Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Президент ахборот-коммуникация технологиялари ривожига бағишланган йиғилиш ўтказди

Президент ахборот-коммуникация технологиялари ривожига бағишланган йиғилиш ўтказди

Фото: «President.uz»

Бугун, 9 январ куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ахборот-коммуникация технологияларини янада ривожлантириш ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлигига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, унинг ўринбосарлари, тегишли вазирлик ва ташкилот раҳбарлари иштирок этди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Йиғилишда 2018 йилда ва яқин истиқболда амалга оширилиши зарур бўлган устувор вазифалар ҳақида ҳам сўз борди. Президент ахборот технологиялари соҳасида ҳали қилинадиган ишлар кўплиги, эришилган натижалар бошқа давлатларга қараганда анча паст кўрсаткичда эканлигини қайд этди.

Йиғилишда интернет тармоғига уланиш қамровини кенгайтириш ва тезлигини ошириш, дастурий таъминот, телекоммуникация соҳасида етакчи хорижий компаниялар билан алоқа ўрнатиш, «Электрон ҳукумат» тизимини янада ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан ахборот берилди.

— Интернетдан 20 миллион аҳоли фойдаланади, деб ҳисобот бергансизлар. Бироқ, миллий интернет орқали таклиф этиладиган хизматлар доираси жуда чеклангани сабабли, аҳолининг аксарият қисми интернетдан фақат «Телеграм»да ёзишма учун фойдаланади, холос, — деди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда МДҲ давлатлари бўйича Интернетнинг ўртача тезлиги бизникидан 10 марта юқорилиги қайд этилди. Алоқа операторлари чекка ҳудудларда, автомобил ва темир йўлларга яқин ҳудудларда телекоммуникацияларни кенгайтиришга сармоя киритмаётгани таъкидланди.

Мутасаддиларга Интернет нархини кескин арзонлаштириш, тезлигини камида 4 баробарга ошириш, 2020 йилгача эса МДҲ давлатлари даражасига етказиш чора-тадбирларини кўриш бўйича зарур топшириқ берилди.

Шунингдек, йиғилишда «Хавфсиз ҳудуд» ва жамоат тартибини таъминлашга кўмаклашиш бўйича лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.

Шунингдек, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетини уч йил ичида жаҳондаги энг обрўли 1 000 университет сафига киритишни таъминлаш, соҳада жаҳонда етакчи бўлган университет ва компаниялар билан ҳамкорликни кучайтириш, профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг хорижий стажировкаси ва малака оширишини кенг ташкил этиш кераклиги таъкидланди.

Йиғилишда дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва бунинг учун миллий кадрлар тайёрлаш ишлари ҳали талаб даражасида эмаслиги қайд этилди, мутасаддиларга дунёнинг йирик ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги корпорациялар билан тенглаша оладиган миллий операторимиз ва дастурчиларимизнинг фаолиятини такомиллаштириш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб берди.

Йиғилишда «Ўзбектелеком» компаниясининг ишлаш самарадорлигини ошириш, телекоммуникация тармоқлари орқали халқаро телефон сўзлашувини ноқонуний амалга ошираётган субъектларга нисбатан молиявий жазо чораларини қўллаш, халқаро тажриба асосида почта тизимини тубдан қайта кўриб чиқиб, янада ривожлантириш, ахборот хавфсизлиги концепциясини ишлаб чиқиш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг