Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев «Евросиё олдидаги хизматлари учун» мукофоти билан тақдирланди

Шавкат Мирзиёев «Евросиё олдидаги хизматлари учун» мукофоти билан тақдирланди

Фото: President.uz

Туркия пойтахтида «Евросиё олдидаги хизматлари учун» мукофотининг биринчи лауреатларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Мазкур мукофот яқинда «EcoAvrasya» Туркия ишбилармонлари жамоатчилик бирлашмаси томонидан таъсис этилган.

Ушбу тантанали маросимда Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг мафкура бўйича маслаҳатчиси Ялчин Тўпчи, Туркия илм-фан, саноат ва технологиялар вазири Форуқ Ўзли, Туркия парламенти аъзолари, хорижий мамлакатлар ҳамда Анқарада аккредитациядан ўтган дипломатия корпуси ва халқаро ташкилотларнинг вакиллари иштирок этдилар. Маросимни «EcoAvrasya» ассоциацияси раиси Ҳикмат Эрен бошқарди.

Фото: Жаҳон АА

Туркия ишбилармонлари жамоатчилик бирлашмаси 2012 йилдан буён «Турк дунёси олдидаги хизматлари учун» мукофотига танлов ўтказиб келади. Мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшган таниқли сиёсатчилар ва иқтисодиёт арбоблари ушбу мукофот билан тақдирланади.

«Евросиё олдидаги хизматлари учун» мукофотига танлов эса биринчи марта эълон қилинди. Ассоциация ушбу мукофот билан Евросиё мамлакатлари ўртасидаги манфаатли муносабатларни ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшган инсонларга ҳамда институтларга ўзининг ҳурмат ва эҳтиромини изҳор этади.

Ассоциация бошқарув кенгаши «Евросиё олдидаги хизматлари учун» бош номинациясига турли номзодларни ўрганиб чиқиб, Ўзбекистонда амалга оширилаётган чуқур ислоҳотлар, нафақат республикадаги, балки минтақадаги жадал ўзгаришларга, қитъадаги иқтисодий муносабатларнинг фаоллашувига жиддий омил бўлаётгани учун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни мазкур мукофот билан тақдирлашга қарор қилди. Ҳикмат Эрен Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари ва Афғонистон билан, шунингдек, Россия, Хитой, Жанубий Корея, Туркия билан ўзаро муносабатларида мислсиз ўсиш рўй берганини алоҳида қайд этди. Унинг айтишича, Ўзбекистоннинг бу йўналишдаги тарихий қадамларини катта кўтаринкилик билан кузатган комиссия аъзолари мазкур биринчи мукофотни Ўзбекистон етакчисига тақдим этишга қарор қилдилар.

Ассоциация раҳбари ушбу қарор бир овоздан қабул қилинганини таъкидлади.

Ҳикмат Эрен «EcoAvrasya» Туркия ишбилармонлари жамоатчилик бирлашмаси бошқаруви кенгаши ва унинг барча аъзолари номидан Ўзбекистоннинг Туркиядаги фавқулодда ва мухтор элчисини саҳнага таклиф этди ва бутун Евросиё ҳамжамияти олдидаги мислсиз хизматлари эътирофининг белгиси сифатида давлат раҳбарига тақдим этишни сўраб ушбу мукофотни тантанали равишда топширди.

«Жаҳон» ахборот агентлиги,

Анқара

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг