Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бош вазирнинг ваколатлари ва жавобгарлиги белгилаб берилади

Бош вазирнинг ваколатлари ва жавобгарлиги белгилаб берилади

Фото: Олий мажлис

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2019 йил 30 сентябрь куни ўтказилган навбатдаги мажлисида депутатлар мамлакат ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини янада яхшилашга қаратилган бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар.

Мажлисда янги таҳрирдаги «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасининг муҳокамаси қизғин кечди. Лойиҳада Ҳукуматнинг очиқ, шаффоф фаолият юритиши, унинг ваколатлари аниқ соҳа ва йўналишлар бўйича белгилаб берилмоқда. Бош вазир томонидан маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат бошқаруви ҳудудий органлари раҳбарлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирокида ҳудудларда Ҳукуматнинг мавзули сайёр мажлислари ўтказилиши назарда тутиляпти. Шунингдек, Бош вазир, унинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари, Бош вазир маслаҳатчилари, вазирлар, давлат қўмиталари раисларининг ваколатлари ҳамда жавобгарлиги белгилаб берилмоқда.

Эндиликда Ҳукуматнинг жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат бошқаруви органларига, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига келиб тушган мурожаатлари билан ишлаш мониторингини олиб бориш ҳамда таҳлилини юритиш ҳам қонун даражасида мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Бундан ташқари, лойиҳада Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва унинг мансабдор шахслари ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиниши мумкинлигига доир қонун нормаларида аниқ белгилаб берилмоқда.

Депутатларнинг фикрича, лойиҳада бу каби янги нормаларнинг акс эттирилиши ҳокимият тармоқларининг бўлиниш ва бир-бирини тийиб туриш ва мувозанатни сақлаш принципларига мувофиқ, Ҳукуматнинг ўз фаолиятини қонуний, шаффоф, демократик руҳда амалга оширишини таъминлашга ёрдам беради. Бир пайтнинг ўзида Ҳукуматнинг очиқ ва шаффоф фаолият юритиши, ижро этувчи ҳокимият фаолиятига самарали раҳбарликни амалга ошириш, инсон ҳуқуқ-эркинликлари муҳофазаси ҳамда халқ манфаати устуворлигини таъминлашнинг сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилишида мустаҳкам ҳуқуқий асос вазифасини ўтайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг