Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Йилнинг энг фаол 14 ҳамшираси аниқланди

Йилнинг энг фаол 14 ҳамшираси аниқланди

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Пойтахтимизда «Ҳамшира-2018» республика кўрик-танловининг финал босқичи бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Соғлиқни сақлаш ходимлари Касаба уюшмаси республика кенгаши ва Ўзбекистон Ҳамширалар ассоциацияси ҳамкорликда ташкил этилди.Танловнинг финал босқичида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоят босқичларида ғолиб бўлган 14 нафар ҳамшира қизлар ўзаро беллашди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Бугунги кунда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимида уч юз минг нафардан кўпроқ ўрта тиббиёт ходимлари халқимизга тиббий хизмат кўрсатмоқда. Уларнинг фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ўрта тиббий ходимларни тайёрлаш,малакасини ошириш, ҳамширалар замон талабига мос фаолият юритиши учун қулай шароит яратиш доимий эътиборда. Бунинг учун, энг аввало, тиббиёт коллежларида ёшларга халқаро андозалар даражасида таълим бериш, жаҳон тиббиётини илғор ютуқларни чуқур ўргатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Ривожланган давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб олий маълумотли ҳамширалар тайёрлаш тизими йўлга қўйилгани аҳолига ҳамширалик ёрдамини сифатли кўрсатиш, бу йўналишда жаҳон тиббиётининг энг илғор услубларини амалиётга жорий этишда муҳим омил бўлмоқда. Бугунги кунгача Тошкент Тиббиёт Академияси ва тиббиёт институтларининг «Олий ҳамширалик иши» бўлимларида анестезиология ва реанимация, хирургия, акушерлик ва менежмент йўналишлари бўйичатўрт ярим минг нафар олий маълумотли бакалавр хамширалар тайёрланди, юз нафарга яқинҳамширалар магистр даражасига эга. Улар даволаш-профилактика муассасаларида бош, катта ва етакчи ҳамшира ҳамда тиббиёт институти ва коллежларида ўқитувчи сифатида фаолият юритмоқда.

Юртимиздаги бирламчи тиббий-санитария муассасаларида умумий амалиёт врачлари, тор соҳа мутахассислари билан бир қатордаюз минг нафардан кўпроқ патронаж ҳамширалар халқимизга тиббий ёрдам кўрсатмоқда. Уларга ўз зиммаларига юкланган вазифаларни самарали адо этишлари учун барча шароитлар яратилмоқда.

Тиббий патронаж хизматининг мақоми, мақсади ва вазифаси аниқ белгиланди. 2017 йил 13 сентябрда қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг «Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида тиббий хизматлар сифатини яхшилашга, ўтказилаётган профилактика тадбирларининг самарадорлиги учун масъулиятни оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилиниши соҳа ривожи учун яна бир имконият бўлди. Ушбу қарорга мувофиқ, бирламчи тиббий-санитария тизимида ишлаётган врачлар қаторида аҳолининг патронаж билан тўлиқ қамраб олиш, оналар, болалар ўлими, ногиронликнинг олдини олиш, касалликка чалиниш кўрсаткичларини пасайтиришга эришаётган патронаж ҳамширалар ҳам моддий рағбатлантириладиган бўлди.

Ҳамширалик иши кенг қамровли жараён бўлиб, тиббиётнинг бирор йўналишини бу мутахассис фаолиятисиз тасаввур этиб бўлмайди. Айниқса, шошилинч тиббий хизмат, реанимация, операция блокларида малакали ҳамширанинг билим, маҳорати, тажрибаси, ўз касбига садоқати беморни соғлом ҳаётга қайтаришда муҳим омил бўлади.Ана шундай шарафли ва масъулиятли касб соҳибаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш йўлида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳамширалик ишига замонавий технологияларни татбиқ этиш бўйича доимий семинар-тренинглар, маҳорат дарслари ташкил этилаётир. Соҳада орттирилган илғор тажрибаларни оммалаштириш мақсадида махсус кўрик-танловлар, давра суҳбатлари, мулоқотлар йўлга қўйилган.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

«Ҳамшира-2018» танлови ҳам шундай муҳим лойиҳалардан биридир. Ўтган йиллардан фарқли равишда бу йил танловни ўтказиш тартиби, баҳолаш мезонлари янада такомиллашди. Танловда асосий эътибор ҳамшираларнинг билими, интеллектуал ва касбий салоҳиятига қаратиладиган бўлди. Шунингдек, иштирокчиларнинг тиббиёт билан бирга мамлакатимиздаги сиёсий жараёнлар, соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларга дахлдорлик туйғуси, фаол фуқаролик позицияси баҳолашнинг муҳим мезонларидан этиб белгиланди.

Танловда Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон вилоят филиали Марказий қабулхона бўлими ҳамшираси Дилноза Холиқова биринчи ўрин совриндори бўлди. У ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.Зомин туман тиббиёт бирлашмаси Юқумли касалликлар бўлими ҳамшираси Ҳолида Юсупова иккинчи, Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона вилоят филиали Қабул диагностика бўлими ҳамшираси Марҳабо Абдукаримова учинчиўринга сазовор бўлди. Уларга ҳам танлов ташкилотчилари томонидан диплом ва қимматбаҳо совғалар тақдим этилди.

Анъанага мувофиқ, бу йил ҳам «Ҳамшира-2018» танловида биринчи, иккинчи, учинчи ўринни қўлга киритган ғолиблар тиббиёт олий ўқув юртларига имтиёзли асосда ўқишга қабул қилинади.

                                     Соғлиқни сақлаш вазирлиги

                                               ахборот хизмати.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг