Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбек ва тожик – тарихий воқеалар даври бошланди. Тожикистон Миллий университети ректори, академик Муҳаммадюсуф Имомзода билан суҳбат

Ўзбек ва тожик – тарихий воқеалар даври бошланди. Тожикистон Миллий университети ректори, академик Муҳаммадюсуф Имомзода билан суҳбат

Имомали Раҳмон ва Шавкат Мирзиёевнинг улкан хизматларини алоҳида таъкидлаш керак.

Фото: «theworldnews.net»

Тожикистон миллий ахборот агентлиги ўзбек тилида мақолалар чоп этишни бошлади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистон Республикасига 9-10 март кунлари амалга оширган давлат ташрифи муносабати билан мамлакатнинг биринчи расмий ахборот маҳкамаси – «Ховар» – Тожикистон Миллий ахборот агентлиги расмий саҳифаси – www.khovar.tj да илк бора ўзбек тилида мақолалар чоп этила бошлади. Айни пайтда мазкур сайтда Ўзбекистон раҳбарининг Тожикистонга сафари билан боғлиқ бир қанча мақола чоп этилган. Мазкур ахборот агентлиги тожик, рус, инглиз араб ва форс тилларида ўз  хабарларини сайтга жойлаштириб боради. Айни пайтда, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигинг расмий саҳифаси www.mfa.uzда ҳам тожик тилидаги хабарлар эълон қилиб борилмоқда. 

Шундай мақолалардан бири, Тожикистон Миллий университети ректори, академик Муҳаммадюсуф Имомзода билан суҳбатни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги дўстлик муносабатлари қандай тарихий омилларга таянади, деб ўйлайсиз?

 – Тожикистон билан Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар кўп асрлик тарихга эга. Ҳақли равишда қайд этиш зарурки, халқларимиз Марказий Осиё халқлари орасида бир-бири билан энг яқин ҳисобланади. Бунинг тасдиғини нафақат тарихий-илмий тадқиқотлардан излаш керак, балки урф-одатларимизнинг бир хиллиги ҳам кўрсатиб турибди. Ўз даврида атоқли тожик олими Зариф Ражабов «Марказий Осиёда энг яқин алоқалар тожик ва ўзбеклар ўртасида ўрнатилган. Улар бир хил кийим кийишган, бир хил таомлар тайёрлашган, қиз олиб, қиз берган, қариндош бўлган. Урф-одатлари ҳам икки томчи сув каби бир-бирига ўхшашдир», деб таъкидлаган эди.

Ўзбек ва тожик халқларини умумий тарих, яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат ва ишонч, ўхшаш анъаналар бирлаштириб туради.

Менинг назаримда, халқларимизнинг яқинлигига улуғ сўз санъаткорлари – Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик таг замин вазифасини ўтайди. Маълумки, Абдураҳмон Жомийнинг кўрсатган йўл-йўриқ ва маслаҳатлари туфайли Алишер Навоий ўзбек ва тожик классик адабиётининг даҳоларидан бирига айланди. Устоз Жомийнинг вазир шогирди Навоийга юборган мактуби бизни ҳайратга солади. Жомий ундан Хўжа Аҳрор Валининг фарзандларини ўз қарамоғига олишни сўраган. Устозининг илтимоси Навоий учун жуда муҳим бўлган ва у албатта буни бажарган.

Академик Муҳаммадюсуф Имомзода.

– Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатларнинг мустаҳкамланиши халқларимиз ҳаётига қандай таъсир кўрсатади?

– Икки қўшни давлат ўртасидаги муносабатларнинг илиқлашиши, биринчи навбатда, оддий одамлар ҳаётига ижобий таъсир кўрсатади. Бунинг тасдиғи сифатида назорат пунктларининг очилиши, давлатларимиз ўртасидаги темир йўл ва авиақатновнинг тикланиши халқларимиз томонидан қувонч билан кутиб олинганини айтмоқчиман.

Ҳар бир янгилик мамлакатимиз фуқаролари томонидан мамнуният билан қабул қилинаяпти. Бу тушунарли, албатта. Чунки бу ҳолатда нафақат икки давлатнинг барқарор ривожланиши ва бутун минтақада хавфсизлик тўғрисида, балки қардош халқларнинг ҳиссиётлари ҳақида гап кетмоқда. Мамлакатларимиз раҳбарларининг оқилона сиёсати ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга, мавжуд муаммоларни биргаликда ҳал қилиш йўлларини топишга, яхши қўшничилик муносабатларини ўрнатиш ва янада мустаҳкамлашга имкон беради.

Бу нафақат Тожикистон ва Ўзбекистон учун, балки бутун минтақа учун тарихий воқеадир. Ва бу ерда, сўзсиз, икки мамлакат раҳбарлари – Имомали Раҳмон ва Шавкат Мирзиёевнинг улкан хизматларини алоҳида таъкидлаш керак. Тажрибадан маълумки, Президентлар ўртасидаги дўстона муносабат мамлакатлар ўртасидаги дўстлик, яқинлик, ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг асосий омилидир.

Давлатларимиз раҳбарлари ўртасидаги муносабатлар ўзаро ҳурмат, ишонч, конструктив мулоқот, мавжуд муаммоларни ҳал қилишда ҳамфикрликка асосланган бўлиб, бу кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришга янги туртки беради, деб ишонаман.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев нутқларининг бирида: “20 йиллик қалин муз эритилиши керак. Шундан сўнг конструктив қўшничилик муносабатларини тикласа бўлади. Бу вақт талаб этади, бу эса осон эмас”, деб айтган эди. Ҳозир биз бу йўлда дастлабки қадамлар ташлаганимизни мамнуният билан қайд этмоқдамиз, энди Душанбе ва Тошкент ҳар томонлама ҳамкорлик учун қулай замин яратиш юзасидан бир қатор механизмлар ва воситаларни ишлаб чиқишлари керак. Масалан, ҳукуматлар ва ташқи ишлар вазирликлари даражасида доимий фаолият юритувчи комиссияни ташкил этиш фикри мавжуд. Бу ерда икки мамлакатнинг оқсоқоллари, жамоатчилик, экспертлар ўртасида мунтазам йиғилишлар ўтказиш бўйича билдирилаётган таклиф ўринлидир.

Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун катта салоҳият мавжуд. Кўп асрлик ва яхши қўшничилик муносабатларидан фойдаланиб, икки давлат ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантириш, ўзаро савдо ҳажмини ошириш, транспорт ва коммуникация алоқаларини жадаллаштириш, қўшма маданий ва спорт тадбирларини мунтазам ўтказиш керак.

– Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги томонидан Тожикистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Содиқ Имомий билан суҳбат уюштирилди. Унда Шавкат Мирзиёев олиб бораётган оқилона сиёсат туфайли минтақада катта ўзгаришлар юз бераётгани алоҳида таъкидланган. Ушбу фикрга муносабатингиз қандай?

– Бу жуда тўғри ва юксак эътироф. Кейинги вақтларда Ўзбекистон Президентининг минтақавий фаоллиги сезиларли ортиши кузатилмоқда. Шавкат Мирзиёев қисқа вақт ичида Туркманистон, Қозоғистон ва Қирғизистонга ташриф буюрди.

Шавкат Мирзиёев қўшни давлатлар билан самарали ва самимий дўстона муносабатларни ўрнатмоқда. Назаримда, унинг ташаббуси минтақадаги барча давлат раҳбарларини бирлаштиришга, интеграция жараёнлари учун янги имкониятлар эшигини очишга хизмат қилади.

                                                Фаррух Ҳамроев суҳбатлашди.

                                                Манба: “Ўзбекистон овози” газетаси

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг