Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

АКТ вазирлиги электрон тижорат соҳасида махсус ваколатли давлат органи этиб белгиланди

АКТ вазирлиги электрон тижорат соҳасида махсус ваколатли давлат органи этиб белгиланди

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги

Фото: «Gazeta.uz»

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги фармони қабул қилинди.

Унга кўра, тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини текширишга икки йил муддатга мораторий эълон қилинди. 

Дастурга кўра, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан Бош прокуратура билан ҳамкорликда назорат қилувчи органлар томонидан ўтказилган текширишлар, мониторинг ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятида аниқланган ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш бўйича кўрилган чоралар ҳақидаги зарур ахборотларни доимий киритиб боришни назарда тутувчи махсус электрон ахборот тизимини ишлаб чиқади. 

Давлат хизматлари кўрсатиш тизимини мақбуллаштириш мақсадида, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамкорлар билан биргаликда электрон навбат ва давлат хизматини кўрсатишнинг боришини масофадан видеокузатиш тизимларини жорий этиш, олис аҳоли пунктларида мобил давлат хизматлари марказларини ташкил қилиш, шунингдек, мобил алоқа воситалари орқали давлат хизматлари кўрсатилиши юзасидан вазифаларни амалга оширади. 

Шунингдек, фармонга кўра Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги электрон тижорат соҳасида махсус ваколатли давлат органи этиб белгиланди. Бунга қадар Иқтисодиёт вазирлиги ушбу йўналишни ривожлантиришга масъул эди.

Ҳужжатнинг яна бир аҳамиятли жиҳати: 

- юқори технологияли тадбиркорлик лойиҳалари-стартапларни биргаликда молиялаштириш учун ташкил қилинадиган венчур фондлар; 

- венчур фондлардан биргаликда молиялаштириладиган юқори технологияли лойиҳалар-стартаплар; 

- илмий-тадқиқот муассасалари, инновацион марказлар, лойиҳа-конструкторлик бюролари ўзларининг янги технологияларини тадбиркорларга сотишдан (фойдаланишга беришдан) олинган даромадлар бўйича; 

- янги технологияларни маҳаллий тадбиркорликка трансфер қилувчи ташкилотлар бу фаолиятдан олинган даромадлари бўйича 2023 йил 1 январга қадар ягона ижтимоий тўловдан ташқари, барча турдаги солиқ ва мажбурий тўловлар тўлашдан озод қилиндилар. 

Бу эса инновацион ғоя ва ташаббусларни амалга ошириш, стартапларни лойиҳалаштиришда хорижий сармоядорларни жалб қилишда муҳим аҳамият касб этади.

Аҳолини телекоммуникация хизматлари билан тўлиқ қамраб олиш учун чекка ҳудудларда 2000 километр оптик толали алоқа линиялари тортиш, интернет тезлигини бир неча баробар ошириш ва 4 мингдан зиёд мобил алоқа таянч станцияларини ишга тушириш кўзда тутилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг