Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Фотогалерея. Туркманистон Президенти — Ўзбекистонда (биринчи кун)

Фотогалерея. Туркманистон Президенти — Ўзбекистонда (биринчи кун)

Фото: «President.uz»

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов кеча, 23 апрель куни давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келди.

Ташрифнинг асосий тадбирлари Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтди.

Расмий кутиб олиш маросимидан сўнг давлат раҳбарлари тор доирада учрашув ўтказдилар.

Ўзбекистон ва Туркманистон иқтисодиётида ҳали тўла ишга солинмаган кўплаб имкониятлар мавжуд. Улардан фойдаланиб, ўзаро савдо айланмасини жадал ошириш ва номенклатурасини кенгайтириш зарурлиги таъкидланди. Икки мамлакат бозорларига харидоргир маҳсулотлар етказиб бериш, ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш масалалари муҳокама қилинди. 2020 йилга бориб товар айирбошлаш ҳажмини 500 миллион долларгача етказиш учун зарур чора-тадбирларни амалга оширишга келишиб олинди.

Музокаралар давомида транспорт ва транзит соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, бу орқали мамлакатларимизнинг ушбу йўналишдаги рақобатбардошлигини ошириш зарурлиги қайд этилди. Қишлоқ хўжалиги техникаси, автомобиллар, электр техникаси ускуналарини ҳамкорликда ишлаб чиқариш, нефть ва нефть маҳсулотлари етказиб бериш, чегараолди ҳудудлар ўртасида савдо-сотиқни ошириш, хизматлар кўрсатиш ва бошқа масалалар бўйича келишувларга эришилди. Ўзбекистоннинг Туркманистон – Афғонистон – Покистон – Ҳиндистон газ қувури қурилиши лойиҳасида иштирок этиши қайд этилди.

Икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Қўшма баёнотни имзоладилар.

Икки томонлама ҳамкорликни сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, таълим ва спорт соҳаларида янада мустаҳкамлашга ва ўзаро алоқаларни изчил ривожлантиришга доир 17 ҳужжат имзоланди.

Минтақалараро ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро битим, 2018-2020 йилларга мўлжалланган транспорт соҳасида ҳамкорлик тўғрисида ҳамда 2019-2021 йилларга мўлжалланган илмий-техникавий ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро дастурлар, Ўзбекистон ва Туркманистонда савдо уйларини ташкил этиш, икки мамлакат Савдо-саноат палаталари ўртасида ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш тўғрисида битимлар, Ўзбекистон ва Туркманистон Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2019 йилга мўлжалланган ҳамкорлик дастури имзоланди.

Шунингдек, ташриф доирасида олий ўқув юртлари ўртасида ва ахборот-коммуникация соҳаларига оид 15 ҳужжат имзоланди.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Президентлар музокаралар очиқ, самимий, ишчанлик руҳида ўтгани, имзоланган ҳужжатлар Ўзбекистон ва Туркманистон халқлари манфаатлари йўлидаги серқирра ва дўстона муносабатларни янада ривожлантиришга хизмат қилишини қайд этдилар.

Куннинг иккинчи ярмида Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Мустақиллик майдонига ташриф буюрди. Олий мартабали меҳмон ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйди.

Шундан сўнг, Гурбангули Бердимуҳамедов Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳайкали пойига гул қўйиб, Буюк Йўлбошчимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

2017 йил май ойида ўзбек ва туркман халқлари боқий дўстлиги ҳамда қардошлигининг рамзи сифатида Тошкент шаҳрида Махтумқули номидаги кўча ва унга бағишланган меъморий ёдгорлик очилган эди.

Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов Махтумқули кўчасига ташриф буюрди. Президентлар машҳур туркман шоири ва мутафаккири ёдгорлиги пойига гул қўйди.

Туркманистон Президентининг Ўзбекистонга ташрифи шарафига Махтумқули кўчасида “Ашхобод сайлгоҳи” барпо этилди. Икки давлат раҳбарлари ушбу сайлгоҳнинг очилиш маросимида қатнашдилар.

Президентлар боғда яратилган шароитлар билан танишди. Икки давлат раҳбарлари Туркманистон ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик алоқаларининг рамзи сифатида "Ашхобод сайлгоҳи"га кўчат ўтқазди.

Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг мамлакатимизга давлат ташрифи давом этмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг