Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бразилия президенти пенсиясиз қолди, чунки унинг тириклигини «билишмаган»

Бразилия президенти пенсиясиз қолди, чунки унинг тириклигини «билишмаган»

Бразилия президенти Мишел Темер.

Фото: «Vse42»

Амалдаги президент Мишел Темер 2017 йилнинг ноябрь ва декабрь ойлари пенсиясидан қуруқ қолди, бунга ўзи айбдор, негаки у давлат органларига ўзининг тириклигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этмаган. Бу ҳақда «Globo» телеканали хабар тарқатган.

Бразилия қонунчилигига кўра, пенсионер ҳар йили нафақага масъул идоралар рўйхатида ўзини «янгилаб» туриши керак. «Ҳаётликни тасдиқлаш»нинг исботи бўлмиш айни жараён манфаатдор шахс таваллуд топган ой мобайнида амалга оширилиши лозим.

Президент Мишел Темер 77 ёшда, у 1999 йили — 58 ёшида Сан-Паулу штати прокурори лавозимидан пенсияга чиққанди. Аслида 45 050 реал (қарийб 14 минг доллар) олиши керак, бироқ айни пайтда давлат раҳбари курсисини банд этиб тургани учун пенсияси вақтинча 22,1 минг реал (7 минг доллар)гача камайтирилган.

Сан-Паулу пенсия идораси маълумотларига қараганда, ҳозирда президент маъмурияти пенсияни қайта тиклаш учун керакли ҳужжатларни юборган. Президент вақти етишмаганидан ўз вақтида керакли ҳужжат ишларини бажаришга улгурмаганини унинг ёрдамчилари журналистларга маълум қилишди.

Энг қизиғи, Бразилия президенти охирги ойларда айнан пенсия соҳасида ислоҳотлар ўтказиш ташаббусини илгари суриб келаётганди. Бироқ у ҳозирча бунинг учун депутатлардан етарлича овоз йиға олган эмас.

Темернинг тарафдорлари мамлакатда пенсияга чиқиш муддатини эркаклар учун 65 ёш, аёллар учун 62 ёш қилиб белгилаш таклифини илгари суришяпти. Бразилиянинг амалдаги қонунчилигида эса пенсияга чиқиш учун энг кичик ёш белгиланмаган. Айрим касбдагилар, масалан, полициячилар, ҳарбийлар, ўқитувчиларга меҳнат фаолиятини илгарироқ тугатиш учун имтиёзлар кўзда тутилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг