Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистонда ҳам давлат бошқаруви аппаратини қисқартириш вақти келди

Ўзбекистонда ҳам давлат бошқаруви аппаратини қисқартириш вақти келди

Қозоғистон президенти кеча халққа мурожаатида 2024 йилга қадар мамлакатда давлат хизматчилари ва давлат иштирокидаги миллий компаниялар ходимлари сони 25 фоизга қисқартирилишини маълум қилган.

Давлат аппаратининг шишиб кетиши, айниқса, у самарасиз бўлса, давлатга ҳам, давлат бюджетига ҳам ортиқча юк, холос. Қозоғистон ўз олдига қўйган мақсад нимаси билан эътиборга молик? Аввало, давлат аппарати қанчага қисқариши ва бу қачонгача рўй бериши қатъий маълум қилинди, яъни марра аниқ.

Бизда сўнгги пайтлар давлат ва квази-давлат ташкилотлари шу даражада кўпайдики, гўёки давлат аппарати семиргандек. Ҳатто давлат иштироки шарт бўлмаган соҳа ва тармоқларда ҳам давлатсифат уюшма, ассоциация ва шунга ўхшаш идоралар ташкил этилди, давлат бюджетидан пул оладиган ташкилотлар кўпайди. Назаримизда, давлат аппарати шишса шишдики, умуман қисқармади. Тўғри, айрим давлат идораларида қисқартиришлар бўлди, масалан, ҳукумат ходимлари сони 44 штат бирлигига камайди, лекин бу умумий картинани ўзгартирмайди.

Ҳаракатлар стратегиясини 2019 йилда амалга ошириш бўйича давлат дастурида замонавий давлат бошқарувини босқичма-босқич жорий қилиш кўзда тутилган. Мазкур мақсадда ишлаб чиқиладиган ҳужжат лойиҳасида давлат хизматчиларининг сонини қисқартириш белгиланиши керак. Бизнинг-ча, мазкур жараённи Маъмурий ислоҳотлар концепцияси билан уйғун олиб бориш керак бўлади.

Биринчидан, давлат ҳокимияти ва бошқаруви, шу жумладан, давлат иштирокидаги компанияларнинг ходимлари сонини очиқлаш, бу мақсадларда қанча бюджет маблағи сарфланаётганини халқимиз билиши керак.

Иккинчидан, хусусий сектор бажариши мумкин бўлган соҳаларда умуман давлат идораларини ташкил қилмаслик ва борларининг ваколатларини ҳам конкрет муддатда хусусий секторга ўтказиб юбориш мақсадга мувофиқ. Бу борада қатор ҳужжатлар қабул қилинди, лекин амалда нима бўлаяпти?

Учинчидан, давлат бошқаруви аппаратини қисқартириш бўйича ҳам аниқ рақам ва муддатлар айтилиши лозим. Масалан, айрим идоралар осмондан олгандек фалон йилда фалонча инвестиция олиб кирамиз, деб ваъда беришни билишади-ку. Давлат хизматчиларини қисқартириш масаласида ҳам аниқ кўрсаткичлар ва мақсадлар бўлиши керак. Ихчам ҳукумат тушунчаси бутун давлат бошқаруви тизимига татбиқ этилиши ҳаётий зарурат. Дарвоқе, қисқартиришларни ўтган даврдаги каби фақат шифокорлар ва ўқитувчилар ҳисобига хаспўшлашдан қочиш керак.

Албатта, буларнинг барчаси шахсий фикр.

Davletovuz

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг