Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Дунё нигоҳи яна Ўзбекистонда. Халқаро конференцияга тайёргарлик қандай?

Дунё нигоҳи яна Ўзбекистонда. Халқаро конференцияга тайёргарлик қандай?

Фото: «Спутник»

Аввал хабар берганимиздек, Тошкент шаҳрида 26-27 март кунлари Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзуида Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференцияси бўлиб ўтади.

Мазкур нуфузли анжуманни кенг, сифатли ва тезкор ёритиш учун пойтахтимиздаги Симпозиумлар саройида барча қулайликларга эга халқаро матбуот маркази ташкил этилгани ҳақида ҳам хабар берган эдик.

Анжуманни ёритиш учун 250 дан ортиқ маҳаллий ва 20 дан ортиқ хорижий оммавий ахборот воситаси вакиллари аккредитациядан ўтказилди. Жумладан, АҚШ, Хитой, Европа мамлакатлари, Россия, Япония ОАВлари конференцияни ёритишда қатнашади. Бу ҳақда мазкур конференция матбуот котиби Шерзодхон Қудратхўжаевга асосланиб, ЎзА хабар берди.

Анжуманда АҚШ, Афғонистон, Марказий Осиё мамлакатлари, Эрон, Покистон, Хитой, Ҳиндистон, Россия, Буюк Британия, Германия, Италия, Франция, Туркия, Япония, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, БМТдан нуфузли делегациялар, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили, қатор халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтиш керак, Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида Марказий Осиёда изчил тараққиётни таъминлаш қўшни Афғонистонда тинчлик ўрнатиш билан чамбарчас боғлиқлигини таъкидлаб, ноябрь ойида Самарқандда БМТ шафелигида ўтказилган «Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик» мавзуидаги конференцияда Афғонистоннинг минтақадаги иқтисодий жараёнларга қўшилишига кўмаклашиш биринчи галдаги вазифалардан эканини қайд этган эди. Ушбу ғояларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида Афғонистонда тинчлик ўрнатиш бўйича конференция ўтказиш ташаббусини илгари сурди.

Бўлажак конференция қўшни давлатда тинчлик бўлишидан манфаатдор томонлар учун интерфаол майдон яратмоқда. Чунки Афғонистондаги тинчликдан нафақат минтақа, балки бошқа давлатлар ҳам манфаатдор. Бугун дунёда янги-янги кескинлик ўчоқлари пайдо бўлмоқда. Тошкент томонларни муросага келтириш бўйича аввал ҳам майдон вазифасини ўтаган. Ўзбекистон бу гал ҳам шундай эзгу жараёнларда фаол иштирок этмоқда.

Конференция кунлари матбуот марказида журналистлар учун Афғонистон тарихи, дунё ҳамжамиятидаги ўрни, халқининг ҳаёти ҳақида таниқли сиёсатшунослар, илмий доиралар вакиллари иштирокида семинар-тренинглар, шўъба йиғилишлари ўтказиш мўлжалланган. Ушбу тадбирларда Афғонистонда тинчлик ўрнатиш бўйича амалга оширилган ишлар, ўтказилган сиёсий мулоқот гуруҳлари фаолияти ҳақида сўз юритилади, Ўзбекистон илгари сураётган амалий ташаббуслар бўйича фикр-мулоҳазалар тингланади. Ўйлаймизки, матбуот маркази анжуман давомида журналистлар учун холис ва тўлақонли ахборот олиш макони бўлиб хизмат қилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг