Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Халқ банки 29 655 тадбиркорга 1 426,4 млрд. сўмлик кредитлар ажратди

Халқ банки 29 655 тадбиркорга 1 426,4 млрд. сўмлик кредитлар ажратди

Акциядорлик тижорат Халқ банки томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури доирасида амалга оширилаётган лойиҳалар ижросига бағишланган навбатдаги матбуот анжумани бўлиб ўтди. 

Ушбу тадбир давомида кейинги йилларда юртимизда банк соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, хусусан, Халқ банки тизимидаги ўзгаришлар ҳамда янгиликлар ҳақида маълумотлар берилди.  

Хусусан, бугунги кунда юртимизнинг барча туман ва шаҳарларида банкнинг 197 та филиали, 29 та минибанки, 727 та жамғарма ва махсус кассаси, 186 та халқаро пул ўтказмалари шохобчаси, 180 дан ортиқ валюта айрибошлаш шохобчалари, умуман олганда банкнинг 3200 дан ортиқ муассалари мижозлар учун хизмат кўрсатиб келмоқда.  

АТ Халқ банки томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб қувватлашга доимий эътибор қаратиб келинмоқда. 

Жумладан, 2018 йил 9 ой давомида 29 655 та кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик вакилларига 1 426,4 млрд. сўмлик кредитлар ажратилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,1 фоизга ўсиши таъминланди. 

Шунингдек, 24 426 та тадбиркорга ажратилган микрокредитлар ҳажми  624,2 млрд. сўмни ташкил қилиб, 2017 йилнинг мос даврига нисбатан 1,4 фоизга ўсиши таъминланди.

Кичик бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида:

- 10 075 та аёл тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга 215,4 млрд. сўм;

- озиқ-овқат товарлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун 2 510 та тадбиркорга 235,1  млрд. сўм; 

- ноозиқ-овқат товарлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун 1 321 та тадбиркорга 187,9  млрд. сўм; 

- хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш учун 4 258 та тадбиркорга 479,5 млрд. сўм;

- касб-ҳунар коллежларини 1 040 нафар битирувчиларига тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун 18,9 млрд. сўмлик кредитлар ажратилди. 

- оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга 4 281 та лойиҳага  78,7 млрд. сўмлик кредитлар ажратилди. 

Маълумки, республикамизда чорвачилик соҳасини ривожлантириш бўйича Халқ банки масъул қилиб бириктирилган. 

Шундан келиб чиқиб, банк томонидан 2018-2019 йиллар давомида республикамиз ҳудудида чорвачилик соҳасини ривожлантириш бўйича дастур ишлаб чиқилган.

Дастурга асосан 876 та лойиҳага жами 1 837,8 млрд. сўмлик маблағлар йўналтирилади. Натижада, мазкур маблағлар эвазига 71 434 бош наслли қорамол, 17 815 бош наслли эчки, 42 230 бош қоракўл ва ҳисори қўй ҳамда 1 200 бош туя олиб келинади. 

Амалга ошириладиган ишлар натижасида 6 040 та янги иш ўринлари яратилади. 

Маълумки, сўнгги йилларда Ўзбекистон банк-молия тизимида жуда катта ўзгаришлар бўлди. Мисол учун ўтган йили юртимизда валютанинг эркин конвертацияси йўлга қўйилди, пластик карточкалардан нақд пул олиш имкониятини берувчи банкоматлар ўрнатила бошланди. Ҳозирги вақтда юртимиздаги барча тижорат банклари томонидан ўрнатилган банкоматлар ишлаб турибди. 

Жумладан, Халқ банки томонидан жойларга ўрнатилган 25 та банкоматдан аҳоли кунига ўртача 1,2 млрд. сўмни нақд пул ечиб олмоқда. Бугунги кунда Халқ банки томонидан қўшимча равишда 200 дона банкомат сотиб олиш бўйича шартнома тузилган бўлиб, банкоматлар шу йилнинг декабрь ва кейинги йилнинг январь ойларида олиб келинади ва ўрнатилади.

Халқ банки томонидан мижозларга қулай шарт-шароит яратиш мақсадида замонавий инновацион лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ этиш борасида бир қатор амалий ишлар йўлга қўйилган.  

Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури доирасида Халқ банки томонидан хўжалик юритувчи субъектларга банкдан тўлов терминаллари олиш учун электрон ариза бериш амалиёти, “Халқ мобайл” мобил иловаси орқали онлайн конверсия ва онлайн депозит хизматлари йўлга қўйилди. Шунингдек, мобил илова ёрдамида QR-код орқали товар ва хизматлар учун жойида тўлов қилиш ҳамда кредит олиш учун онлайн ариза топшириш каби замонавий банк хизматларини жорий этиш ишлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг