Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ЖАР ҳукмрон партияси фаоллари мамлакат президентининг истеъфосини талаб қилиб чиқди

ЖАР ҳукмрон партияси фаоллари мамлакат президентининг истеъфосини талаб қилиб чиқди

ЖАР президенти Жейкоб Зума.

Фото:«Regnum»

ЖАР ҳукмрон партияси бўлмиш «Африка миллий конгресси»нинг бир қатор фаоллари мамлакат президенти Жейкоб Зумадан кун охирига қадар истеъфога чиқишни талаб қилдилар. Акс ҳолда душанба куни бутун мамлакат бўйлаб иш ташлаш ўтказишларини билдирдилар. Бу ҳақда ТАСС хабар бермоқда. Шу билан бирга, партия раҳбарияти ушбу ташаббусдан ўзини четга олди ва бу баёнотлар партия расмий позицияси эмаслигини эслатди.

«Биз коррупционерлар ва жиноятчиларга мамлакатимизни бошқаришларига йўл қўя олмаймиз. Мабодо, жаноб Зума ўз вазифасини тарк этишни истамаса, уни бунга биз мажбур қиламиз», — дея айтиб ўтди партия аъзоси Хангви Маумела пойтахт Преторияда душанба куни «Зума кетиши керак» шиори остида ўтказилиши режалаштирилган маршга бағишланган брифинг пайтида. Давлат раҳбари ва унинг тарафдорларини мамлакатда сиёсий инқирознинг чуқурлашишида айблаган фаол, унинг истеъфосига эришиш учун, янада қатъий чораларга ўтишга тайёр эканини маълум қилган. «Агарда Зума бугун кечгача истеъфога чиқмаса, душанба куни ҳеч ким ўқишга ҳам, ишга ҳам чиқмаслиги керак» — дея огоҳлантирган у.

Ўз навбатида партия расмий вакили Пуле Мабе партиянинг норозилик ташаббусини қўллаб-қувватламаслигини ва унинг номидан брифингда сўзлаган фаоллар интизомий жазога тортилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. «Душанба куни партия миллий ижроия қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтади. Йиғилиш якунланиши билан биз партиянинг расмий позицияси ҳақида баёнот берамиз», — дея айтиб ўтган у «SABC» телеканалига берган интервьюсида.

Мамлакат президентининг келажак тақдири ҳақидаги музокаралар туфайли ўтган ҳафта мамлакат парламенти президентнинг 8 февралга мўлжалланган халққа мурожаатини кечиктириш ҳақида қарор чиқарган эди. Шунингдек, 22 февраль куни президентга ишончсизлик вотуми ҳақида парламент сайлови ҳам режалаштирилган. Агар ўша вақтга қадар Зума ўз лавозимини тарк этмаса, мухолифат уни тўққизинчи марта ҳокимиятдан олиб ташлашга ҳаракат қилади.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг