосида, кенжаси эса Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида давлат гранти асосида таҳсил олмоқда.

Дарвоқе, оиланинг катта фарзанди таълим гранти ютиб, Хитойнинг Шанхай шаҳрида таҳсил олаётган экан. Шу боис йўқлаб борганимизда уни учратмадик. Онаси Замира опанинг айтишича, у қайтиб келгач, институтдаги таҳсилини давом эттирар экан.

Фото: «Xabar.uz»

Бу воқеаларга ҳам 18 йил бўлибди. Табиийки, кўнгилдаги яралар маълум маънода битгандир. Аммо ҳалок бўлган одам қайтиб келмайди, унинг ўрнини бошқа биров тўлдиролмайди. Бироқ айрилиқ азобини кўрган шикаста кўнгиллар бир оғиз ширин сўз, озгина эътибордан ҳам тоғдай юксалади. Шу боис ҳам Ражабовлар оиласи давлатимизнинг ғамхўрлигини доим ҳис қилиб келади.

Мудофаа вазирлиги, хусусан, Олмазор тумани мудофаа ишлари бўлими бу хонадондан тез-тез хабар олиб туришини эшитиб, очиғи, қувондик. Умрини Ватан ҳимоясига бағишлаган инсон борки, шу йўлда жон фидо қилса оиласи кўчада қолмаслигини билса, номи унут бўлмаслигига амин бўлса, бу унинг кучига куч, ғайратига ғайрат қўшиши шубҳасиз.

Фото: «Xabar.uz»

«Xabar.uz» ахборот-таҳлилий портали Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда «UZMOBILE» миллий алоқа оператори билан ҳамкорликда 14 январь — Ватан ҳимоячилари кунига бағишлаб ўтказган танловнинг «Instagram» тармоғида ташкил этилган 5-йўналиши натижалари бекор қилингани ҳақида хабар берган эдик. Ортиб қолган ноутбук зиммасидаги бурчини ўташ чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг оиласига тақдим этилишини ҳам маълум қилгандик.

Фото: «Xabar.uz»

Ана шу ноутбукни Мудофаа вазирлигининг тавсиясига кўра Олмазор тумани мудофаа ишлари бўлими вакиллари билан бирга Ватан сарҳадлари ҳимояси йўлида ҳалок бўлган катта лейнетант Чори Ражабовнинг оиласига топширдик! Умид қиламизки, танловимизнинг 5-йўналиши бекор бўлганидан норози бўлган ўқувчиларимиз бу қароримизни қўллаб-қувватлашади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг