Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Лазиз Раҳматов

Эл озодлиги буюк неъмат, шахс озодлиги эса ундан-да улуғроқ!

Лотин Америкасининг «юрак санчиғи»

Лотин Америкасининг «юрак санчиғи»

Уго Чавес — Венесуэланинг собиқ президенти.

Фото: «Elintransigente.com»

Яқинда БМТ Бош ассамблеяси доирасида ташкилот олдидаги қарзлари туфайли Венесуэла овоз бериш ҳуқуқидан вақтинча маҳрум қилинди. Буни ташкилотдан тўла четлатиш деб қабул қилмаслик керак. БМТ нормаларига кўра, агар бирор мамлакат ташкилот бюджетига бадал пулини тўламаса, овоз бериш ҳуқуқидан вақтинча мосуво қилинади. Марказий Африка Республикаси, Доминика, Экваториал Гвинея, Гренада, Ливия, Суринам ва Яман ҳам «четлатилганлар» рўйхатидан жой олди.

Венесуэла 2017 йилда ҳам бу ҳуқуқдан маҳрум қилинган эди, бироқ тез орада бадал тўлангач, қарор бекор қилинган. Бир пайтлар Жанубий Америкадаги энг фаровон ва гуллаб-яшнаган давлатлардан бири бўлган Венесуэла нега бугун бунчалик танг аҳволга тушиб қолди?

Бугунги мураккаб вазиятга ойдинлик киритиш учун унинг яқин ўтмишига озроқ тўхталиб ўтмасак бўлмайди. 916 минг квадрат километр ҳудудга эга ва 31 миллион аҳоли яшаётган ушбу давлат Жанубий Америкадаги жуда муҳим стратегик нуқтада жойлашган. Бир томонидан Кариб денгизи, бошқа томондан Атлантика океани билан туташдир.

Замонавий Венесуэла шуҳрати, шубҳасиз, ёрқин сиёсатчи Уго Чавес номи билан боғлиқ. 1998 йилда ҳокимиятга келган ҳарбий етакчи конституциявий ислоҳотларни ўтказди, коррупцияга қарши курашди, камбағалларни қўллаб-қувватлашга ва саводсизликни тугатишга қаратилган сиёсат олиб борди. Унинг ташаббуси билан туб аҳоли, яъни 300 минг ҳиндунинг ўзлари яшаётган ерга эгалик ҳуқуқи тан олинди. 2002 йилда юз берган давлат тўнтаришига уриниш аҳоли ва армиянинг қўллаб-қувватлаши билан Чавес томонидан бостирилди. У Оқ уйга қарши нутқлари билан довруқ қозонган ва АҚШнинг қитиқ патига тегиб келар эди. Ички сиёсатда «боливарча социализм» қуриш йўлидан борди. Давлат секторини фаол кенгайтириш ҳисобига ишсизликни камайтирди.

Уго Чавес Фидел Кастро билан.
Фото: AP

Чавеснинг «XXI аср социализми» деб ном олган ғояси доирасида қашшоқларни ҳимоя қилиш ва инфляцияга қарши курашиш учун 2003 йилда мамлакатда 400 турдаги, жумладан бирламчи озиқ-овқат маҳсулотларининг марказлашган баҳолари белгиланди. 2007—2008-йилларда нафақат нефть, балки қора металлургия, цемент саноати, мобил алоқа тармоқлари национализация қилинди. Минглаб хорижий компаниялар бу ердан чиқиб кетди.

Савдо-сотиқ ишлари касод бўлди, маҳсулотлар тақчиллиги кучайди ва нархлар бирдан ўсиб кетди. Нефть ва газ тармоғидан тушадиган миллиардлаб доллар зўр бериб ижтимоий мақсадларга йўналтирилди, иқтисодиётни диверсификация қилиш борасида тайинли қадамлар ташланмади. Углеводородларни қазиб олиш таннархи ортиб, самарадорлик ва фойда камайди, рентабеллик пасайди, давлатнинг ички ва ташқи қарзлари ўсди. 

Шунга қарамай президент Уго Чавес ҳокимият отига маҳкам ўрнашган эди ва 4 марта қайта сайланди. У 2013 йил 5 мартда кутилмаганда вафот этгач, президент вазифасини бажариш унинг меросхўри Николас Мадуро зиммасига тушди.

Николас Мадуро — Венесуэланинг ҳозирги президенти.

Унинг давлатга бош бўлиши жаҳон бозорида нефть нархларининг тушиш даврига тўғри келиб қолди. Нўноқ иқтисодий сиёсат, муваффақиятсиз молиявий ислоҳотлар ва бюджетга нефть экспортидан келадиган доллар тушумининг камайиши билан ҳамма ишлар ортга кетди.

Мадуро ярим йил давомида фавқулодда ҳолат режимини жорий қилди. Маҳсулотлар тақчиллиги кучаяверди, чайқовчилик, коррупция ўсди. 2014 йилда нефтнинг халқаро нархи фавқулодда тушиб кетиши ҳақиқий зарба бўлди. Нефть экспортидан тушадиган даромадлар 3 баробар қисқарди, инфляция 200 фоизга етди, доллар курси 100 баробар ошди. Нархлар чеклови эса асосий озиқ-овқатларнинг кенг кўламли тақчиллигини юзага келтирди.

2016 йилдан Мадуро барча иқтисодий муаммоларга асосий сабаб Ғарб мамлакатларининг Венесуэлага қарши уруши деб кўрсата бошлади. Ташқи қарзлар 130 миллиард долларга етди, инфляция 550 фоиз, ишсизлик 21 фоиз бўлди.

Фото: «Varlamov.ru»

2017 йилда вазият янада оғир кечди. Мамлакат аҳолисининг 93 фоизи тўйиб овқат емасликдан шикоят қилмоқда. Инфляция минг фоизга етди, доллар курси қора бозорда 900 баробар ўсди. «Fitch» халқаро рейтинг агентлиги Венесуэланинг хорижий валюта бўйича узоқ муддатли рейтингини «С»дан «RD»га, яъни «чекланган дефолт» ҳолатигача туширди. «Standard & Poorʼs» халқаро рейтинг агентлиги ҳам унинг рейтингини «танланган дефолт»га қадар пасайтирди.

Дунёда нефть захираси катталиги бўйича биринчи ўринни (300 миллиард баррел) эгаллайдиган давлатда бахтга қарши «қора олтин» қазиб олиш ҳажми ҳам жорий йилнинг феврал ойида кунига 1,6-1,7 миллион баррелга тушиб қолди. Халқаро валюта жамғармаси 2018 йилда мамлакатда инфляция 13 минг фоиз бўлиши, ялпи ички маҳсулот эса 15 фоиз камайишини прогноз қилаяпти. Гиперинфляция, миллий валютанинг девальвацияси давом этмоқда, олтин-валюта захиралари деярли тамом бўлган.

Иқтисодий аҳвол ўнгланмагач, табиийки, сиёсий вазият ҳам таранглашаяпти. 2014 йилдан мухолиф кучлар давлат етакчисининг сиёсатига фаол қаршилик кўрсата бошлади. Мадуро сиёсий элитани ўз атрофига бирлаштира олмади. Чавизмнинг анъанавий тарафдорлари бўлган қашшоқлар ҳам ундан юз ўгирмоқда.

Фото: «Varlamov.ru»
Фото: «Varlamov.ru»
Фото: «Varlamov.ru»

2016 йил 2 майда мухолифатнинг Мадурони президентликдан четлаштириш бўйича референдум ўтказиш ҳақидаги петициясига 1 миллион 850 минг киши имзо чекди. 11 июнда Николас Мадуро унинг истеъфоси бўйича референдум ўтказилмаслиги ва ташкилий ишларга бекорчи вақти йўқлиги ҳақида кулгили баёнот берди.

Парламентда мухолиф партиялар катта ўринни эгаллагач, Мадурони муддатидан аввал президентлик лавозимидан четлатиш талабини қўйди. Бунга жавобан Мадуро қонун чиқариш ваколатини ўз назоратидаги Олий суд зиммасига юклади. Шундан кейин бошланган ҳукуматга қарши намойишларда 120 киши қурбон бўлди, мингдан ортиқ инсон яраланди, яна минглаб фуқаро ҳибсга олинди. Бошқа партияларнинг кўзга кўринган намояндалари, ҳурфикр арбоблар чет элга чиқиб кета бошлади. 

Фото: «Ria.ru»

2017 йил майда Мадуро Миллий ассамблеяга муқобил тарзда Конституциявий ассамблеяни тузди. Мухолифат вакиллари унда иштирок этмади. Конституцияга ва ҳокимият бўлиниши тамойилига зид ноқонуний тузилма пайдо бўлиши депутатларни қаттиқ ранжитди ва оммани намойишларга ундади. 

2017 йил сентябрдан мухолиф кучлар билан ҳукумат ўртасида чет элда — Доминикан Республикасида кечган музокара якунида келишув имзоланди. Аммо унинг ижросини ҳаётга татбиқ этиш сўроқ остида қолмоқда.

Чунки Мадуро ўз ўрнини сақлаб қолиш учун ҳокимият қудратидан, маъмурий ресурслардан тўлиқ фойдаланаяпти. 2017 йил 10 декабрда 355 та муниципалитетда ўтказилган маҳаллий сайловда ҳукмрон Ягона социалистик партиянинг 300 та вакили зафар қучди ва ҳудудлар бошқарувида мавқеини кучайтирди.

Фото: «Ria.ru»

Конституциявий ассамблея шу йилнинг 22 апрелида, яъни муддатидан олдин президент сайловини ўтказиш ҳақидаги қалтис қарорни қабул қилди. Бу режа мухолифатда ва минтақадаги демократик давлатларда кескин эътироз билан қабул қилинди. Чунки президент сайлови жорий йил якунида бўлиб ўтиши керак эди. Рангли инқилобнинг янги кўриниши қалқиб чиқмаслиги, мамлакат хавфсизлигини таъминлаш учун муддат ўзгартирилди деган изоҳ берилди.

Мадуро сайловда Ягона социалистик партиядан «ишчи синфининг асил номзоди» сифатида қатнашади. У ишчилар, аёл-қизлар ва ёш авлоднинг «Буюк ватанпарварлик қутби» сиёсий кучларига ҳам суянишини билдирмоқда.

Ҳозирги ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий вазиятни амалдаги ҳукумат ўнглай оладими?

Бу саволга жўяли жавоб бериш қийин. Ҳамма умид ва илинж нефть ва унинг нархининг ўсишига боғлиқ. 

ОПЕКнинг нархларни шакллантиришдаги ролини оширмай воқеалар ривожининг ҳозирги сценарийсини ўзгартиришнинг имкони йўқ. Бозорда нефть нархининг ошаётгани, бир баррели 64 долларга чиққани Венесуэлани муқаррар фожиадан қутқариб қолди.

2016 йил 30 ноябрда ОПЕК мамлакатлари илк бора ишлаб чиқариш ҳажмини кунига 1,2 миллион баррелга камайтириб, жами 32,5 миллион баррелга туширишга келишиб олишган эди. 10 декабрга келиб картелга кирмаган нефть экспорт қилувчи мамлакатлар ҳам умумий ишлаб чиқариш ҳажмини 558 минг баррелга қисқартиришга рози бўлди. Ҳужжат 2017 йил январдан кучга кирди ва у 2018 йил март ойига қадар давом этади. Россия ва Саудия Арабистони уни яна уч ой муддатга узайтириш тарафдори. Хўш, ундан кейин нима бўлади? Нархлар яна пастлаб кетса-чи?

Фото: Geo-politica.info»

Венесуэла президенти Николас Мадуро долларга қарамликни пасайтириш учун нефть ишлаб чиқарувчи мамлакатларга «қора олтин»нинг олди-сотдиси учун хитой юани, рус рубли, евродан иборат валюталар саватчасини яратиш таклифи билан чиқмоқда. Унинг наздида нефть савдосини бошқаришнинг янги механизми жаҳон бозори барқарорлигига ва адолатли нархларни ўрнатишга хизмат қилади. У шунингдек «ОПЕК+», яъни нефть ишлаб чиқарувчи 24 та мамлакат томонидан эришилган келишувни март ойидан кейин ҳам узоқ йилларга узайтиришни истамоқда.

Мантиқсизлик шундаки, миллионлаб тонна нефть экспорт қилувчи давлатнинг баъзи штатларида бензин етишмаяпти. Чунки нефтни қайта ишлаш корхоналари бирин-кетин ёпилмоқда. Вазиятни ўнглаш учун яна нималар қилиниши керак? Нонефть сектори улушини ошириш, саноат ишлаб чиқаришини кўпайтириш, қишлоқ хўжалиги тармоғида туб ислоҳотлар олиб бориш зарур.

Ҳозир озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа турдаги кўплаб маҳсулотлар четдан импорт қилинмоқда. Биргина тухум ёки нон сотиб олиш учун ҳам беш юзлаб киши турнақатор навбатда туриши одатий ҳол. Иқтисодиётда давлат назоратидан босқичма-босқич воз кечиш, монополия қилиб олинган самарасиз тармоқларни хусусийлаштириш жуда фойдали бўлиши мумкин эди. Лекин ҳукмрон элитада бунга на сиёсий ирода ва на билим-кўникма етади.

130 минг кишилик армия ҳам ҳозир бюджетга оғир юк бўлиб тушаяпти. Аммо минтақада сақланиб қолаётган мураккаб геосиёсий ва ҳарбий беқарорлик улар сонини қисқартиришга имкон бермайди. Армия ҳукмрон кучларнинг асосий таянчи ва суянчи ҳисобланади. Уларга қарши ҳар қандай ҳаракат ҳарбий тўнтаришларга олиб келиши мумкин. Зеро, Венесуэла тарихи бундай тўнтаришларнинг кўпига гувоҳ бўлди.

Фото: «Argumenti.ru»
Фото: «Haberegider.com»
Фото: «Seafarersjournal.com»
Фото: «El-carabobeno.com»

Венесуэлада кечаётган жараёнларга халқаро куч марказлари ва ташкилотларнинг муносабати қандай?

АҚШнинг танқидлари тинмаяпти. 2017 йил августда АҚШ президенти Доналд Трамп Венесуэлага нисбатан молиявий санкция жорий этиш ҳақида фармонга имзо чеккан эди. Мадуро ва ҳукуматнинг айрим аъзоларига нисбатан ҳам чекловлар бор. Молия вазирлигининг «қора рўйхати» муттасил кенгайиб бормоқда. 2017 йил 11 августда АҚШ президенти Доналд Трамп Венесуэладаги сиёсий инқирозни бартараф этиш учун керак бўлса ҳарбий аралашувга ҳам тайёрлигини айтган эди.

АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Никки Хейли Хавфсизлик кенгаши мажлисида Венесуэладаги инқирозни бутун дунё тинчлиги ва барқарорлиги учун таҳдид деб атади.

Венесуэла ўз ички ишларига «империалистча» ва «тизимли ташқи аралашувлар»га қарши бўлаяпти. Бундай ҳаракатлар мамлакатдаги вазиятни издан чиқаришга қаратилган деб баҳолайди. Венесуэла АҚШга нефть экспорт қилишни тўхтатиб қўйиш билан жавоб чораларини кўришга тайёр. Ҳозир Қўшма Штатлар Венесуэладан йирик миқдорда – кунига 750 минг баррел нефтни импорт қилмоқда. Бу миқдор Вашингтон умумий нефть импортининг 10 фоизидан ошмайди.

АҚШ Давлат департаменти раҳбари номи билан юритилаётган «Тиллерсон доктринаси»да Россия ва Хитойнинг Лотин Америкасида ўсиб бораётган таъсирини тийиб туриш ҳам назарда тутилган. Унинг туб замирида Куба ва Венесуэлада ўзи чизган чизиқдан чиқмайдиган, АҚШга душман кўзи билан боқмайдиган дўст сиёсатчиларни давлат бошқарувига олиб келиш мақсади ётибди.

1823 йили АҚШ Давлат котиби Жеймс Монро «Монро доктринаси»ни эълон қилганида «Америка америкаликлар учун» шиорини ташқи сиёсат принципларига айлантириш таклифини билдирган. Шундан буён қитъа Европа давлатлари аралашуви учун ёпиқ ҳудуд деб қараб келинади. 

Фото: «Caracaschronicles.com»

1962 йилда собиқ СССР билан Куба учун ҳақиқий ядро уруши келиб чиқиши мумкин эди. АҚШ «Кариб инқирози»нинг аччиқ сабоқларини ҳали ёдидан чиқаргани йўқ. У жаҳон куч марказлари, биринчи галда Россия ва Хитойнинг Лотин Америкаси геосиёсатидаги юришларини чуқур таҳлил қилиб бормоқда.

Жанубий қўмондонлик адмирали Курт Тидд кеча АҚШнинг глобал стратегик рақобатчиси бўлмиш Россиянинг Лотин Америкасида разведка ва киберимкониятлари ошиб бораётганидан алоҳида ташвиш билдиргани бежиз эмас.

Пентагон зарурият туғилса ҳарбий амалиётлар ўтказиш эҳтимолини ўрганаяпти. АҚШ Қуролли кучлари Жанубий қўмондонлиги Кариб минтақаси, Марказий ва Жанубий Америкадаги 45 давлатга масъул саналади. Таркибдаги аскарлар сонини камида икки баробар оширмасдан туриб кенг кўламли ҳарбий операцияларни муваффақиятли бажариш мушкул.

Чунки Венесуэла армияси яхши қуролланган, жанговар тайёргарлиги кучли. Минтақада кучлар балансининг ҳар қандай ўзгариши аввало Куба, Никарагуа, Боливия, Эквадор ва бу ердаги бошқа давлатларнинг ҳамжиҳатлигини кучайтиради ва кескин эътирозига олиб келади. Улар ўз хавфсизлигидан хавотирланиб, Венесуэлага ҳар томонлама ёрдам кўрсатиши, ўзини Россия ва Хитой қучоғига отиши мумкин. АҚШнинг «орқа эшиги»да бундай беқарорлик пайдо бўлмаслиги шундоқ ҳам ташқи сиёсатда кетма-кет янглишаётган Трамп учун жуда муҳим.

Фото: «Rostov.press»

Венесуэа ва Колумбия дипломатик алоқалари 2015 йил августда бузилди. Венесуэла ўз ҳудудида яшайдиган колумбияликларни оммавий депортация қилиши ва чегарани бир томонлама ёпиб қўйиши бунга сабаб бўлди. Инқироз туфайли ҳозир Колумбия ҳудудига Венесуэланинг 550 минг фуқароси қочиб ўтган.

Венесуэланинг улкан қўшниси Бразилия ҳукумати Венесуэла элчисини номатлуб шахс деб мамлакатдан чиқариб юборган бўлса-да, бу ерда ташқи кучларнинг ҳарбий ёки давлат тўнтариши уюштиришига тиш-тирноғи билан қаршидир. У Жанубий Америка ишларини ўзининг етакчилик мақомидаги иштирокисиз ҳал қилишларини истамайди.

1962 йилдан Венесуэла ва қўшни Гайана ўртасига совуқчилик тушган. Майдони 160 минг квадрат километр бўлган Эссекибо дарёсининг ғарбий қирғоғини Венесуэла ўзининг тарихий қисми деб ҳисоблайди ва таркибига қўшиб олиш ниятида.

Гайанадан катта миқдорда нефть захираларини топган американинг «ExxonMobil» корпорацияси бу ерда фаол геологик изланишларни давом эттирмоқда. 2013 йилда Венесуэла ҳарбий денгиз флоти «ExxonMobil»нинг геология қидирув кемаларига ҳужум қилган ва уларни қўлга олган эди. Ҳозир ҳам қўшниларнинг муносабати совуқлигича қолмоқда. Эртага бу конлар ўзлаштирилса, Венесуэланинг минтақадаги йирик нефть қазиб олувчи давлат мақоми йўққа чиқади ва бозорда жиддий рақобатчи пайдо бўлади. Агар Каракас бир пайтлар Саддам Ҳусайн йўл қўйган хатони такрорлаб, митти ва ожиз қўшнисига қарши уруш бошласа, Вашингтон унга қарши ҳарбий амалиётларни ўтказиши учун яхши баҳона ва асос яратиб берган бўлади.

Қитъадаги Аргентина, Чили, Коста-Рика, Мексика, Панама, Парагвай ва Перу давлатлари ҳам агар Мадуро ўз режаларидан воз кечмаса, демократик тамойиллардан чекинаверса, ўзгаларнинг манфаати билан ҳисоблашмаса Венесуэла «назардан қолаётган давлат»га айланиб қолиши мумкинлигини очиқ таъкидлашмоқда. Америка давлатлари ташкилотининг танқидларидан кейин 2017 йил апрелда Венесуэла мазкур нуфузли минтақавий ташкилотдан ҳам чиқиб кетишга ариза берди. Шу йил 13 — 14-апрел кунлари Лимада бўлиб ўтадиган Америка саммитига Перу Мадурони расман таклиф этмади.

Жанубий Америка умумий бозори – «Mercosur» минтақавий блоки аъзолари ҳам барча сиёсий маҳбуслар озод этилмас ва Конституциявий ассамблея тарқатиб юборилмас экан, Каракаснинг ташкилотга аъзолигини тўхтатиб туришга келишиб олишди. «Лима гуруҳи» (Канада ва Лотин Америкасининг 11 мамлакати аъзо) ҳам Венесуэла раҳбариятининг хатти-ҳаракатларини жиддий танқид қилмоқда. Америка қитъасидаги яна бир ташкилот – АLBA блоки аъзолари, хусусан Боливия, Эквадор ва Никарагуа, Куба унинг ёнини олмоқда.

Европа иттифоқи ҳам январда Венесуэладаги юқори мартабали амалдорларга санкция жорий этди. Энди бу вазирлар ЕИ мамлакатлари ҳудудига кира олмайди, уларнинг кўҳна қитъадаги активлари музлатиб қўйилади. Расмий Брюссель кибор доираларни инсон ҳуқуқларини қўпол равишда бузишда ва демократик мухолифатни куч билан бостирганликда айбламоқда. Шу боис қурол-яроққа эмбарго ҳам қўллади. Токи бу аслаҳалар тинч аҳолини қирғин қилишда ишлатилмасин.

Николас Мадуро ва Владимир Путин
Фото: «Havanatimes.org»

Венесуэла Россия билан алоқаларни стратегик шериклик даражасига кўтаришга интилаяпти. У халқаро майдонда Москва позициясини маъқуллаб, Жанубий Осетия ва Абхазиянинг мустақиллигини тан олган эди.

Москва ушбу минтақа мамлакатлари билан яқин ҳамкорлик ўрнатишни ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири деб қарайди. 2001 — 2017-йилларда Россия Лотин Америкаси мамлакатларига 20 миллиард долларлик қурол-аслаҳа сотиб, минтақани ўз экспорти учун истиқболли бозорга айлантирди.

Бироқ Россия ҳозир ташқи кучини асосан Сурияга қаратмоқда. Шу сабабли таназзулга ботаётган Венесуэлага катта миқдорда ҳарбий ёки иқтисодий кўмак бериши ниҳоятда қийин. Ўзаро савдо айланмаси ҳам муттасил камайиб бормоқда. 2013 йилда маҳсулот айирбошлаш миқдори 2,3 миллиард доллар бўлган бўлса, 2017 йилнинг уч чораги якунида 25 миллион доллардан ортмади. Бироқ Каракаснинг Россиядан 3 миллиард доллар қарзи бор. Москва мабодо АҚШ унинг чегараси яқинида зиддиятларни кучайтирса, ушбу омонатидан кечиб, Венесуладан ҳарбий ҳаво ва денгиз базалари учун қўналға сўраб мурожаат қилиши ҳам мумкин.

Венесуэла Хитой билан ўз нефтининг йирик харидори ва сахий сармоядор сифатида қалин алоқалар ўрнатган. Ўз навбатида, расмий Пекин ҳам «қора олтин»га бўлган эҳтиёжини қондириш учун фақат Яқин Шарқ минтақасига боғланиб қолмасдан, йўналишларни диверсификация қилишга ҳаракат қилаяпти. Умуман олганда, Хитой Венесуэлага шу чоққача 65 миллиард доллар сармоя киритган.

Биргина 2010 йил июнда Хитой унга 20 миллиард доллар кредит ажратган эди. Бунинг эвазига 10 йил мобайнида у Хитойга кунига 200-300 минг баррел атрофида нефть етказиб бериши керак. Агар АҚШ Венесуэла нефтини сотиб олишдан воз кечса, Хитой бемалол унинг улушини харид қилишга тайёр. Бу билан Лотин Америкасидаги позициясини янада мустаҳкамлайди.

Хитой анъанавий тарзда бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик тамойилига содиқ қолмоқда. Ривожланаётган давлатларга дипломатия майдонида умумий якдиллик ва иқтисодий ёрдамдан каттароғини таклиф этмаяпти. Яъни унинг Оқ уй маъмурияти манфаатларига зид ўлароқ ва шошилинчда Лотин Америкасига бевосита ҳарбий аралашувини кутиш қийин.

Халқаро жиноят суди ҳам воқеаларга қўшилди. Суднинг прокурорлари 2017 йил апрел ва июль ойларида мухолифат ташкил этган намойишларни тарқатиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари ҳаддан ортиқ куч қўллаган деган айбни илгари сурмоқда.

Ҳозир ушбу судни – Рим статутини ташкил этиш ҳақидаги келишувни дунёнинг 123 давлати, жумладан Венесуэла ҳам ратификация қилган. Агар халқаро суд босими кучайса, Каракас ундан чиқиб кетиши аниқ.

Фикримча, давлатни бошқараётган сиёсатчининг қарашлари ва амали халқнинг интилишларига зид бўлмаслиги, эл фаровонлигига хизмат қилиши керак. Демократия ўрнини авторитар тузумга бўшатиб берса, қонунлар бузилса, фуқароларнинг ҳуқуқлари поймол қилинса, унинг салбий оқибатларини тўғрилаш учун кейин кўп куч ва вақт сарфлашга тўғри келади. Элнинг ташвишини камайтириш ўрнига, унинг ғуссасини кўпайтирган, халқаро майдонда яккаланиб бораётган ҳукуматнинг истиқболи кўринмаяпти. Энди-энди тинч ҳаётга қайтаётган Колумбияда ярим аср давом этган урушнинг ён қўшниси заминига кўчиб ўтишини истамаймиз. Яқин Шарқ, Корея яримороли атрофидаги зиддият тўлқинлари океан оша Кариб ҳавзасини ҳам қамраб олиши минтақа халқлари манфаатларига сира жавоб бермайди.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Ўзбекистон доимо тинчлик тарафдори ва ўзга давлатларнинг ички ишларига аралашмайди. Қолаверса, Венесуэла биздан анча олисда жойлашган бўлиб, бу ерда дипломатик миссияга эга эмасмиз. 2009 йилнинг майида Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг Бразилияга расмий ташрифи доирасида Бразилияда Ўзбекистон элчихонасини очиш бўйича эришилган  келишув шу пайтгача рўёбга чиқмагани алоҳида мақола мавзусидир.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг