Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Биринчи Президентнинг собиқ матбуот котиби: «Ясама рақам ва ҳисоботлар билан ялтиллатилган иқтисодиётнинг секин-аста емирилиб бориши сир эмасди»

Биринчи Президентнинг собиқ матбуот котиби: «Ясама рақам ва ҳисоботлар билан ялтиллатилган иқтисодиётнинг секин-аста емирилиб бориши сир эмасди»

Азамат Зиё Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ЎзМТДП фракцияси йиғилишида

Фото: «Миллий тикланиш» газетаси

Ўзбекистон Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати, тарих фанлари доктори, профессор Азамат Зиё ўзининг «Фейсбук»даги саҳифасида Президент Шавкат Мирзиёевнинг парламентга мурожаатномасига муносабат билдирди. «Xabar.uz» ахборот-таҳлилий портали муаллиф рухсати билан унинг мақоласидан айрим иқтибослар келтирмоқда.

Ўз вақтида Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг матбуот котиби сифатида фаолият кўрсатган депутат  мақоласида мустақиллик йилларида йўл қўйилган хатоларни танқид қилди:

«Ўзбек давлатчилиги тарихини ўрганиб келаётган мутахассис сифатида айтар сўзимиз: хоҳ сиёсат, хоҳ илму маданият бўлсин, ўтмишда буюк арбобларимиз, алломаларимиз, тенгсиз кашфиёт, ютуқларимиз шунчалар кўп бўлганки, бу борада унча-мунча миллат биз билан тенглашолмайди! Лекин бугун қани улар, қани? Амир Темур барпо этган улуғ ва илғор салтанат қани? Темурийлар уйғониш даври қаерда қолди? Математика, астрономия, оптика, минералогия, тиббиёт, кимё, адабиёт, санъат, шаҳарсозлик ва яна қанча йўналишларда оламни олам қилган марраларлар қайда қолди? Бари ортда қолди, эсдаликка айланди.

Нега шундай бўлди? Тасодиф ва тақдирга ишониб яшаганимиз учун шундай бўлди. Даҳоларни кутиб, келганида уларга сажда қилиб яшаганимиз учун шундай бўлди. Арбобларимиз ўз элини умид ва қўрқувда тутгани учун, халқни оломон, пода, ўзини эса яратганнинг ердаги сояси, деб билганлари учун шундай бўлди. Фуқароларининг кўзини очмаганлари, ғафлат уйқусидан уйғотмаганлари (балки бундан манфаатдор бўлганлари), «майдалаб ют» қоидасини ўз жамиятларига нисбатан қўллаганлари, дунё пешқадамлари билан ҳамнафас ва ҳамфикр бўлолмаганлари, «одамлар эртага эмас, бугун яхши яшашни исташи»дек оддий ҳақиқатни тан олишни истамаганлари учун шундай бўлди.

Энг муҳими ва ачинарлиси, қўрқоқни ботир, ялқовни ғайратли, билимлини ақлли, ночорни ижодкор, умумлаштирганда эса одамни шахс, оломонни миллат этувчи улкан куч – ҳар бир банданинг ички «мен»и топталгани учун шундай бўлди. Оқибатда қаҳрамон шоиру деҳқони, серунвон олиму уламосидан тортиб оддий (?) фуқаросигача бирдек бандалигича қолаверди. Негаки, бўйнидан боғланган жонивор овга ярамаганидек, табиий, ақлий қудрати нечоғлик улкан бўлмасин, «мен»и кишанланган инсон ва жамият ҳам улуғ ишлар у ёқда турсин, ҳатто ўз аравасини тортишни эплай олмайди!»

Азамат Зиё, шунингдек, «иқтисодий сиёсатда нореал рақамлар ортидан қувиш, амалга ошмайдиган хомхаёлларни ҳақиқат сифатида тақдим этишдек номаъқул иш услуби танқидий қайта кўриб чиқилгани»га алоҳида эътибор қаратган:

«Иқтисодиёт ҳар қандай жамиятнинг асоси, бошқа йўналиш ва омиллар унга таяниши, унга боғлиқлигидан келиб чиқилса, мазкур ўзгаришнинг ҳаётимизнинг турли соҳаларига нақадар амалий таъсир ўтказишини олдиндан чамалаш қийинмас. Ҳатто, биз танқидий баҳолайдиган хонликлар замонида ҳам бўлмаган, тагида йўқ нарсани қоғозда бор қилиш ва унга бошқаларни ҳам ишонтиришга уриниш мустамлака давримизнинг совет режимига хос эди. Сохта ғоя, қарам миллатлар қатори ўз халқини ҳам эзиш негизида қурилган империянинг эртами-кеч қулаш жараёнини айнан ясама рақам ва ҳисоботлар билан ялтиллатилган иқтисодиётнинг секин-аста емирилиб бориши бошлаб бергани ҳам сир эмас. Бошқа масалаларда кўзни шамғалат қилиш мумкиндир, аммо рўзғорда бундай ёндашув кетмайди. «Қозонда бори чўмичга чиқади» ҳикмати бежиз эмас», — деб ёзади муаллиф.

Азамат Зиё ўтган йилларда ҳамма кўриб-билиб турган муаммолар борлиги юқори доираларда тан олинган бўлса-да, буни ҳал этиш чоралари кўрилмаганини таъкидлайди:

Иқтисодий кўрсаткичлардаги алдамчилик усиз яшай ва ривожланолмайдиган тармоқларда ҳам акс садо бериши табиий эди. Шунинг учун ҳам тиббиётда Европа мамлакатларидан ҳам «ўзиб кетдик», демократияда бутун дунёга «ибрат бўлдик», Алишер Навоийни улуғладик, у жон куйдирган тилни ўз ҳолига ташлаб қўйдик, журналист дадил бўлсин, дедик, муҳаррирни эса ҳалим қилдик, инновациялар заруратини тан олдик, аммо илм-фан тизимини тубдан ўзгартиришдан қочдик, ўзи етиштирган ҳосилини ўзи сотолмаслигини олдиндан билган бобо деҳқонни ҳақиқий ер эгаси, меҳнат тери билан топган фойдасини банкдан ололмайдиган, олганда ҳам уч-тўрт танга беришга мажбур тадбиркорни ҳақиқий мулкдор қилмоқчи бўлдик...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг