Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Brexit» ва Грециядаги иқтисодий танглик. Бельгия элчиси Тошкентдаги учрашувда нималар ҳақида гапирди?

«Brexit» ва Грециядаги иқтисодий танглик. Бельгия элчиси Тошкентдаги учрашувда нималар ҳақида гапирди?

Фото:Тошкент давлат шарқшунослик институти

28 ноябрь куни Тошкент давлат шарқшунослик институтига қароргоҳи Москва шаҳрида жойлашган Бельгиянинг Ўзбекистондаги элчиси Режибо Жан-Артур бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. Бу ҳақда университет матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда Бельгиянинг Ўзбекистондаги элчиси Режибо Жан-Артур «Европа интеграцияси нима? Белгиядан назар» мавзусида маъруза ўқиди.

Режибо Жан-Артур Европа Иттифоқини юзага келишининг тарихий асослари ва омиллари, Европа қитъасидаги интеграция жараёнларининг ўзига хос хусусиятлари, Европа Иттифоқининг интеграцион бирлашма сифатида жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни ҳамда Европа Иттифоқи доирасида ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан маъруза қилди. Хусусан «Бельгия ҳам Европа Иттифоқига асос солган мамлакатлардан бири бўлиб, Европа Иттифоқини ташкил этишдан кўзланган бош мақсадимиз минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлашдан иборат эди. Биз бунга эришдик ва бу бизнинг катта ютуғимиздир. Европа Иттифоқи доирасида 4 та эркинлик – товарлар, хизматлар, капитал ва инсонларнинг эркин ҳаракатини таъминлаш бизнинг интеграциямизнинг бош мазмунини ташкил этади» деб таъкидлади.

Фото:Тошкент давлат шарқшунослик институти

Шу билан бирга элчи жаноблари ўз нутқида Европа Иттифоқи олдида турган бир нечта муҳим масалалар ҳақида тўхталиб, миграция сиёсати ва ташқи миграция масалалари, евроскиптизм, иттифоқ доирасида аҳоли даромадлари ўртасидаги тафовутнинг сақланиб қолаётгани, Грециядаги иқтисодий муаммолар, бирлашманинг келажакдаги қиёфаси хусусидаги турли хил қарашлар мавжудлиги ҳақида ҳам гапириб ўтди. Бугунги кунда дунё ҳамжамияти эътиборида бўлиб турган «Brexit» масаласига ҳам тўхталиб, «Биз Буюк Британия фуқароларининг танловини ҳурмат қиламиз. «Brexit»нинг вужудга келиши Иттифоқ доирасида баъзи муаммоларнинг мавжудлигидан дарак беради ва биз бу муаммоларни албатта кўриб чиқамиз. Ҳозирда эса Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқишининг ўтиш даврига мўлжалланган дастури ишлаб чиқилган бўлиб, жараён осон кечмаслигини айтиб ўтишим мумкин» деб фикр билдирди.

Учрашув ТДШИ талабаларида Европа Иттифоқидаги интеграция жараёнлари ҳақида яна кўпроқ маълумотлар олиш учун имконият яратди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг