Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Диний ташкилотлар ҳақидаги қонунни қайта кўриб чиқишга хорижликлар жалб этилади

Диний ташкилотлар ҳақидаги қонунни қайта кўриб чиқишга хорижликлар жалб этилади

Комилов нутқ сўзламоқда

ТИВ

Ўтган 20 йилда илк бор «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги» қонун қайта кўриб чиқилмоқда. Ўзбекистон бу жараёнга халқаро мутахассисларни жалб этишни мақсад қилган.

Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 16-18 июль кунлари Вашингтон шаҳрида бўлиб ўтган Диний эркинликларни илгари суриш бўйича иккинчи вазирлар конференциясида шу ҳақда нутқ сўзлаган.

АҚШ ташббуси билан ўтказилаётган форумда ташқи ишлар вазирлари даражасидаги ҳукумат вакиллари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, дин пешволари ва фуқаролик жамияти фаолларидан иборат 115 дан ортиқ мамлакатнинг 1000 дан зиёд вакиллари қатнашган. Унда дин ва эътиқод эркинлигини таъминлаш, диний сабабларга кўра таъқиб ва камситишга қарши кураш, дин ва имон эркинлигини ҳурмат қилишни таъминлаш билан боғлиқ муаммолар муҳокама қилинган.

Ўзбекистон делегацияси раҳбари Абдулазиз Комилов конференциядаги нутқида дин тўғрисидаги миллий қонунчиликни такомиллаштириш ва либераллаштиришга эътибор қаратилишини айтган.

  • Шу пайтгача диний адабиётларни ишлаб чиқариш, келтириш ва тарқатиш учун рухсат олиш жараёни соддалаштирилган.
  • Диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби янада такомиллаштирилган.
  • Фақат 2019 йил бошидан буён Ўзбекистонда янги диний ташкилотлар рўйхатга олинган, исломий бўлмаган Сун Богим черкови ва евангелия христиан-баптистлар черкови шулар жумласидандир.
  • Иегова шоҳидлари, Евангелия христиан-баптистлар черковлари иттифоқи ва Тўлиқ Евангелия христианлари маркази каби диний озчилик вакиллари қўшилиши ҳисобига Конфессиялар ишлари бўйича Кенгаш таркиби кенгайтирилган.

«Ҳозирда Ўзбекистон тизимли тарзда дин билан боғлиқ жиноятларда айбланаётган инсонлар орасида жиноятлашув ва радикаллашувнинг олдини олиш, экстремизм сабаблари ҳақида эрта огоҳлантириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бунда мамлакатимиз «жаҳолатга қарши маърифат» тамойилига асосланмоқда», деган вазир.

Сўнгги уч йил ичида диний сабаблар билан судланган 20 мингдан ортиқ маҳбуслар авф этилдилар ва «қора рўйхат»дан чиқарилган. Жорий йилнинг май ойида давлат раҳбари топшириғига биноан Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ҳудудига алдов йўллари билан жалб этилган асосан аёллар ва болалардан иборат Ўзбекистоннинг 156 фуқароси Тошкентга махсус самалётда келтирилган. Ушбу инсонпарварлик амалиёти яна давом эттирилади.

Ўзбекистон делегацияси вазирлар конференциясида илк бор 2018 йилда иштирок этган эди. Ўтган йилнинг декабрида АҚШ давлат котиби Майк Помпео қарори билан Ўзбекистон биринчи маротаба диний эркинликар соҳасида алоҳида хавотир уйғотадиган давлатлар рўйхатидан чиқарган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг