Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Кимлар Путинни табрикламади?

Кимлар Путинни табрикламади?

Фото: «Vlasti.net»

Хабарингиз бор, шу йилнинг 18 март куни Россияда навбатдаги президент сайлови бўлиб ўтди. Унда амалдаги президент Владимир Путин мутлақ устунлик билан ғолиб чиқди. Сайловдаги ғалабасидан кейин унга кўплаб давлат ва ҳукумат раҳбарлари ўз қутловларини йўллашди.

«Vlasti.net» портали Путинни кимлар ғалаба билан табрикламагани ҳақида мақола эълон қилди. Қуйида қайси давлатларнинг раҳбарлари Путинни сайловдаги ғалабаси билан табрикламаганини билиб олишингиз мумкин.

Франция

19 март оқшомида Кремл расмий сайтида «Франция тарафининг ташаббуси билан» Владимир Путин ва Эммануэл Макрон ўртасида телефон суҳбати бўлиб ўтгани ҳақидаги хабар пайдо бўлди. Унда Франция президенти Владимир Путинни сайловдаги ғалабаси билан табриклагани ва иккитомонлама алоқаларни янада ривожлантириш ҳақида фикрларини баён қилгани айтилади.

Аммо Елисей саройининг коммюникесида Макроннинг Путинни табриклагани ҳақида ҳеч қандай гап йўқ. Хабарга кўра Франция президенти Путин билан суҳбатида Россия ва Европа муносабатларидаги муаммолар, жумладан ГРУнинг собиқ полковниги Сергей Скрипалнинг заҳарланаши, Суриянинг Африн ва Шарқий Гута ҳудудларида тинч аҳолининг ҳалок бўлгани, Россиянинг Қиримни босиб олиши, шунингдек Минск келишувининг бажарилиши борасидаги муаммолар ҳақида гапирган.

Германия

Германия канцлери Ангела Меркел ҳақиқатан ҳам Путинга телеграмма жўнатиб, уни табриклаган. Аммо, шу билан бирга, ўз телеграммасида икки давлат ўртасидаги мулоқот ва муносабатларнинг сусайишига йўл қўймаслик ҳозир ҳар қачонгидан ҳам муҳимлигини таъкидлаган ҳамда Россия раҳбарини «иккитомонлама ва халқаро муаммоларни конструктив равишда ҳал этишга ва барқарор ечимларни излашга» чақирган.

Буюк Британия

Ушбу мақола эълон қилинган пайтгача Буюк Британия томонидан ҳеч ким Путинни расман табриклагани йўқ эди. Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песковнинг айтишича, Лондон ва Москва ўртасида телефон орқали мулоқот ўтказиш режалаштирилмаган.

Сайловнинг эртаси куни, Кремл табрикларни қабул қилиш билан овора бўлиб турган бир пайтда, Буюк Британия бош вазири Тереза Мей Солсбери шаҳрида Сергей Скрипал ва унинг қизи Юлиянинг заҳарланашига фақатгина Россия алоқадор дея яна бир бор эътироф этди. Унинг сўзларига кўра, «бошқача бўлиши мумкин эмас», Москвада бу ишни қилиш учун «мотив ва имконият мавжуд» бўлган.

Полша

Полша президенти Анжей Дуда ҳам Путинни сайловдаги ғалабаси билан табрикламасликни маъқул кўрган. Бу ҳақда президент девони раҳбари Кшиштоф Шерский маълум қилган.

Бундан ташқари Полша Россиядаги сайлов натижасини тан олишдан бош тортган. Чунки Полша ҳукумати Қримда ўтган сайловни ноқонуний деб ҳисоблайди.

«Биз Украинанинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишга чақирамиз ва Қиримни Украинанинг ҳудуди деб биламиз. Шундай экан, Россия Қримда ўтказган сайлов қонуний ҳисобланиши мумкин эмас», — дейилади Полша ташқи ишлар вазирлигининг баёнотида.

Австрия

Австрия маъмурлари ҳам Владимир Путинни сайловдаги ғалабаси билан табрикламасликка қарор қилди. Бундан ташқари мамлакат Қримда ўтган сайловнинг натижасини тан олмаслигини ҳам маълум қилган.

«Австрия нуқтаи назаридан Қиримнинг Россия томонидан босиб олиниши ҳуқуқ нормаларига зид иш бўлган ва шундай бўлиб қолади. Европа иттифоқининг позицияси ҳам шундай. Шундай экан, у ерда Россия парламенти ва президенти сайлови ўтказилиши мумкин эмас», — дейди Австрия президенти Александр Ван дер Беллен.

Украина

Табиийки, Кремл Украинадан ҳам табрикнома олмади. Украина президенти Пётр Порошенко Қримда ўтган Россия президенти сайловини «Россия томонидан халқаро ҳуқуқ нормаларининг навбатдаги қўпол равишда бузилиши» деб атади ва унинг натижасини тан олишдан бош тортди.

Бошқа давлатлар

Мақола эълон қилинаётган пайтгача Исландия, Белгия, Дания, Нидерландия, Норвегия, Швеция, Руминия, Португалия, Латвия, Эстония, Литва ва бошқа давлатларнинг раҳбарлари ҳам Владимир Путинни янги муддатга президент этиб сайлангани билан табрикламаган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг