Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Марказий сайлов комиссиясида ЕХҲТ ДИИҲБ делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди

Марказий сайлов комиссиясида ЕХҲТ ДИИҲБ делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди

Фото: Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати

2018 йил 26 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси Мирза-Улуғбек Абдусаломов Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) директори Ингибёрг Солрун Гисладоттир бошчилигидаги делегация билан учрашди.

Учрашувда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори Жон МакГрегор, ЕХҲТ ДИИҲБ директорлар офисининг раҳбари, элчи, катта сиёсий маслаҳатчи Грета Гуннарсдоттир, шунингдек Марказий сайлов комиссияси масъул ходимлари ва ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори офисининг вакиллари иштирок этди.

Марказий сайлов комиссияси матбуот хизматининг хабар беришича, ушбу учрашув 2018 йилнинг 22-23 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган «Бутунжаҳон инсон ҳуқуқлари декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллиги якунлари: замонавий таҳдидлар ва реал воқелик» мавзусидаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми доирасида ўтказилди.

Учрашувда сайлов тўғрисидаги миллий қонунчиликни янада такомиллаштириш, сайловларни демократик тамойиллар ва халқаро стандартларга мувофиқ очиқ ва эркин ўтказиш мақсадида ЕХҲТ ДИИҲБнинг таклифлари ва тавсиялари ҳар томонлама ўрганилаётганлиги ҳамда инобатга олинаётганлиги таъкидланди. Бунга мисол тариқасида сайлов кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилиши ва унинг ЕХҲТ ДИИҲБга ўрганиш учун юборилишини келтириш мумкин. Жорий йилнинг сентябрь ойида ЕХҲТ ДИИҲБ ва Венеция комиссияси делегацияси Сайлов кодекси лойиҳаси юзасидан дастлабки тайёрланган хулосаларини кўриб чиқиш учун Ўзбекистонга ташриф буюрган ҳамда кейинчалик унинг муҳокамаси Ҳуқуқ орқали демократия учун Европа Комиссияси (Венеция комиссияси)нинг 116-ялпи йиғилишида Ўзбекистон Республикаси делегацияси иштирокида бўлиб ўтган.

Шунингдек, ЕХҲТ ДИИҲБ, Венеция комиссияси ва сайлов тизими соҳасидаги бошқа халқаро институтлар иштирокида Сайлов кодекси лойиҳасининг экспертлик муҳокамаси 16-17 ноябрь кунлари Бухоро шаҳрида бўлиб ўтган халқаро конференцияда ўтказилди.

Бевосита ҳамкорлик Марказий сайлов комиссияси вакилларининг Варшава (Польша)да ЕХҲТ ДИИҲБнинг инсонийлик мезонлари бўйича йиллик мажлисларидаги иштироки доирасида ҳам амалга оширилмоқда.

Ўз навбатида, ЕХҲТ ДИИҲБ директори мамлакатимизда сайлов тизимини янада такомиллаштириш масалалари, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил декабрь ойида Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида Сайлов кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича қўйилган вазифаларга берилаётган эътиборни юқори баҳолади.

Тарафлар икки томонлама муносабатларни давом эттиришга тайёр эканлигини таъкидладилар ва келгуси ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича фикр алмашдилар, шунингдек Марказий сайлов комиссияси ва ЕХҲТ ДИИҲБнинг ўзаро ҳамкорлик қилишининг асосий йўналишларини муҳокама қилдилар.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг