Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бугун Москвада МДҲнинг норасмий саммити бўлиб ўтади, унда Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этади

Бугун Москвада МДҲнинг норасмий саммити бўлиб ўтади, унда Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этади

Фото: «EADaily»

Аввал хабар берганимиздек, бугун Президент Шавкат Мирзиёев Москвада МДҲ давлатлари раҳбарларининг норасмий учрашувида иштирок этади.

Учрашувда 9 та давлат: Ўзбекистон, Россия, Озарбайжон, Арманистон, Беларусия, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, ва Тожикистон раҳбарлари қатнашиши кутилмоқда. Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимухаммедовнинг ташаббуси билан ушбу учрашувда муҳокама қилинадиган мавзулар кеча телефон орқали Россия Президенти Владимир Путин билан муҳокама қилинган.

Бугунги учрашув Қирғизистоннинг янги сайланган Президенти Сооранбай Жээнбеков учун биринчи умумий йиғилиш бўлишини такидлаб ўтиш жоиз. Украина эса анчадан бери МДҲ саммитида иштирок этмаяпти.

Эслатиб ўтамиз, МДҲ 1991 йил 8 декабрда ташкил этилган минтақавий давлатлараро ташкилот бўлиб, унга собиқ совет иттифоқи таркибида бўлган 11 давлат аъзо. Булар: Ўзбекистон, Озарбайжон, Арманистон, Беларусия, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Россия, Тожикистон, Туркманистон ва Украина. 1993 йилдан 2009 йилгача МДҲ мамлакатлари орасида Грузия ҳам бор эди. 2014 йил «ЕвроМайдон» воқеаларидан кейин Украинани ташкилотдан олиб чиқилиши ҳақида бир неча марта хабарлар тарқалган, бироқ мамлакат ҳозиргача бу ҳақда расман ариза бермаган.

МДҲ ташкил топган йилларда ташкилотнинг барча давлатлари раҳбарлари иштирок этган 60 та (45 таси давлат раҳбарларининг кенгаши, 15 таси эса норасмий мақомда) саммит ўтказилган. Шунингдек, беш марта аъзо давлат раҳбарларининг йиғилишлари ўтказилди. МДҲ Ижроия қўмитаси маълумотларига кўра, ушбу тадбирларда 835 та, шу жумладан, расмий учрашувларда 742, норасмий учрашувларда 37 та ҳужжат имзоланган. Бугунги йиғилишда ҳам қатор соҳаларда янги ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг