Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Халқаро экспертлар Ўзбекистон солиқ тизимидаги камчиликларни аниқлашди

Халқаро экспертлар Ўзбекистон солиқ тизимидаги камчиликларни аниқлашди

Фото: «Pymex.com»

Халқаро валюта фонди миссияси экспертлари 10 кун давомида Ўзбекистон Республикаси солиқ тизимини ўрганиб, тизимни янада такомиллаштириш бўйича дастлабки тавсияларини ишлаб чиқишди.

Халқаро валюта фондининг экспертлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан республика солиқ тизимини ислоҳ қилиш юзасидан белгилаб берилган вазифаларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан республика солиқ тизимини ислоҳ қилишда кўмаклашиш мақсадида таклиф қилинди.

Фото: «Мf.uz»

Экспертлар Ўзбекистон Республикаси солиқ тизими самарадорлигини янада ошириш мақсадида умумбелгиланган тартибда солиқ тўловчилар сонини улар томонидан амалга ошириладиган иш манбаидан келиб чиқиб чегаравий миқдорларни белгилаш йўли орқали ошириш зарур, деб ҳисобладилар. Бунда экспертлар томонидан умумбелгиланган тартибда солиқ тўлашга ўтиш учун чегаравий миқдорлар юзасидан турли таклифлар билдирилган.

Экспертлар «кичик корхона» мақомини корхона даромадини инобатга олмасдан фақатгина ишчилар сонидан келиб чиққан ҳолда белгиланиши корхоналарнинг ривожланиши ва кенгайишига тўсқинлик қилиши мумкинлигини таъкидлашди.

Шунингдек, Халқаро валюта фонди миссияси вакиллари томонидан ҚҚС ставкасининг 20 фоиз миқдори Ғарбий Европа мамлакатларидаги ҚҚС ставкаси миқдорига тенг эканлиги, бу эса ўз навбатида, Ўзбекистон иқтисодиётининг ривожланиш даражасига мутаносиб эмаслиги қайд этишган.

Бундан ташқари, солиқ юкининг йирик ва кичик корхоналар ўртасида тенг тақсимланмаганига, яъни кичик корхоналар томонидан солиқлар йирик корхоналарга нисбатан жуда ҳам кам миқдорда тўланишига алоҳида эътибор қаратилди. Бундай жараён кичик корхоналар бизнесини кенгайтириш ва умумбелгиланган тартибда солиқ тўлашга ўтиш учун рағбатлантирмаслиги айтилди.

Йирик корхоналардаги солиқ юкининг юқорилиги «адолатли бозор иқтисодиёти» тамойилларига зид равишда оборотдан (давлат мақсадли жамғармаларига оборотдан 3,2 фоиз миқдорда мажбурий ажратмалар) ундириладиган солиқлар мавжудлиги ҳамда мулк солиғи ставкасининг юқорилиги билан белгиланади. Солиқлар ва мажбурий тўловлар сонининг кўплигига ҳамда уларни бекор қилиш ёки бошқа солиқ турлари билан бирлаштириш юзасидан танқидий кўриб чиқилиши зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Экспертлар акциз солиғи турларининг кўплиги ва акцизости товарлар ставкалари уларни импорт қилишда ва ички ишлаб чиқаришда турлича экани Ўзбекистон Республикасининг Жаҳон савдо ташкилотига кириши учун жиддий тўсиқ, деб ҳисоблайдилар.

Халқаро валюта фонди мутахассислари ислоҳотларни жорий, ўрта муддатли ва узоқ муддатли ислоҳотларга ажратиш зарурлигини айтиб ўтдилар. Бунда, миссия раҳбари жаноб Хертен Михелсе таъкидлаганидек, солиқ тизими ислоҳотлари солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш, жумладан, солиққа тортиш объектлари ва солиққа тортиш базасини ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий қилинишини назарда тутувчи ислоҳотлар билан ўзаро боғлиқликда амалга оширилиши лозим.

Халқаро миссия амалга оширилган ўрганиш ва таҳлиллар асосида Ўзбекистон Республикаси солиқ тизимини такомиллаштириш бўйича тавсияларни ўзида мужассам қилган ҳисоботни 30 кун ичида тақдим этилади. Мазкур ҳисобот Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлининг интернет сайтига жойлаштирилади ва муҳокамалар учун очиқ бўлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг