Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Хавфсиз шаҳар» тизими: унинг самараси бизнинг ҳаётимизга ҳам кириб келмоқда

«Хавфсиз шаҳар» тизими: унинг самараси бизнинг ҳаётимизга ҳам кириб келмоқда

Фото: «Security»

Ўтаётган ҳар бир кунимиз янгилик, ўзгаришларга бой. Буни биргина технологиянинг ривожланиб, ҳар соҳада юксалиб бораётганидан ҳам кўрсак бўлади. Масалан, авваллари катта кўчага чиқиб, йўлнинг у бетидан бу бетига ўтиш учун ноқулайлик юзага келарди. Ахир светофорнинг қизил чироғи ёнганига қарамай, автоуловлар ҳаракатини тўхтатмасди, тўхтатганлари эса чорраҳанинг ўртасида ёки пиёдалар йўлакчасига бориб тўхтарди. Бу, албатта, йўловчига нисбатан ноқулайлик ва ўз ўрнида хавф ҳам туғдирарди.

Катта чорраҳаларга видеокузатув камералари ўрнатилгач, кўп масалалар ҳал бўлди: автомашиналар чизилган чизиқдан ўтмасдан тўхтайди, йўловчи эса белгиланган жойдан хотиржам ўта олади. Агар чорраҳада тирбандлик ҳосил бўлса, тизим орқали дарҳол йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимига хабар берилади. Демак, йўл ва ҳаракат хавфсизлиги доимо назоратда.

Энди бир тасаввур қилиб кўринг: бу каби технологияларни (видеокузатув камераларини) ҳар жабҳада қўлласак аҳолига қанча қулайликлар яратилган бўларди! Қандай қилиб дейсизми?

Мисол учун, сиз истиқомат қиладиган кўп қаватли уй ён-атрофига кимдир чиқинди ташлаб кетади ёки уйингиз ёнида турган автомашинангизни биров (ўғри) тўнамоқчи, кимнингдир уйи атрофида олов алангаси кўринди... Буларнинг барчаси кузатув камераси назоратида бўлади ва албатта, мутасадди (операторлар) бу ҳақда тегишли жойларга тезкор хабар беради.

Ҳаттоки уйингиз ёнидан бирон нотаниш (шубҳали) кимса ўтиб қолса ҳам, назоратда бўлади. Бу каби мисолларни ўнлаб, юзлаб келтириш мумкин. Эндиликда «Хавфсиз шаҳар» тизимининг Тошкент шаҳрида ягона аппарат дастурий комплекси иш бошлаган ва у юқорида мисол қилиб келтирилган, содир бўлиши мумкин бўлган воқеа-ҳодисаларнинг олдини олиш учун мўлжалланган. Тизим аҳоли тинчлиги ва осойишталиги учун хизмат қилади. «Хавфсиз шаҳар» лойиҳаси кўплаб ривожланган мамлакатларда синовдан ўтган бўлиб, ўз самарасини бермоқда. Энди унинг самараси бизнинг ҳаётимизга ҳам кириб келаётир.

Анвар Турапов, Ахборот хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлашга кўмаклашиш марказининг интернет-маданият бўлими бош мутахассиси

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг