Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати: Президентнинг хориж сафарларидан тортиб, ватандошлар билан ҳамкорликкача

Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати: Президентнинг хориж сафарларидан тортиб, ватандошлар билан ҳамкорликкача

Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий йўналишлари — мамлакатнинг барқарор ривожланиши учун қулай шароит яратиш, иқтисодиётни ислоҳ қилиш ва модернизациялаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, хавфсизлик, тинчлик ва жамиятда ҳамжиҳатликни таъминлашга мувофиқ фаолият 2018 йилда қандай олиб борилди? Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати шу ҳақда маълумот берди.

Ўзбекистон Президентининг халқаро учрашувлари

Давлат раҳбарлари даражасида 21 та ташриф, шу жумладан Шавкат Мирзиёевнинг хорижий мамлакатларга 13 та ташрифи амалга оширилди. Ўзбекистонга 8 та давлат раҳбарлари (Афғонистон, Беларусь, Миср, Қозоғистон, Россия, Тожикистон, Туркия ва Туркманистон) ташриф буюришди. 30 дан ортиқ давлат ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари билан олий даражадаги музокаралар ўтказилиб, 180 та икки томонлама шартнома ва битимлар имзоланди.

Давлат раҳбарининг халқаро ташаббусларини амалга ошириш

Ўзбекистон раҳбари томонидан БМТ, МДҲ, ШҲТ, ИҲТ ва бошқа нуфузли форумлар доирасида илгари сурилган 10 та муҳим халқаро ташаббус тўлиқ амалга оширилди.

БМТ Бош Ассамблеясининг «Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш» (22 июнь) ва «Маърифат ва диний бағрикенглик» (12 декабрь) номли резолюциялари қабул қилинди. Марказий Осиё давлат раҳбарларининг биринчи Маслаҳатлашув учрашуви бўлиб ўтди (Остона шаҳри, 15 март, кейингиси 2019 йил апрелда Тошкент шаҳрида ўтказилади). Афғонистон бўйича Тошкент конференциясининг ўтказилиши ва Ўзбекистон давлат раҳбари илгари сурган Афғонистон можаросини ҳал этиш ва уни минтақавий иқтисодий лойиҳаларга жалб қилиш бўйича таклифлари кенг миқёсда халқаро эътирофга сазовор бўлди.

Яқин қўшниларга нисбатан очиқ ва конструктив сиёсат олиб бориш

Давлатимиз раҳбари бошчилигида мамлакат ташқи сиёсатининг устувор йўналиши – яқин қўшниларга нисбатан очиқ ва конструктив сиёсат олиб бориш, Марказий Осиёдаги муаммоларни тенглик, ўзаро манфаатларни ҳурмат қилиш ва оқилона келишув асосида ҳал этишга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилди.

Минтақанинг барча давлатлари билан олий даражадаги ташрифлар алмашуви бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Президентининг Тожикистонга (9-10 март) ва Тожикистон Президентининг Ўзбекистонга (17-18 август) давлат ташрифлари якунига кўра стратегик аҳамиятга эга ҳужжатлар имзоланди: Дўстлик ва аҳил қўшничиликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги қўшма баёнот ва Ўзбекистон – Тожикистон давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартнома, шунингдек бошқа икки томонлама келишувлар тўплами.

Туркманистон Президентининг Ўзбекистонга ташрифи (23-24 апрел) чоғида 2017 йилда имзоланган Икки давлат ўртасидаги стратегик шерикчилик тўғрисидаги шартномани амалга оширишга қаратилган қатор муҳим ҳужжатлар қабул қилинди ҳамда Европа, Яқин Шарқ ва Осиё давлатларига юк ташиш ҳажмини кўпайтириш учун икки мамлакат транзит салоҳиятидан тўлиқ фойдаланишга келишиб олинди.

Умуман олганда, бугун кунда Марказий Осиёда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, чегараларни делимитация ва демаркация қилиш, чегара пунктларидан ўтиш ва чегара олди ҳудудларда савдони ривожлантириш каби жуда мураккаб масалаларга ечим топиш учун мутлақо янги, конструктив сиёсий муҳит ва қулай шароитлар яратилди.

Ўзбекистоннинг қўшни мамлакатлар билан Давлат чегарасида 64 та ўтиш пунктлари фаолият кўрсатмоқда.

Чегара билан боғлиқ муаммоларнинг ҳал қилиниши натижасида Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалари сезиларли даражада фаоллашди. Улар билан савдо айланмаси ўсиши 9 ой давомида ўртача 50 фоиздан кўпроқни ташкил қилди.

Хорижий мамлакатлар билан барқарор, ишончли ва ўзаро манфаатли муносабатларни йўлга қўйиш

Россия, АҚШ, Хитой, Франция ва ЙИнинг бошқа давлатлари, Туркия, Беларусь, Миср, Осиё-Тинч океани минтақаси ва Яқин Шарқнинг асосий давлатлари билан стратегик шериклик муносабатлари сифат жиҳатдан янги даражага кўтарилди.

Шунингдек, ҳукумат, вазирлик ва идоралар ҳамда халқаро ташкилотлар раҳбарлари даражасида 360 та ташриф бўлиб ўтди. Ҳукуматлараро қўшма комиссияларининг 17 та йиғилиши, ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 25 та ва хавфсизлик масалалари бўйича 34 та маслаҳатлашувлар ўтказилди.

Иқтисодий дипломатия

Бир қатор хориждаги муассасаларнинг штатлар жадвалига ташқи иқтисодий масалалар бўйича 14 та янги лавозим киритилди.

2018 йилнинг 11 ойи давомида маҳаллий товарлар ва хизматлар экспорти 11,3 миллиард АҚШ долларини ташкил этди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 2018 йилда 2,7 миллиард доллардан ортиқ тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилди.

2018 йилнинг 11 ойи давомида Ўзбекистонга 4 миллионга яқин хорижий фуқаро ташриф буюрди (2017 йилга нисбатан 107 фоизга кўп).

Ўзбекистоннинг хориждаги ҳар бир дипломатик ва консуллик муассасалари мамлакатимизнинг муайян ҳудудларга бириктирилган.

2018 йил февралидан бошлаб дипломатик миссиялар раҳбарлари бириктирилган ҳудудларга мунтазам равишда ташриф буюрмоқдалар. Учрашувлар натижасида вилоят ҳокимликлари билан ҳамкорлик бўйича «Йўл хариталари» қабул қилинди.

Минтақалараро ҳамкорлик доирасида 171 та тадбир ташкил қилинди.

Маҳаллий ҳокимият органларига хорижий шериклар билан ҳамкорлик қилишда ёрдам бериш мақсадида Ташқи ишлар вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилмоқда. Ҳозирда Бухоро, Урганч, Самарқанд, Нукус ва Термиз шаҳарларида вазирлик бўлинмалари фаолият олиб бормоқда.

Халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш

Ноябрь ойида Ўзбекистон Халқаро миграция ташкилотининг тўлақонли аъзосига айланди, Халқаро меҳнат ташкилоти билан муваффақиятли ҳамкорлик йўлга қўйилди. 23-24 ноябрь кунлари Самарқандда Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи деярли барча нуфузли халқаро ташкилотлар иштирокида бўлиб ўтган Инсон ҳуқуқлари бўйича биринчи Осиё форуми халқаро майдонда катта ижобий қизиқиш уйғотди.

Ўзбекистон номзодини БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига олға суриш тўғрисидаги қарор халқаро ҳамкорлар, жумладан МДҲ, Европа Иттифоқи давлатлари ва бошқалар томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

ТИВнинг салоҳиятини ва мувофиқлаштирувчи ролини кучайтириш

2018 йилнинг 11 январида давлат раҳбари раислигида Ўзбекистон дипломатик ходимлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.

ТИВ ва дипломатик ваколатхоналар фаолияти танқидий таҳлил қилинди ҳамда аниқ вазифалар белгилаб берилди. Иқтисодий дипломатияни кучайтиришга асосий урғу берилди: мамлакат иқтисодиётига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни, янги технологияларни ва инвестицион дастурларни жалб қилиш, экспорт салоҳиятини ошириш, чет эллик туристлар оқимини кўпайтириш бўйича ишларни кучайтириш.

5 апрелда Президент томонидан «Ташқи ишлар вазирлиги тизимини тубдан такомиллаштириш ҳамда ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятнинг устувор йўналишларини амалга оширишда унинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисидаги» фармон ва «Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича ташкилий чора тадбирлари тўғрисидаги» қарор қабул қилиниб, уларда ТИВ ва унинг чет эллардаги ваколатхоналари фаолиятининг асосий йўналишлари аниқлаб берилди, Вазирликнинг янги тузилмаси тасдиқланди.

Вазирлик таркибида Ташқи иқтисодий ҳамкорлик бош бошқармаси (тўртта бошқармадан иборат), Хориждаги ватандошлар билан алоқалар бўлими, Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўлими ташкил этилди. «Жаҳон» АА негизида «Дунё» ахборот агентлиги ва Медиа маркази ташкил этилмоқда.

Ташқи сиёсий фаолиятни янада фаоллаштириш мақсадида хорижий мамлакатларда янги дипломатик ваколатхоналар очилди ва мавжудлари кенгайтирилди.

Ватандошлар билан ҳамкорлик

Санкт-Петербург, Олма-Ота, Екатеринбург, Қозон ва Владивосток шаҳарларида бош консулхоналар очилди. Ростов-Дон (Россия), Оқтов (Қозоғистон), Гуанчжоу (Хитой) ва Ўш (Қирғизистон) шаҳарларида Бош консулхоналар очилиши режалаштирилмоқда. Ўзбекистоннинг чет эллардаги фуқароларига, жумладан хорижий мамлакатларда меҳнат фаолияти билан шуғулланадиган шахсларларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш бўйича Ўзбекистон консуллик муассасалари фаолияти кучайтирилди.

19 октябрда Меҳнат шароитлари ва уни муҳофаза қилиш, Россия ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларининг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ижтимоий-меҳнат соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни кенгайтирувчи Ўзбекистон-Россия меморандуми имзоланди.

25 октябрда давлат раҳбарининг қарори билан тасдиқланган «Хорижда истиқомат қилувчи ватандошлар билан ҳамкорлик қилиш бўйича Ўзбекистон Республикасининг давлат сиёсати концепцияси» ва 2018-2021 йилларга мўлжалланган тегишли «Йўл харитаси» лойиҳалари ишлаб чиқилди ва қабул қилинди.

Чет элда истиқомат қилувчи ватандошлар билан интерактив мулоқот механизми ишлаб чиқилди ва амалиётга жорий этилди. 160 дан ортиқ тадбирлар – видеоконференциялар, брифинглар, презентациялар ва ватандошлар билан учрашувлар ўтказилди.

9 ой давомида хориждаги консуллик муассасалар томонидан 282 470 та консуллик ҳаракатлари амалга оширилди, жумладан 26 673 та Ўзбекистонга қайтиш гувоҳномалари расмийлаштирилди ва чет эл фуқароларига 203 643 та виза берилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг