Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Яна ўша ҚҚС. Чуқурроқ нафас олинг ва ваҳимага йўл берманг

Яна ўша ҚҚС. Чуқурроқ нафас олинг ва ваҳимага йўл берманг

Зафар Ҳошимов.

Фото: «imperiya.by»

Тадбиркор Зафар Ҳошимов аввалги мақоласида солиқ юки шаклланишини бир қути чой мисолида тушунтириб берган эди. Ўша мисолда маҳсулот нархи ўсган тақдирда ҳам бу ҚҚС туфайли содир бўлмаслиги кўрсатилганди. Мутахассис ушбу мавзуда навбатдаги мақоласини тақдим этди:

Ўша мақолага изоҳда кўпчилик муштарийларимиз «худди ўша маҳсулотларни маҳаллий бозорда ишлаб чиқарувчи кичик ҳажмли ишлаб чиқарувчи корхоналар нима қилсин унда?», қабилидаги саволлар билан асосли мурожаат қилишди.

Солиқ тизимида қабул қилинган ўзгаришлардан сўнг минглаб маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан фаолият юрита туриб, кундалик ҳаётимизда мунтазам равишда ушбу саволга тўқнаш келишимиз табиий. Яқинда ана шундай ишлаб чиқарувчилардан бири билан суҳбатлашдим.

Печенье ишлаб чиқарувчи қандолат цехининг хўжайини умум ўрнатилган солиқ тортиш тизимидан сўнг маҳсулотнинг корхонадан чиқариладиган нархини 20 фоизга оширишга мажбурлигини айтиб, таклиф билан келган экан. Улар билан биринчи йил ишлаб турганимиз йўқ ва ишлаб чиқариш ҳажми тармоғимиз билан бирга кенгайганидан хабарим бор. У жуда тўғри ва тартибли одам бўлгани учун нарх борасида манипуляция қилаяпти ёки шунчаки нархларини ошириб олиш имкониятини қўлдан бой бермоқчи эмас, деган фикрдан йироқ эдим. У эса, ўз навбатида, бозорда ёлғиз эмаслиги, шартнома тузмаган тақдиримизда ўзининг ишлаб чиқариш ҳажмида сезиларли йўқотишларга учрашини жуда яхши тушунади.

Мен у билан учрашдим, қўлимизга қоғоз ва қалам олиб нархларни бир-бир ҳисобга солиб, муҳокама қила бошладик. Суҳбатимиздан сизни ҳам баҳраманд этишни истайман:

— Демак, Бахтиёр (исм ўзгартирилди) ака, энди сиз ҚҚС тўлайман, деб уни маҳсулот нархига тўлиғича юклаб қўймоқчисиз, шундайми?

— Ҳа, акс ҳолда қандай қилиб ҳаражатни қоплайман?

— Яхши. Бунгача қанча миқдорда солиқ тўлаб келгансиз?

— Савдодан 5 фоиз.

Яъни биз сизга ўтказиб берган ҳар бир 100 сўм ҳисобингизга 95 сўм бўлиб тушган?

— Ҳа.

— Унда, Бахтиёр ака, ҚҚСдан сўнг ҳудди ўша тушум даражасида қоламан, десангиз, ушбу солиқни нархингизнинг 95 фоизига устама қилиб қўйиб ҳисоблашингиз лозим, 100га эмас. Бу эса аввалги нархга 20 фоиз эмас, 14 фоиз қўшиш дегани. Бу бошланишига. Давом этамиз. Масаллиқларнинг нархдаги таркиби ва уларнинг нархини билсам бўладими?

— Ҳа, маҳсулот турига қараб: 20-25 фоиз қозоқ уни, 17 фоиз  маҳаллий маргарин, 5 фоиз ўсимлик ёғи, 5 фоиз  шакар, 7 фоиз шоколад ва балки 3 фоиз турли хил хамиртурушлар, ҳажм берувчилар, зираворлар, қўшимчалар ҳиссасига тўғри келади.

Айтганча, қадоғи ҳам бор, тахминан 11 фоиз. Аммо қадоқ таъминотчиси ҚҚС билан бирга бўлсаям нархни оширмасдан етказиб бераман, деб ваъда қилди.

— Кўрдингизми, шакарни қўшмаганда ҳам (шакар имтиёзли равишда ҚҚСдан озод қилинган) тахминан 66 фоиз атрофида нархингизни ичида ҚҚСли маҳсулот ва масаллиқлар бор. Яъни тахминан 11 фоизини сиз ҚҚС тўлаган ҳолда ҳисобга олмоқдасиз. Энди, нархининг ичида қанча электр қуввати, газ ва сув борлигини айта оласизми?

— Ҳа, уларнинг нархи ошиб кетди. Аввал арзимас чақа эди, ҳозир эса шуларнинг ҳаммасига 3 фоиздан кўп кетяпти.

— Шундан келиб чиқяптики, у ерда яна 0,5 фоиздан кўпроқ ҚҚС бор. Сиз катта тезликда ҳисоб бўйича 11,5 фоиз қайтариб оласиз. Сиз 14 фоиз кўтармоқчи бўлган миқдордан 2,5 фоиз қолмоқда. Меҳнат солиғидан иқтисод қилиб қолаётганингизни ҳам ҳисобга олмасдан бу иқтисодни пайдо бўлган бошқа солиқларни сўндиришга йўналтирдингиз, дейлик. Демак, сиз ҚҚСдан ўтгандан сўнг бизга бўлган нархингизни роппа-роса 2,5 фоиз оширасиз ва биз бунга рози бўламиз.  

— Бунақа оддий эмасда, Зафар ака. Мен импортчилардан ҳаммасини тўғридан-тўғри олмайманку. Масалан, шоколад ва унни менга улгуржи савдогар олиб келади. Маргарин эса маҳаллий ишлаб чиқарувчиники.

— Мен маргарин ишлаб чиқарувчиси билан танишман. ҚҚС жорий этилиши билан нархлари ошади, деб ўйламайман. Бу импорт хом-ашё ҳисобига амалга ошириладиган паст маржинал ишлаб чиқариш.

Улардаги нарх таркибида 80 фоиздан кўпроғи аввалданоқ ҚҚСга эга бўлган импорт масаллиқларнинг нархи. Шундай экан, маргарин цехлари учун бу ҚҚС ҳатто фойдали бўлиши мумкин. Маҳаллий йирик ёғ-мой комбинатларининг маҳсулотлари эса шундоқ ҳам ҚҚСли бўлган. Ун ва шоколадга келсак, тўғридан-тўғри импортчиларга чиқасиз. Масалан, ўзимиз ҳам ун олиб келамиз ва улгуржи сотувчингиз буни қилмаса, биз бажонидил сизга нархини ўзгартирмай ҚҚС билан сотишимиз мумкин. Ишончим комилки, ҳатто ҚҚС билан ҳам бизнинг маҳсулот уникидан умуман қиммат бўлмайди. Ҳажмларингиз яхши, шунинг учун импортчи ва шоколад ишлаб чиқарувчилар билан ҳам тўғри алоқа ўрнатишингизга ишонаман. Уларнинг нархида доим ҚҚС бўлган.

Ана шу мулоқотдан кейин муайян ҳолатда Бахтиёр ака билан аввалги нархга 103 фоиз қўшиш бўйича келишиб олдик. Лекин энди ҚҚС билан бирга!

Бахтиёр ака рози бўлмаса нима қилган бўлар эдик?

Биринчидан, юқоридаги мисолда ишлаб чиқарувчи умуман зарар кўрмагани яққол кўриниб турибди. Мабодо у кўнмаганда ҳам ўрнини рақобатчилари бажонидил эгаллашар эди ва ўзларининг аҳамиятсиз йўқотишларини ҳам рақобатчисининг кетиши эвазига ортиғи билан чиқариб олишарди. Бозор шунақа, вакуумга чидамайди.

Унинг бизнинг пештахталаримиздаги печеньелари нархини ҳам солиқ юкимиз камайиши ҳисобига ушлаб қолишга эришдик.

Шунинг учун ҳам, ишончим комилки, вақти келиб ҚҚС билан боғлиқ савол ўз-ўзидан йўқолади. Бунинг учун фурсат зарур бўлса-да, нархларга ҳеч нима қилмайди.

Чуқурроқ нафас олинг ва ваҳимага йўл берманг.

Қуйида ушбу маҳсулотга доир ҳисоб-китобларимизни келтириб ўтаман:

Печенье 250 г.

2018 йилда:

  • Ишлаб чиқарувчидан олиш — 2955.00
  • Сотиш — 3390.00
  • ЯСТ 4% — 135,60
  • Корзинканинг фойдаси вали ~300 сўм.

2019 йилда:

  • Ишлаб чиқарувчидан олиш — 3044
  • Сотиш — 3390 (ўзгармади).
  • ҚҚС 565 сўм
  • Ҳисобга ҚҚС 507,4
  • Тўловга ҚҚС 57,66
  • Корзинканинг фойдаси вали ~290 сўм
Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг