Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ёзувчиларга мурожаат! Халқаро конференцияни шунчаки мажлисга айлантириб қўймайлик!

Ёзувчиларга мурожаат! Халқаро конференцияни шунчаки мажлисга айлантириб қўймайлик!

Фото: «Telegraph.co.uk»

Мамлакатимизда китобхонликни тарғиб қилиш, китоб чоп этиш ва тарқатиш, янги кутубхоналар қуриш борасида кенг кўламли ишлар жадал давом этмоқда. Китоб деганда энг аввало миллий адабиётимиз кўз олдимизга келади. Аммо адабиётимизни жаҳон миқёсида тарғиб қилиш, яхши асарларимизни дунё тилларига ўгириш юзасидан ҳали кўп иш қилишимиз лозимлиги сир эмас. Истеъдодли ёзувчиларимиз бор, улар яхши асарлар яратишмоқда. Бироқ бу асарлар хориж тугул ўзимизда ҳам тузукроқ ташвиқ этилмайди.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 февраль куни қабул қилинган «Мумтоз ва замонавий ўзбек адабиётини кенг тарғиб қилиш тўғрисида»ги фармойиши бу борадаги ишларимизни жадаллаштириши шубҳасиз. Унда жорий йилнинг август ойида «Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилишнинг долзарб масалалари» мавзусида халқаро конференция ўтказилиши белгиланган. Бу айни кўнглимиздаги иш бўлди.

Аммо ёзувчиларимиз, адабиётшуносларимиз орасида сусткашлик, худбинлик, тарафкашлик ва шунинг ортидан туғиладиган майдакашлик иллатлари ҳам йўқ эмас. Энг аввало ана шуларга барҳам беришимиз керак.

Фармойиш юзасидан ҳукумат миқёсида дастур ишлаб чиқиш зарур. Энг яхши мумтоз ва замонавий асарларни таржима қилиб, конференцияга тақдим этиш лозим. Бунда фақат унвонли адибларнинг эмас, жимгина ижод қилиб юрган яхши ижодкорларнинг битикларини ҳам унутмаслик жоиз. Энг муҳими, зўр истеъдод эгаларини, ким бўлишидан қатъи назар, конференцияга жалб этиш, чет эллик мутахассисларга самимий танитиш, чуқур таҳлилий маърузалар тайёрлаш керак. Ўзбекистон телевидениесининг «Маданият ва маърифат» каналида янги асарлар ва китобларнинг рекламасини йўлга қўйиш лозим. Нима бўлганда ҳам, яхши ният билан уюштирилаётган нуфузли анжуманни шунчаки мажлисга айлантириб қўймайлик!

Наби Жалолиддин,

Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг