Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Хусусий таълимга тайёрмизми?

Хусусий таълимга тайёрмизми?

Фото: «Zarnews.uz»

2016 йил баҳорида, Францияда ўқиб юрган кезларимда ватанга қайтгандан кейин таълим соҳасини ривожлантириш, уни янада юқори чўққиларга олиб чиқиш учун ўз ҳиссамни қўшишни мақсад қилиб қўйган эдим. Сабаби Франциядаги ўқишимиз айнан таълим соҳаси билан бевосита боғлиқ эди. Ҳатто бу борадаги кўнглимдаги гапларни мен билан бирга борган дўстимга айтганимда баъзан «сизга бунга йўл беришмайди, бир ўзингиз ҳеч нарса қила олмайсиз», деб ҳафсаламни пир қилиб ҳам турарди.

Юртимга қайтиб келганимдан кейин мен биринчи дуч келган муаммо иш топиш бўлди. Аммо ҳозир иш топиш муаммоларига вақт ажратиб ўтирмайман, бунинг ўзи бир тарих. Ана шундай иш излаб юрган кезларимда ҳам мени таълим тизимини ислоҳ қилишга ҳисса қўшиш истаги бир зумга бўлса-да тарк этмади. Шунда ўзимга-ўзим сўз бердим. Хусусий мактаб очаман ва ўзим истаган янгиликларни амалга ошираман, менга ҳеч ким халақит беролмайди деган тўхтамга келдим.

Аммо инсоннинг фикри вақт ўтиши, вазият ўзгариши билан ўзгариб борар экан. Ҳатто бугун бир фикр устида қаттиқ туриб олган бўлсангиз ҳам, эртага умуман тескарисини айтиб турар экансиз. Менда ҳам шундай бўлди. Хусусий мактаб очишни ўйлаб юрган одам тўсатдан хусусий мактабга қарши бўлиб турибман. Буни эса қуйидаги бир неча омилларда асослаб беришга ҳаракат қиламан:

— Хусусий мактабларнинг очилиши (аслида ҳозир ҳам бор, аммо кўзга кўринмайди) жамиятда шундоқ ҳам мавжуд бўлган иқтисодий табақаланишни кучайтириб юборади;

— Хусусий таълимга ҳаддан ортиқ эътибор берилиши ортидан умумий халқ таълимининг обрўси тушиб кетади;

— Жамиятда кадрлар борасида ҳам табақаланиш вужудга келади;

— Хусусий таълимда ҳамманинг ҳам таълим олишга қурби етмаслиги сабабидан юқори лавозимдаги кадрлар бир неча маълум тоифаларнинг қўлида тўпланиб қолади;

— Таълим тизими кимлар учундир бизнесга айланиб қолади;

— Яхши ойлик маош ортидан давлат мактабларидаги илғор ўқитувчилар хусусий мактабларга ўтиб кетади ва давлат мактабларида салоҳият жиҳатдан бир мунча паст даражадаги ўқитувчилар қолади, бу эса саводхонлик даражасининг тушишига сабаб бўлади ва ҳоказолар.

Айтамиз десак, яна сабаблар чиқавериши мумкин. Хусусий таълимнинг ҳам ўзига яраша ижобий томонлари ҳам бор. Буни рад этмаймиз. Масалан, таълим сифати ошади, яхши салоҳиятли кадрлар етишиб чиқади, хусусий таълимнинг фойдаларини кўпчилик яхши билади. Аммо, хусусий таълимда ҳамманинг ҳам ўқиш имконияти йўқлигини инобатга олган ҳолда, энг аввало, умумий давлат мактабларини ислоҳ қилиб, кейин хусусий таълимга йўл берилса маъқулроқ бўлар эди. Хўш, бугунги кунда таълим сифатини ошириш учун нима қилиш керак? Қандай қилсак биз бу соҳада ютуқларга эришишимиз мумкин бўлади? Бу борада қуйида бир неча тавсиялар келтириб ўтмоқчиман:

— Биринчи навбатда ўқитувчилар ойлик маошини камида икки баробар ошириш керак (бу иқтисодимизга қийинчилик туғдириши мумкин, аммо, таълимга сарфланган пул албатта ўзини оқлайди);

— Иккинчидан, ўқитувчини ҳар хил қўшимча ихтиёрий-мажбурий ишлардан озод қилиш, ҳаддан ташқари кўпайиб кетган ҳужжатлар тўпламини камайтириш керак;

— Ўқитувчининг ишлаган ёки ишламаганини унинг ёзган кунлик иш режаларига қараб эмас, балки бугунги кунда замонавий кузатув камералари орқали текшириш тажрибасини ишга солиш керак. Чунки кунлик иш режаси фақат хўжакўрсинга қилинадиган иш. Дарс учун бу ҳужжатнинг муҳимлиги айтилса-да, у фақатгина ойлик маош ёзиш учун асос бўлиб хизмат қилади. Шунинг учун ҳар бир синф хонаси кузатув камералари билан жиҳозланса, бундай конспектнинг кераги бўлмайди, унга кетган вақтда ўқитувчи дарс учун қўшимча материаллар билан ишлайди, вақтини унумли ишларга сарф этади;

— Тўртинчидан, синфлардаги ўқувчилар сонини кўпи билан 20 нафар қилиб белгилаш (бунга ҳам молияда ўтирганлар йўл қўймайди, аммо буларга ҳам ўша гап), бугунги синфларда 40 нафаргача ўқувчи бор, бу айниқса пойтахт мактабларида кўпроқ намоён бўлмоқда;

— Бешинчидан, ўқитувчиликни фақатгина олий педагогика билим юртини тугатганларга топшириш керак. Чунки, бугун хоҳлаган одам ўқитувчилик қиляпти, хоҳлаган одам пора бериб ишга киряпти мактабга, коллежга, олийгоҳга;

— Олтинчидан, ўқитувчиликка ишга олаётганда бир неча босқичли конкурслар тизимини жорий этиш зарур, синов муддатидан ўтолмаган кадрларни алмаштириш керак. Қийналиб ишга кирса, ишдан айрилиб қолмаслик учун курашади, ўз устида ишлайди;

— Мактаблар моддий-техник базасини ривожлантириш, ўқитувчиларга методик жиҳатдан эркинлик бериш ва ҳоказоларни санаб ўтиш мумкин.

Сўзим якунида шуни айтишни лозим топдимки, юқорида билдирилган фикрлар шахсий кузатувларим натижаси, бунда қандайдир ғараз, кимларнидир нишонга олиш мақсад қилинмаган. Мақсадим эса юртга оз бўлса-да манфаатим тегиши.

Жаҳонгир Остонов

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг