Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

АҚШ Президентидан Шавкат Мирзиёевга мактуб келди

АҚШ Президентидан Шавкат Мирзиёевга мактуб келди

Фото: «President.uz»

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трампдан жорий йил 26-27 март кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Афғонистон бўйича халқаро конференцияга оид мактуб келди.

АҚШ Президенти Ўзбекистон Президентининг Тошкентда бўлиб ўтадиган Афғонистон бўйича халқаро конференция таърифи баён этилган мактубини олганидан мамнун бўлганини қайд этди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Мактубда АҚШнинг Жанубий Осиёдаги стратегияси минтақа мамлакатларини Афғонистондаги низони тартибга солиш ва вазиятни барқарорлаштириш учун бирдек масъулият ҳис қилишга ундаши таъкидланган.

Дональд Трамп Ўзбекистон Президентининг минтақавий ёндашувга доир ташаббусини қўллаб-қувватлаши, бу эса ўз навбатида вазиятни тинч музокаралар йўли билан ҳал қилиш учун шароит яратиши, иқтисодиёт, жумладан, Афғонистон билан савдо алоқаларини ривожлантиришини қайд этди.

Шунингдек, мактубда бундай дейилган:

«Минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларингиз катта муваффақиятлар келтирди. Ўтган йили ноябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтган конференция бутун Марказий Осиё бўйлаб истиқболли ҳамкорлик муҳитини яратди, декабрь ойидаги Президент Ашраф Ғани билан учрашувингиз эса мустаҳкам ҳамкорлик ва тараққиётга замин ҳозирлаб берди.

Сизнинг Афғонистон бўйича халқаро конференция ўтказишга доир ташаббусингизни тўлиқ қўллаб-қувватлайман, шундай экан, ушбу формат афғонистонликлар бошчилик қилаётган Кобул жараёни билан мувофиқлаштирилишини таъминлаш учун биз ҳамкорликда астойдил ишлашимиз зарур. Оқ уй маъмурияти Тошкентдаги конференцияда иштирок этувчи АҚШ делегацияси таркибини кўриб чиқмоқда.

Самимий ва илиқ сўзларингиз, шунингдек, Афғонистондаги биргаликдаги саъй-ҳаракатларга қўшаётган улкан ҳиссангиз учун миннатдорлик изҳор этишга ижозат бергайсиз. Ўзбекистон халқига саломим ва эзгу тилакларимни етказишингизни сўрайман.

Яқин орада Сиз билан учрашишни интизорлик билан кутиб қоламан.

Эҳтиром билан,

Дональд Трамп,

Америка Қўшма Штатлари Президенти»

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг