Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисидаги қонунда нималар кўзда тутилади?

Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисидаги қонунда нималар кўзда тутилади?

Фото: «Тараққиёт стратегияси» маркази

Хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони билан «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб қувватлаш йили» давлат дастури қабул қилинди.

Дастурга мувофиқ, шу йилнинг 1 июлига қадар Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисида Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилади. Лойиҳада Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик концепциясининг янги таҳрири тасдиқланиб, унда Ўзбекистон Республикасига нисбатан асосий хавф ва таҳдидлар, мамлакатнинг ҳаётий муҳим манфаатлари ва хавфсизлик соҳасида давлат стратегик режалаштириш тизими фаолиятининг механизм ва тамойиллари белгиланади.

Хусусан, давлатни ички ва ташқи таҳдидлардан ҳимоя қилиш соҳасида Миллий хавфсизлик хизматининг ҳуқуқий мақоми, вазифалари, функциялари ва ваколатлари, миллий хавфсизлик органлари фаолиятининг асосий принциплари ва самарадорлиги мезонлари, миллий хавфсизлик хизмати органлари ходимларини ижтимоий муҳофаза қилиш чоралари ва бу соҳада парламент назорати механизмлари белгиланади.

Айтиш керакки, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев парламентга қилган мурожаати чоғида Миллий хавфсизлик хизмати идоралари фаолиятини ҳам ислоҳ қилиш вақти келганини таъкидлаган эди.

— Миллий хавфсизлик хизмати идоралари бугунги кунгача 26 йил аввал ҳукумат тасдиқлаган низом асосида фаолият кўрсатиб келмоқда, — деди Шавкат Мирзиёев. —  Бу низомга чорак аср давомида тегилмаганлиги ва ҳар қандай оддий масала ҳам миллий хавфсизликка таҳдид деб баҳолаб келинганлиги ушбу идора ваколатларининг асоссиз кенгайиб кетишига сабаб бўлган.

Президент ўз нутқида дунёнинг баъзи минтақаларида юзага келган нотинч вазият аҳоли миграцияси кучайишига, бу эса, ўз навбатида, терроризм ва экстремизм тарқалишига ҳамда бу иллатлар глобал муаммолардан бирига айланишига олиб келаётганини алоҳида урғу берган эди.

— Бундай вазиятда миллий давлатчилигимиз, мустақиллигимиз, аҳолимизнинг тинч ва осойишта ҳаёти ва хавфсизлигимизни сақлаш биз учун энг устувор вазифага айланиб бормоқда. Айнан шу нуқтаи назардан ва глобаллашув даврининг барча таҳдидларини инобатга олган ҳолда Миллий хавфсизлик хизмати идоралари фаолиятини ҳам ислоҳ қилиш вақти келди, — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирда Миллий хавфсизлик хизмати фаолияти Ҳукуматнинг 1991 йил 2 ноябрдаги 278-сон қарори билан тасдиқланган низом билан тартибга солинади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг