Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Боко ҳаром» Нигерияда 2013 йилдан буён мингдан ортиқ болани ўғирлади

«Боко ҳаром» Нигерияда 2013 йилдан буён мингдан ортиқ болани ўғирлади

Фото: «REUTERS»

13 апрель куни БМТнинг болалар ташкилоти UNICEF Нигериядаги «Боко ҳаром» террорчи ташкилоти томонидан 2013 йилдан буён мингдан ортиқ бола ўғирланганини маълум қилди. Бу ҳақда Франциянинг «Le Monde» нашри хабар бермоқда. Улардан 276 нафари 2014 йилда Шибок штатидаги лицейдан ўғирлаб кетилган қизлардир.

Ташкилотнинг Нигериядаги вакили Муҳаммад Малик Фалнинг айтишича, «болаларга нисбатан қилинаётган бундай ҳужумлар ҳақида ўйлашнинг ўзи қўрқинчли».

Нигерияда халифатга асосланган ҳукумат тузишни мақсад қилган «Боко ҳаром» (хауса тилидан таржима қилганда «ғарбча таълим ҳаром» маъносини беради) 2009 йилдан буён мамлакатда 20000 инсоннинг ўлимига сабабчи бўлди. Унинг ҳаракатлари натижасида 2,6 миллион одам дарбадарликка маҳкум этилди. UNICEF ҳисоб-китобларига қараганда, дунёвий таълимнинг ҳар қандай кўринишини рад этувчи ушбу террорчи гуруҳ Нигериядаги асосан дунёвий таълим бериладиган мактаблардаги 2295 нафар ўқитувчини қатл этиб, 1400 дан зиёд таълим даргоҳини вайронага айлантирди.

2015 йилда Нигерияда ҳукумат тепасига Муҳаммаду Бухорий келганидан кейин олиб борилган жанглар натижасида гуруҳ ўзининг катта ҳудудларини бой берди. Аммо, кучсизланганига қарамасдан, гуруҳ асосан тинч аҳоли вакилларига нисбатан ҳужумларни давом эттирди. Шу йилнинг февраль ойида Дапши вилоятида 111 нафар мактаб ўқувчисининг ўғирланиши бутун мамлакатни карахт аҳволга солиб қўйди. Ўқувчилар кейинчалик қутқарилган бўлса-да, ушбу ҳодиса ўша машъум 2014 йилни эсга солиб юборди.

2009 йилда ташкил этилган ушбу гуруҳ 2015 йилнинг март ойида Ироқ ва Сурияда фаолият олиб борувчи «Ислом давлати» террорчи гуруҳи таркибига кирганини маълум қилди ва номини «Ислом давлатининг Ғарбий Африка вилояти» деб ўзгартирди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг