Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президент адлия органлари фаолиятига доир янги фармонни имзолади

Президент адлия органлари фаолиятига доир янги фармонни имзолади

Кеча, 13 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади.

Фармонга мувофиқ, адлия органлари ва муассасалари фаолиятининг устувор йўналишлари белгиланди.

биринчи, адлия органларини «Одилона қонунларни қабул қилиш, жамиятда қонунга ҳурмат руҳини қарор топтириш – демократик ҳуқуқий давлат қуришнинг гаровидир» деган концептуал ғояни ҳаётга татбиқ этишга қаратилган ягона давлат ҳуқуқий сиёсати амалга оширилишини таъминлайдиган профессионал хизматга айлантириш;

иккинчи, адлия органлари фаолиятига, устувор равишда, танқидий таҳлил ва ҳуқуқий муаммоларни, аввало, бевосита жойларда ишларни самарали ташкил этиш йўли билан ҳал этишга асосланган, сифат жиҳатидан янги механизмларни жорий этиш;

учинчи, давлат органлари ва ташкилотларининг туман (шаҳар) тузилмаларининг қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини ташкил этиш соҳасидаги фаолиятига услубий раҳбарлик қилиш ва мувофиқлаштириш, танқидий таҳлил асосида изчил ва бир хил ҳуқуқни қўллаш амалиётини таъминлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;

тўртинчи, ҳуқуқий тарғибот ва фуқароларнинг ҳуқуқий онгини оширишнинг замонавий ва таъсирчан услубларини жорий қилиш, уларга қабул қилинаётган қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳияти ва аҳамиятини етказиш, аҳолининг ҳуқуқий саводсизлигига барҳам бериш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;

бешинчи, давлат бошқаруви тизимининг самарадорлигини, маъмурий тартиб-таомиллар ва давлат хизматларининг сифатини комплекс ва танқидий таҳлил қилишда адлия органларининг ролини ошириш, бу соҳаларда қонунчиликни янада такомиллаштириш ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

олтинчи, ўз фаолиятлари юзасидан жамоатчиликка тизимли равишда маълумотлар тақдим этиш йўли билан адлия органлари мансабдор шахсларининг ҳисобот бериш тартибини жорий этиш, уларнинг аҳолини ташвишга солувчи муаммоларга юзаки муносабатда бўлиши ҳолатларига чек қўйиш, шунингдек, уларнинг фаолиятини баҳолашнинг аниқ мезонларини белгилаш;

еттинчи, юридик кадрларни, айниқса, талаб қилинаётган тор доирадаги ва соҳавий мутахассисликлар бўйича тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг сифат жиҳатидан янги тизимини ташкил этиш, юриспруденция соҳасидаги мутахассисларни ўқитишнинг инновацион шакллари ва усулларини жорий этиш, юридик кадрларни етакчи хорижий таълим муассасаларига тизимли равишда юбориш;

саккизинчи, халқаро ва хорижий ташкилотларда Ўзбекистон Республикасининг манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя қилишнинг самарали тизимини, халқаро жамоатчилик ва хорижий инвесторларни мамлакатда амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотлар ҳақида хабардор қилиш механизмларини ташкил этиш;

тўққизинчи, адлия органлари ва муассасалари фаолиятининг моддий-техника таъминотини янада яхшилаш, ходимларни ижтимоий ва моддий рағбатлантиришнинг янги механизмларини, шу жумладан уларни хизмат уйлари билан таъминлашни жорий этиш;

ўнинчи, адлия органлари ва муассасаларининг барча тузилмалари фаолияти самарадорлигини оширишга йўналтирилган замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш кабилар энг устувор йўналишлар деб ҳисобланади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг