Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Аброр Зоҳидов

Келажакка умид қилиш яхши, аммо айни дам ҳам гўзал эканлигига шукр қилиш унданда яхши.

Абадий тортишув: ўлим жазоси керакми?

Абадий тортишув: ўлим жазоси керакми?

Ўзбекистон 2008 йилнинг 1 январидан ўлим жазосини бекор қилган ва бундай қадам қўйган дунёдаги 135-давлат бўлган.

Фото: «pahavanne.by»

  • Фарғонада 5 яшар қизалоқнинг жасади топилди. Бу жиноят тафсилотлари ва суратлар яшин тезлигида ижтимоий тармоқларни айланиб чиқди. Кейинчалик уни ваҳшийларча ўлдирган разил кимса ҳам қўлга олинди. Ҳозир тергов ишлари олиб борилмоқда, қотилга қандай жазо берилиши номаълум...
  • Бўз туманида алимент тўламаслик учунгина ўзининг уч яшар қизини пичоқлаб ташлаган ота қўлга олинди...
  • Янгиерда бир оилани хонадонга қамаб ёқиб юборган аёл ушланди...

Ҳар қанча олди олинмасин, жиноятлар содир бўлмоқда, жиноятчилар қўлга олинмоқда ва суд ҳукмига топширилмоқда. Хўш, юқоридаги каби ҳолатларда қотилларга қандай жазо берилиши керак деб ўйлайсиз? Нима деб жавоб берганингизни англаб турибмиз. Лекин жавоб беришга шошилманг, мақолани охиригача ўқиб чиқинг.

Нега кўпчилик фикри инобатга олинмайди?

Халқ ҳокимияти, ҳуқуқий тизим ўрнатилган деярли барча давлатларда муҳим қарорлар қабул қилинишидан аввал референдумлар ўтказилади, ижтимоий фикр ўрганилади, фуқароларнинг муносабати таҳлил қилинади. Лекин шундай саволлар борки, уларни омма эътиборига ҳавола қилиб бўлмайди. Масалан, «Маошлар оширилиши керакми?», «Солиқлар камайтирилиши лозим деб ўйлайсизми?» деган саволларни ўртага ташлашдан мантиқ йўқ. Чунки жавоб тайин, гарчи кўпчиликнинг бу борадаги фикри бир жойдан чиқса-да, барибир ҳукумат имкониятига кўра ва вазиятдан келиб чиқиб иш кўради.

Ана шундай, ижтимоий фикр ўрганилганда сўралмайдиган саволлардан, референдумда кун тартибига қўйилмайдиган масалалардан бири «Ўлим жазосини ёқлайсизми ёки оғир жиноят қилганлар олий жазо сифатида қатл этилиши тарафдоримисиз?» деган саволдир. Чунки аксарият одамлар мудҳиш жиноят қилганлар ўлим жазосига ҳукм қилинишини ёқлаб чиқишлари аниқ. Шундай бўлса-да, кўплаб давлатларда, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам олий жазо сифатида ўлим жазоси умрбод ёки узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилган. Умуман олганда ўлим жазоси инсоният абадий тортишиб ўтадиган, аниқ тўхтамга келиш қийин бўлган баҳслардан биридир.

Бу қандай жазо ўзи?

Ўлим жазоси — қонун томонидан йўл қўйиладиган олий жазо тури бўлиб, оғир жиноятлари учун инсоннинг қатл этилиши ҳисобланади. Ўлим жазоси ижро этилаётган вақтда давлат томонидан белгиланган вакиллар иштирок этиши ва айнан улар қатлни амалга оширишлари шарт, акс ҳолда бу жараён қотиллик дея баҳоланади. 2015 йилга келиб БМТга аъзо бўлган 193 давлатдан 169 тасида ўлим жазоси қўлланилмайди. Лекин инсоният борки, бу жазо ҳам мавжуд. Бутун дунё ҳуқуқшунослари бир бўлиб бу жазога қарши чиққанида ҳам унинг йўқолиб кетишига ишониш қийин.

Йилдан-йилга камайиб бораётган бўлса-да, ҳануз кўпчилик давлатларда ўлим жазоси мунтазам қўлланиб келинади. Бу давлатлар қаторида ўзининг ҳуқуқий тизими билан барчага ўрнак бўлишга ҳаракат қиладиган АҚШ ҳам бор. Европада эса аксинча, деярли барча давлатлар жазонинг бу туридан воз кечган. Лекин тарих нуқтаи назаридан бу жазони энг кўп қўллаган ва такомиллаштириб, ўзига хос санъат даражасига олиб чиққанлар ҳам айнан Кўҳна қитъа давлатларидир.

Камдан-кам тарихий фильмлар ўлим жазоси саҳнасисиз кечади. Албатта кўргансиз, баланд саҳн кўринишида тикланган қурилма (эшафот), унга ўрнатилган дор, бир четда турган кунда, ниқоб кийган жаллод ва чўккалаб турган қўли боғлиқ маҳкум. Пастда эса сон-саноқсиз оломон...

Бу анчайин инсонпарвар саҳна кўринишидир. Фильм ижодкорлари ҳам томошабинда нохуш ҳислар уйғотмаслик учун кўпроқ шу кўринишдан фойдаланадилар. Лекин у даврларда ўлим жазосининг усуллари шу қадар кўп бўлганки, уларнинг номини эшитибоқ кишининг эти жунжикади. Маҳкумлар дорга осилган, ўтда ёқилган, парчалаб ташланган, бошлари олинган, паст оловда қайнатилган, тошбўрон қилинган, тириклай кўмилган, йиртқич ҳайвонларга ем қилинган, қозиққа ўтқазилган... Булар ҳам ҳаммаси эмас, маҳкумнинг айбига кўра янаям шафқатсиз усуллар ўйлаб топилган ёки унинг жони узилгунга қадар бир неча усуллар қўлланган. 

У даврларнинг ўзига хослиги шундаки, бизнинг наздимизда оғир жиноят дея баҳоланадиган қотиллик, давлатга хиёнат қилиш каби қилмишлар учунгина эмас, аксилдиний қарашлар, ғалаён қилиш, ўғирлик, турмуш ўртоғига хиёнат, ҳарбий хизматдан қочиш, шоҳни ёки тузумни ёмонлаш, фоҳишалик ва ҳатто арзимаган ҳазиллар учун ҳам ўлимга маҳкум қилиниб, ҳукм ҳам дарҳол ижро этилган.

Маҳкум шаҳарларнинг марказларида, бозорларда, умуман одамлар гавжум жойларда, кўпинча минг-минглаб одамлар кўз ўнгида қатл қилинган. Қатл жараёни оммавий йиғинларга, халқ тантанасига айланиб кетган. Телевизор, газета каби оммавий ахборот воситалари йўқ даврларда бу оломон учун ўзига хос томоша бўлиш билан бирга бошқаларга ўрнак бўладиган жуда кучли тарғибот вазифасини ўтаган.

Ҳозирда қаерларда қўлланилади?

Замонамизда бу жазо қуйидаги кўринишларда мавжуд:

  • бекор қилинган;
  • оддий суд амалиётида бекор қилинган, лекин махсус суд амалиётида (масалан уруш ҳолатида) қўлланиши мумкин;
  • қонуний бекор қилинмаган бўлса-да, қўлланилмайди;
  • олий жазо сифатида қўлланади.

Ҳозир ўлим жазоси белгиланганидан сўнг ҳукм ижро қилингунга қадар ҳам кўп йиллар ўтиб кетади ва кўпинча маҳкумлар табиий равишда вафот этишади. Ўша вақт мобайнида маҳкумга апелляция бериш имконияти берилади ва суд жараёни бир неча марта қайталаниши мумкин.

Масалан, АҚШнинг Жоржия штатида яшовчи Жек Олдермен хотинини ўлдиргани учун 1975 йилнинг 14 июнида ўлим жазосига ҳукм қилинган, лекин орадан 33 йил ўтибгина, 2008 йилнинг 16 сентябрида қатл этилган. 2016 йилнинг якуний маълумотларига кўра дунё бўйлаб 22500 нафардан ортиқ одам ўлим жазосини кутиб яшамоқда ва ҳар йили уларнинг 1000-1500 нафари қатл қилинади.

Кўпчилик давлатлар амалиётида давлат раҳбарлари (президент, қирол, бош вазир) томонидан ўлимга маҳкум этилган инсон авф этилиши мумкин.

Ҳукмни ижро этиш воситалари ҳам асрлар оша такомиллаштириб келинган. Ҳозир ривожланган ва бу жазо бекор қилинмаган давлатларда кўпроқ тўппончадан отиш, газ камераси, электр стуллар, ўлим инъекцияси қўлланади. Аксарият давлатларда бу жазо қамоқхоналарда ва махсус белгиланган жойларда ижро этилса, Эрон, Саудия Арабистони каби давлатларда ҳозир ҳам бу жазо кўпинча омма олдида амалга оширилади. Маҳкумлар дорга осилади, халойиқ томонидан тошбўрон қилинади. Саудия Арабистонида кўпинча жаллод маҳкумни чўккалатиб қўйиб, қатл олдидан қилич билан ўлим рақсини ижро этади. Эронда бу жазога айниқса эътибор берилади. Халқ яхши томоша қилиши учун дорлар автокранларга баланд қилиб тикилади ва ҳатто тошбўронда маҳкумнинг жони тез узилмаслиги учун оломонга ўртача катталикдаги тошлар отиш тавсия қилинади. Ироқ ва Афғонистоннинг айрим ҳудудларида осиш усули кўп қўлланади. Ўз даврида бу давлатларнинг раҳбарлари бўлган Саддам Ҳусайн, Нажибулло каби арбоблар ҳам дорга осилган.

Сўнгги маълумотларига кўра қуйидаги давлатларда ўлим жазоси энг кўп қўлланган: 1. Хитой; 2. Эрон; 3. Саудия Арабистони; 4. АҚШ; 5. Покистон.

Ўлим жазоси Англияда 1969 йилдан, Францияда 1981 йилдан, ГФРда 1949 йилдан, Испанияда 1975 йилдан, Россияда 1996 йилдан буён қўлланмайди. Португалия 1867 йилда Европада биринчи бўлиб ўлим жазосини бекор қилган. Кўҳна қитъада бу жазони ҳануз қўллаб келаётган охирги давлат Беларусдир. Ўзбекистон 2008 йилнинг 1 январидан ўлим жазосини бекор қилган ва бундай қадам қўйган дунёдаги 135-давлат бўлган.

АҚШнинг ўзига хос тарихи

АҚШда ўлим жазоси ўзига хос тарихга эга. Ҳатто XX асрга қадар ҳам кўпчилик ҳудудларда шерифлар жиноятчи деб ҳисоблаган одамларини якка ўзлари ўлимга маҳкум қилиб, шу ондаёқ жазони ижро этаверганлар. Ҳозир ҳам турли штатлар қонунларига кўра беш хил усул — осиш, отув, электр стули, газ камераси, ўлим инъекцияси қўлланиши мумкин. Қатл олдидан маҳкумга охирги тамадди имконияти берилади ва у хоҳлаган таомлар тақдим этилади. Шунингдек, сўнгги сўзлар ҳам тингланади. Ижрони адвокат, руҳоний билан бирга маҳкумнинг ва у ўлдирган кишиларнинг қариндош-уруғлари кузатиб туришлари мумкин. Бемаъниликдай туюлар, лекин қатл этилувчи албатта соғлом бўлиши шарт. Бетоб бўлса, шифохонада даволанади ва соғайганидан кейингина ҳукм ижро қилинади.

2010 йилга қадар олиб борилган статистикага кўра 2009 йилда АҚШда турли усуллар билан 106 киши қатл этилган. Бу ўлим жазоси қайта қўллана бошланган 1976 йилдан буён энг паст кўрсаткичдир. 1994 йилда энг кўп – 328 марта жазо ижро этилган.

Осиё услуби

Ўлим жазоси ҳозирги кунга қадар Япония, Сингапур, Малайзия, Шимолий Корея каби давлатларда ҳам қўлланади.

Хитойда ўлим жазоси нафақат қотиллик, балки иқтисодий жиноятлар учун ҳам қўлланади ва отув усулида амалга оширилади. Кўпинча маҳкумлар янги йил олдидан йирик майдонларда, омма олдида қатл этилади. Ҳукм ижро этилганидан сўнг маҳкумнинг қариндошларидан ўқ учун тахминан 9 юан ундириб олинади. Агар қариндошлар пулни тўлашдан ёки маҳкумдан воз кечса, қатл этилувчи ўқ пулини тўлаши ёки шунга яраша ишлаб бериши лозим.

Энди ўйлаб кўрайлик...

Мақоламиз бошида ўлим жазоси қўлланиши якуни йўқ баҳслардан бири дедик. Ўлим жазоси тарафдорлари мудҳиш жиноятга қўл урганларнинг бу дунёда яшашга ҳаққи йўқ деб ҳисоблайдилар. Россияда бир аёл фарзандининг қотили умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинганида: «Мен бир солиқ тўловчи сифатида ўз фарзандимнинг қотилини бутун умр боқиб ўтаманми?», — дея эътироз билдирган.

Бу жазога қаршилар инсон бошқа бир инсоннинг ҳаётига нуқта қўйишга ҳаққи йўқ, акс ҳолда бизнинг ўша қотиллардан фарқимиз қолмайди, деган фикрни илгари суришади. Шунингдек қатл жазо эмас, қасосдир, қасос эса фақат ҳақдандур, дея бонг уришади. Яна хато туфайли ноҳақдан ҳукм қилинганларда ҳеч қандай имконият қолмаслигини ҳам бу жазо ўринсизлигига сабаб сифатида кўрсатишади. Яъни айбсиз одам хато ҳукм ортидан қатл қилиб юборилиши туфайли давлатнинг обрўсига қаттиқ путур етади. Айни шу сабаб ўлим жазосини бекор қилишдаги кучли омиллардан биридир. Бунинг исботи бўлган мана бу фактга эътибор беринг:

53 қотиллиги исботланган ва асосан болаларнинг жонига қасд қилган Андрей Чикатило қўлга олингунга қадар тўққиз (!) нафар бегуноҳ инсон унинг жиноятларида айбланиб,  суд ҳукми билан отиб ташланган...

Азиз муштарий! Ўлим жазоси тўғрисида сизнинг фикрингиз қандай? Бу ҳақда изоҳ қолдиринг!

 

 

Изоҳлар 7

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг