Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Энди Ўзбекистон фуқаросиман!

Энди Ўзбекистон фуқаросиман!

Сўз олганларнинг ҳаммаси халқимизга, давлатимизга, бу ишларнинг бошида турган президентимиз Шавкат Мирзиёевга миннатдорчилик сўзларини айтишди.

Фото: «xabar.uz»

3 апрель куни Самарқандда 35 кишига Ўзбекистон паспортлари топширилди!

Ўзбекистон Республкиаси президентининг 2018 йил 6 мартдаги ПФ-5374 сонли Фармони билан Ўзбекистон фуқаролигини қабул қилган 35 нафар фуқаролиги бўлмаган самарқандлик шахсларга вилоят ҳокимлиги мажлислар залида тантанали равишда паспортлар топширилди.

Ҳоким ўринбосари Азамат Умаров вилоят ҳокими номидан фуқаролик паспортларини олаётган юртдошларимизни қизғин табриклади.

Вилоят ХЧК ва ФРБ бошлиғи, милиция полковниги Баҳодир Алиев Ўзбекистон фуқоролиги берилган 35 кишининг исм-шарифларини эълон қилди ва уларга паспортларни вилоят раҳбарлари, «Нуроний» жамғамаси вилоят бўлими раҳбари Ҳасан Нормуродов ва бошқа расмийлар топширишди. Паспорт олган фуқароларга гуллар тақдим қилинди.

− Энди сизларга дунё дарвозалари очиқ, исталган мамлакатга боринг, саёҳат қилинг, дам олинг, тижорат қилинг, − деди сўз олган Ҳ.Нормуродов. – Бугун энди сиз Ўзбекистон халқининг тенглар ичра тенг фуқаросисиз. Паспортларингиз сизларга узоқ йиллар хизмат қилсин!

Бир неча паспорт олганлар сўзга чиқишди. Аммо бирортаси қалбида борини охиригача айтолмади. Севинч ёшлари, ҳаяжон, шодмонлик сўзлардан устун келди. Олий маълумотли бўла туриб ҳайдовчилик қилиб юрган Абдумалик Мўминов сўздан кўра, шеър айта қолай, дея Ҳамид Олимжоннинг «Ўзбекистон» шеърини айтиб берди. Сўз олганларнинг ҳаммаси халқимизга, давлатимизга, бу ишларнинг бошида турган президентимиз Шавкат Мирзиёевга миннатдорчилик сўзларини айтишди.

− Бу кунни 25 йил кутдим, − дейди Самарқанд компьютер технологиялари ва гидромелиорация коллежи ўқитувчиси Насиба Яҳёева. – Ота-онам Тожикистонга ўқишга бориб, бир неча йил у ерда яшаб қолишган экан. Самарқандда улғайиб, шу ерда олий маълумотли бўлиб, шунча йил ёш авлодга тарбия бердим, аммо Ўзбекистон фуқароси бўлолмай юргандим, президентимизга раҳмат, орзуларимни ушалтирдилар!

− Қиз бола палахмоннинг тоши экан, Душанбе шаҳрига келин бўлиб тушдим, − дейди нафақадаги фуқаро Раҳбар Қулиева. – Қайнонамнинг хизматини қилдим. 1995 йилда Самарқандга кўчиб келдик, аммо шу пайтгача ҳеч бир мамлакатнинг фуқароси эмас эдим. Президентимизга раҳмат, бугундан мен Ўзбекистон фуқаросиман. Биласизми, 25 йил деганда қалб қушим осмонларга эркин парвоз қилди!

− Ота-онам бир неча йил Тожикистонда ишлаб келишган, мен бир ёшли гўдак бўлган эканман, келганларида, − дейди Самарқанд давлат университети магистратура босқичи талабаси Малика Жумъазода. – Ўқишим, илмий изланишларим яхши, аммо халқаро илмий анжуманларга қатнаша олмаслигимдан ўксиниб юрардим, энди мен ҳам тенгдошларим қатори Ўзбекистон фуқароларига бериладиган барча имкониятлардан тўла фойдаланаман ва ватанимиз равнақи учун сидқидилдан меҳнат қиламан!

Малика Жумъазода энди ўз салоҳиятини ватани учун ишлатади.

− Мен фуқаролар урушини ҳам, кўплаб нотинчликларни ҳам кўрдим, умрим қочиб юришлар, кўчишлар билан ўтди, Озарбайжонда туғилганман, миллатим арман. Озарбайжондаги нотинчликлар сабаб Тоғли Қорабоғга кўчдик. У ерда уруш бўлиб кетди, − дейди Элеонора Саакова. – Мен тинчликни, худога шукур, Ўзбекистондан топдим. Самарқандда яшайдиган қайинсинглимникига келдик ва шу ерда ишладим, болаларимни оёққа қўйдим. Озарбайжонда, Арманистонда қолган яқинларимни бориб кўролмас эдим, мана, президентимизнинг фармонлари билан Ўзбекистон фуқароси бўлдим, паспорт олдим, энди насиб бўлса, ҳаммаси яхши бўлади.

Элеонора Саакова энди Ўзбекистон фуқароси.

Энди ҳаммаси яхши бўлишига, ана шундай фуқароликни ололмай юрган яна кўплаб юртдошларимизга ҳам яхши бўлишига биз ҳам ишондик.

Каримберди Тўрамурод, “Хabar.uz”нинг махсус мухбири,
суратлар муаллифи Бахтиёр Мустанов.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг