Новости в нашем Телеграм канале Подписаться ×

Sanjar Mashriqiy

Xudodan so‘rab, bekor yotma! (arman xalq maqoli)

«Яраланган шер» яна президент бўлмоқчи

«Яраланган шер» яна президент бўлмоқчи

Фото:«The Atlantic»

Қўшма Штатларнинг сайлов институти ўта кескинлиги билан ном қозонган. Иккитагина партия ўртасидаги шиддатли рақобат наинки Америка, балки дунё сиёсатига таъсир этиш қувватига эга. Жорий йилда ўтадиган президент сайлови учун демократлар ва республикачилар ўртасида кучли мунозара аллақачон бошланган.  Демократлар  амалдаги президент Трампнинг импичментига эриша олмади.

Импичментга чап берган Трампнинг сиёсий мавқеи янада кучайгани бор гап. Аммо баъзи экспертларнинг назарида,  демократлар ҳам ютқазишгани йўқ.

Масалан, Конгресс қуйи палатаси спикери Ненси Пелоси Трампнинг асосий танқидчисига айлангани демократларнинг ютуқларидан бири. Пелоси Трампнинг Конгрессга мурожаат матнини намойишкорона йиртиб ташлади. Ўтган ойда эса Трампга «абадий қамоқ жазоси» берилсагина «Америка демократияси» сақлаб қолинади, деганди.

Пелоси Трампнинг Конгрессга мурожаат матнини намойишкорона йиртмоқда. 

Республикачилар ҳам анойи эмас. Сенат раҳбари Митч Макконелл бекорга мақтанаётгани йўқ: «Импичмент олдингига қараганда республикачиларнинг имконияти яхшироқ ҳолатга олиб келди».

Сирасини айтганда, Трампнинг ишини демократларнинг ўзи енгиллаштириб беришди. Вакиллар палатасидаги 75 нафардан ортиқ демократлар узоқ вақт давомида импичментни қўллаб-қувватлашди. Спикер  Пелоси   ҳам жим ўтиргани йўқ. Шундай бўлса-да, натижа  ҳеч бир демократни қониқтирмади.

«Gallup» сиёсий таҳлил ва маслаҳат компанияси ўтказган сўнгги сўров Трампнинг рейтинги(49 фоиз)  юқори эканлигини тасдиқлади. «FiveThirtyEight» блогида ҳам 43,5 фоиз аҳоли Трамп фаолиятидан мамнун экани айтилади. Бу президент учун паст кўрсаткич бўлса-да, аммо сўнгги уч йил ичида Трампга «қорбобо ҳам бундай совға бера олмаган эди».

Брандеис университети профессори Роберт Каттнерга кўра: «Демократлар қилиши керак бўлган ишни бажарди. Импичмент сўровида гарчи Трамп ютиб чиққан бўлса-да, бу жорий йилги сайловларда ҳаммаси у учун ижобий тугашини кафолатламайди».

Кўплаб демократлар импичментдаги ғалаба Трампни оқламаслиги, айниқса унинг ташқи сиёсатда йўл қўйган қўпол хатоларини кечириб юбормаслик кераклигини айтишмоқда. «Биз уни оқлашини билардик, бироқ бирор ишнинг мураккаблиги уни қилмаслик керак, дегани эмас. Демократлар — қонун устуворлиги тарафдори. Ҳеч ким қонундан устун бўлолмайди. Энг муҳими, импичмент натижаси «Республикачи сенаторлар учун партия муҳимми ёки мамлакат тақдирими?» деган саволга жавоб топиб берди», деди Демократияни Ўқитиш Миллий Қўмитаси (National Democratic Training Committee) директори Келли Дитрих.

Хуллас, «Трампнинг оқланиши 2020 йилги сайловларда демократлар учун қийинчиликларни келтириб чиқармайдими?» деган саволлар сиёсат оламини ўйга толдирмоқда. Турли қарашлар ва тахминлар бор. Нима бўлганда ҳам импичментга эриша олмаган демократлар навбатдаги сайловларда қийналишлари аниқ.

 Трамп  – «яраланган шер» эса яна бир муддат АҚШга президент бўлмоқчи.

Комментарии 0

Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии

Вход

Заходите через социальные сети