Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Янги қарор лойиҳаси: Болаларни мактабга қабул қилишда давлат хизматлари қандай кўрсатилади?

Янги қарор лойиҳаси: Болаларни мактабга қабул қилишда давлат хизматлари қандай кўрсатилади?

Фото: «Xabar.uz»

Давлат хизматлари агентлиги томонидан Вазирлар Маҳкамасининг «Болаларни давлат умумтаълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди. Бу ҳақда Давлат хизматлари агентлигининг Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўлими «Xabar.uz»га маълум қилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 сентябрдаги «Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5538-сон Фармонида Давлат хизматлари агентлигига 2019 йил 1 январга қадар Болаларни давлат умумтаълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган.

Ишлаб чиқилган маъмурий регламент лойиҳасига асосан фуқаролар мазкур давлат хизматидан Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали фойдаланишлари мумкин.

Ўзи келган ҳолда мурожаат қилинган тақдирда Давлат хизматлари маркази ходими ариза берувчи номидан, ЯИДХП орқали мурожаат қилинган тақдирда эса ариза берувчи давлат хизматлари олиш учун сўровномани электрон тарзда мустақил равишда, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларининг расмий веб-сайтида жойлаштирилган маълумотдан фойдаланган ҳолда белгиланган шакл бўйича тўлдиради. Болани қариндошлари томонидан умумтаълим муассасасига йўлланма олиш фақат боланинг ота-онаси томонидан белгиланган тартибда берилган ишончнома асосида амалга оширилади.

Ўзи келган ҳолда мурожаат қилинган тақдирда Давлат хизматлари марказлари сўровнома тўлдирилган вақтдан бошлаб бир соат мобайнида уни тегишли умумтаълим муассасасига юборади.

ЯИДХП орқали мурожаат қилинган тақдирда сўровнома автоматик равишда умумтаълим муассасасига юборилади.

Умумтаълим муассасаси манзил-маълумот бюроларидан тегишли маълумотларни олгандан сўнг бир иш куни мобайнида QR-код (матрик штрихли код) қўйилган йўлланмани ёки асослантирилган рад жавобини расмийлаштиради ҳамда Давлат хизматлари марказига (ўзи келган ҳолда мурожаат қилинганда) ёки ариза берувчига (электрон тарзда мурожаат қилинганда) ЯИДХП орқали электрон тарзда юборади.

Ушбу қарорга асосан дастлаб болаларни умумтаълим муассасаларига қабул қилиш Тошкент шаҳридаги 81 та мактабда жорий этилади. Кейинчалик ушбу тизимни Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида жорий этиш кўзда тутилган.

Қарор лойиҳасининг тўлиқ матни билан Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида танишишингиз мумкин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг