Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Хушнудбек Худойбердиев

Фақат ҳақиқатни, барча ҳақиқатни, ҳақиқатдан ўзга ҳеч нарсани…

Яна мажбурий аъзолик. Нималар бўляпти ўзи?!

Яна мажбурий аъзолик. Нималар бўляпти ўзи?!

Фото: «Eco.Uz»

4 апрель куни «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун имзоланибди, у бугун «Халқ сўзи»да эълон қилинди.

Мазкур қонун билан «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги Қонуннинг 25-моддаси қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилди:

«Фермер хўжаликларининг Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига аъзолиги мажбурийдир».

Яъни фермерлар энди Кенгашга мажбуран аъзо қилинадиган бўлди.

Ўзи тадбиркорларнинг Савдо-саноат палатасига мажбурий аъзолиги каммиди?! Нималар бўляпти ўзи, а?

Барака топгурлар, Фермерлар кенгаши нодавлат нотижорат ташкилоти ҳисобланади (Савдо-саноат палатаси ҳам). Нодавлат нотижорат ташкилотига Қонун билан (!) мажбуран аъзо қилиб бўлмайди, тушунсангизчи ахир, Худо хайрингизни берсин! 

Депутатлар қаерга қарашяпти, демоқчимисиз? Э, қўйинг, эсламайлик шуларни...

Шу жойида битта қизиқ фактни айтай. Ўтган йили октябрь ойида худди шу қонун лойиҳаси Олий Мажлисда муҳокама қилинган пайти қуйидагича хабар чиққан эди:

«Депутат Расул Кушербоев бу талаб юқори турувчи қонун ҳужжатларимизга зид бўлиб қолмайдими, деган ҳақли саволни ўртага ташлади.

Шу боис депутат кенгашга фермерларнинг аъзолигини ихтиёрийликка асослантириш мақсадга мувофиқ, деган таклифни илгари сурар экан, Конституциямизда нодавлат нотижорат ташкилотлар, уюшмалар, жамоат бирлашмаларига ихтиёрийликка асосланган аъзолик ҳуқуқини мажбуриятга айлантириб бўлмаслигини таъкидлади. Бу жамоат ташкилоти ҳисобланган ушбу Кенгашни давлат органи вазифасини бажарувчи ташкилотга айлантириб қўйишини қайд этди.

Шу боис, фермерларда Кенгашга аъзо бўлиш ё бўлмаслик ҳуқуқини қолдириш мақсадга мувофиқ, деган якдил фикрни билдирди».

Кўряпсизми, қонунларимизга зид бундай қонунларга қарши чиққан депутатлар ҳам бўлган, лекин бу каби фикрловчилар Парламентда жуда озчилик. Қолганлари қарсак чалишни дўндиришади лекин.

Расул Кушербаев юрист бўлмаса ҳам, лекин буни онгли равишда тушуниб, қаршилик қилибди. Хўш, Парламентимиздан ўрин эгаллаган юристларчи (улар орасида «каттаконлари» ҳам бор), улар қаршилик қилишмаганмикин?

Қонунларимиздан парчалар:

  1. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси

34-модда.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари касаба уюшмаларига, сиёсий партияларга ва бошқа жамоат бирлашмаларига уюшиш, оммавий ҳаракатларда иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар.

Бу ҳуқуқ, тушуняпсизларми, ҳуқуқ! Мажбурият эмас. Хоҳласа аъзо бўлади, хоҳламаса йўқ.

  1. «Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида»ги Қонун

1-модда. Жамоат бирлашмаси тушунчаси

Ўз ҳуқуқлари, эркинликларини ҳамда сиёсат, иқтисодиёт, ижтимоий ривожланиш, фан, маданият, экология ва ҳаётнинг бошқа соҳаларидаги қонуний манфаатларини биргаликда рўёбга чиқариш учун бирлашган фуқароларнинг хоҳиш-иродаларини эркин билдиришлари натижасида вужудга келган ихтиёрий тузилма жамоат бирлашмасидир.

Эркинлик ва ихтиёрийлик деган тушунчалар ҳақида ҳеч эшитганмисизлар?

  1. «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги Қонун

2-модда. Нодавлат нотижорат ташкилоти тушунчаси

Нодавлат нотижорат ташкилоти — жисмоний ва (ёки) юридик шахслар томонидан ихтиёрийлик асосида ташкил этилган, даромад (фойда) олишни ўз фаолиятининг асосий мақсади қилиб олмаган ҳамда олинган даромадларни (фойдани) ўз қатнашчилари (аъзолари) ўртасида тақсимламайдиган ўзини ўзи бошқариш ташкилотидир.

Қонунларимизга кўра, нодавлат нотижорат ташкилотлари фақат ва фақат ихтиёрийлик асосида тузилиши мумкин холос. Бошқача йўли йўқ, бўлмаган ҳам. Фақат Ўзбекистондагина истисно бўлиши мумкин.

No comment…

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг