Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Президент Ўзбекистон ёшларига табрик йўллади

Президент Ўзбекистон ёшларига табрик йўллади

Фото:Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Ёшлар куни муносабати билан Ўзбекистон ёшларига байрам табриги йўллади. Табрик матни «ЎзА»да эълон қилинди.

«Қадрли ёшлар, азиз ўғил-қизларим!

Сизларни, сизларнинг тимсолингизда бутун халқимизни мамлакатимизда биринчи марта нишонланаётган қутлуғ айём – Ёшлар куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Мана шундай қувончли кунда, аввало, юртимизда кейинги пайтда ёшлар билан ишлаш бўйича мутлақо янги тизим яратилгани, ўғил-қизларимизнинг ижтимоий фаоллиги, Ватан ва халқ тақдирига дахлдорлик ҳисси кучайиб бораётганини, замонавий, демократик Ўзбекистон давлатини барпо этишда навқирон авлодимизнинг муносиб иштирок этаётганини барчамиз миннатдорлик билан эътироф этамиз.

Келажагимиз эгалари бўлган ёшларимизнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг орзу-интилишлари, қобилият ва салоҳиятини рўёбга чиқариш биз олиб бораётган давлат сиёсатининг энг муҳим ва устувор йўналиши бўлиб, бу йўлда улкан ишларни амалга ошираётганимиз сизларга яхши маълум, албатта.

Ўтган бир йилнинг ўзида ёшлар ҳаётига бевосита тааллуқли бўлган 20 дан зиёд қонун, фармон ва қарорлар қабул қилингани ҳам бу фикрни яққол тасдиқлаб турибди.

Айниқса, сизларнинг ташаббусингиз билан бундан бир йил муқаддам Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилгани ёшларимиз, бутун эл-юртимиз ҳаётидаги муҳим воқеа бўлди.

Албатта, бир йил – тарих учун жуда қисқа фурсат. Шунга қарамасдан, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ўтган қисқа даврда мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш йўлида давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан самарали ҳамкорлик қиладиган муҳим ижтимоий тузилмага айланди.

Шу асосда ёш авлодимизнинг гражданлик позицияси ва фаоллигини кучайтириш, уни мустақил фикрлайдиган, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаб, халқаро майдонда рақобатга кириша оладиган баркамол шахслар этиб тарбиялаш бўйича сезиларли ишлар амалга оширилмоқда. Энг муҳими, ёшлар билан доимий мулоқот олиб бориш, уларнинг бандлигини таъминлаш, ҳаётда ўз ўрнини топиши, жамиятнинг муносиб аъзоларига айланиши, меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш вазифаси барчамизнинг кундалик фаолиятимиз мезонига айланиб бормоқда.

Бунинг амалий тасдиғини кўплаб мисолларда кўриш мумкин. Хусусан, ёшлар учун янги иш ўринлари яратиш, ёш тадбиркорларга, айниқса, қизларимизга ҳунармандлик билан шуғулланишлари учун кредитлар ажратиш, уларни касбга тайёрлаш ва малакасини ошириш, фермерликни қўллаб-қувватлаш, фарзандларимизнинг таълим-тарбияси, уларни соғломлаштириш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича муҳим қадамлар қўйилмоқда.

Фақат бир йил давомида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тавсияси билан 4 минг 300 га яқин йигит-қизларимизга банклар томонидан 216 миллиард сўм имтиёзли кредитлар берилгани, 184 минг 300 дан зиёд фарзандларимиз иш билан таъминлангани эътиборга лойиқ.

Мамлакатимизда марказий ва маҳаллий ҳокимлик идоралари, депутатлар корпуси, суд-ҳуқуқ соҳаси раҳбарларининг ёшлар билан очиқ мулоқотлар олиб бориши ижобий анъанага айланиб бормоқда. Бундай мулоқот ва учрашувларда ёшларни қийнаётган кўпгина муаммолар жойида ҳал этилмоқда, уларга амалий ёрдам, малакали маслаҳат ва йўлланмалар берилмоқда»,—дея таъкидланган байрам табригида.

Шунингдек, президент ёшлар эришаётган ютуқлар хусусида ҳам тўхталган. 

«Ўтган бир йил мобайнида ўғил-қизларимиздан 266 нафари республика, 80 нафари халқаро фан олимпиадалари ғолиблари бўлгани, спортчиларимиздан 12 нафари жаҳон, 93 нафари Осиё чемпионатларида, 150 нафардан зиёди халқаро мусобақаларда юксак шоҳсупаларга кўтарилганини ана шундай эзгу ишларимизнинг дастлабки натижалари сифатида қабул қиламиз.

Ёшларимизнинг миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида, ҳар томонлама соғлом ва баркамол бўлиб вояга етиши учун таълим-тарбия соҳасида улкан ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Хусусан, мактабгача таълим муассасаларининг замонавий тизими яратилмоқда, умумтаълим мактабларида 11 йиллик таълим жорий этилмоқда. Олий таълим тизимида янги, замонавий билим масканлари, жумладан, нуфузли хорижий университетларнинг филиаллари ташкил этилиб, соҳа фаолияти тубдан такомиллаштирилмоқда.

Юртимизда Темурбеклар ҳарбий лицейлари, Муҳаммад Хоразмий ва Мирзо Улуғбек мактаблари, атоқли адибларимиз номидаги ижод мактаблари ташкил этилгани униб-ўсиб келаётган фарзандларимизни буюк аждодларимизга муносиб авлод этиб тарбиялашга хизмат қилмоқда.

Биз бу борадаги ишларни келгусида ҳам албатта изчил давом эттирамиз. Хусусан, иқтидорли ёшларимизни дунёнинг энг етакчи университетлари, илмий марказларида давлат ҳомийлигида ўқитиш, малакасини ошириш бўйича самарали тизим яратиш – олдимизда турган муҳим вазифадир.

Ёшларни, ёш оилаларни ижтимоий ҳимоя қилиш масаласи ҳам биз учун энг муҳим ва устувор йўналишга айланиб бормоқда. Бу борада мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг уй-жой ва маиший шароитларини яхшилаш мақсадида Ёшлар уйларини барпо этиш дастури ҳаётга изчил жорий этилаётганини таъкидлаш лозим»,— дейди президент.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг