Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Элчи хоним ҳамкорликнинг асосий йўналишларига баҳо берди. Хўш?

Элчи хоним ҳамкорликнинг асосий йўналишларига баҳо берди. Хўш?

Франция Ўзбекистон билан дипломатик ва стратегик соҳаларда ўзаро ишончга асосланган ҳамкорликни янада кучайтириш истагида. Бу ҳақда ушбу мамлакатнинг юртимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Виолен де Вильмор хоним 14 июль – Франция миллий байрами муносабати билан Тошкентда ўтказилган маросимда маълум қилди.

«Ўзбекистонда кечаётган маъмурий, ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий ва хавфсизлик соҳаларидаги ислоҳотлар мамлакат имижини мустаҳкамлади ва халқаро муносабатлар, хусусан, француз-ўзбек муносабатлари ривожида катта туртки бўлди», – деди француз дипломати. 

Элчи ўз нутқида Президент Шавкат Мирзиёев 2018 йил 8-9 октябрь кунлари Францияга ташрифи билан ўзаро муносабатларда янги саҳифани очганини қайд этди.

«Ўзбекистон ҳукуматининг валюта бозорини эркинлаштириш, ўзаро шартномаларга амал қилиш, аввалги қарзларни тўлаш каби йўналишларда олиб бораётган ишларини олқишлаймиз. Тендерларнинг шаффофлиги ва адолатлилиги, инвестицияларнинг ҳимояси ва ерга эгалик қилиш ҳуқуқи бўйича ислоҳотларнинг эълон қилиниши, интеллектуал мулкни ҳурмат қилиш каби ўзгаришлар Европа Иттифоқи ва Бутунжаҳон савдо ташкилоти билан музокараларда, айниқса, сармоядорларнинг ишончини мустаҳкамлашда ҳал қилувчи аҳамият касб этади», – деди Виолен де Вильмор хоним.

Таъкидланишича, Франция Ўзбекистоннинг кўп томонлама ва минтақавий барқарорлик бўйича мулоқотга қўшилганидан мамнун. Франция томони ташаббуси билан илк бор 2018 йил ноябрда ўтказилган Париж тинчлик форумида глобал муаммоларни ҳал этиш, халқаро зиддиятларни бартараф қилиш бўйича ечимлар таклиф этилган эди. Франция элчиси жорий йил 11-13 ноябрь кунлари иккинчи бор ташкил этилаётган нуфузли машваратда Ўзбекистоннинг иштироки кутилаётганини маълум қилди.

Расмий Тошкент ва Париж ўртасида хавфсизлик соҳасида, хусусан, терроризмга қарши кураш бўйича ҳам ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда. Франция бу борада Ўзбекистонга кадрлар тайёрлаш тизимини яхшилаш, замонавий қурилмалар билан таъминлаш ва тезкорлик кўникмаларини такомиллаштиришда кўмак беради. Француз дипломатига кўра, жорий йилда Франция армиясининг икки нуфузли бўлинмаси Ўзбекистонда чегара муҳофазаси бўйича машғулотлар ўтказди. Мазкур ўқув машғулотлари 2019 ва 2020 йилларда қайта ташкил қилинади.

Виолен де Вильмор хоним икки мамлакат ўртасида маданий-гуманитар ва туризм соҳаларида ҳам ҳамкорлик тобора мустаҳкамланиб бораётганини мамнуният ила қайд этди.

«Туризм соҳасида сайёҳлик агентликлари Ўзбекистонни энг кўп тавсия қилинадиган 10 та йўналиш қаторига киритди. Франция мамлакатнинг бетакрор меросини сақлаб қолиш учун тоғ туризми, шаҳарсозлик ҳамда қадимий шаҳарларни қайта тиклаш соҳасида ўз тажрибасини бўлишишга тайёр», – деди у.

Маълум қилинишича, шу кунларда Париж академияси делегациясининг Самарқанддаги Ипак йўли университетига ташрифи кутилмоқда. Археологлар ва реставраторлар эса Лувр музейида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон шоҳ асарларининг кўргазмасига ҳозирлик кўрмоқда.

Виолен де Вильмор хоним ўз нутқида юртимиздаги уч йиллик дипломатлик фаолияти якунига етаётганини маълум қилди ва масъулиятли вазифани амалга оширишда унга кўмак берган барча хайрихоҳ инсонларга миннатдорлик изҳор қилди.

Эслатиб ўтамиз, 14 июль – Бастилия олинган кун Франциянинг энг асосий байрами саналади. Французлар мазкур санани ватанпарварлик, ҳурлик ва якдиллик куни сифатида алоҳида қадрлайди. Анъанага кўра, миллий байрам муносабати билан пойтахт Парижда мамлакат раҳбари бошчилигида тантанали ҳарбий парад ўтказилади.

Собир Салим

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг