Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президент Хонобод ҳарбий аэродромига бориб, учувчилар билан суҳбатлашди

Президент Хонобод ҳарбий аэродромига бориб, учувчилар билан суҳбатлашди

Фото: Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида айни пайтда Қашқадарё вилоятида бўлиб турибди. 

Вилоятга ташрифи чоғида давлат раҳбари Қарши туманидаги Хонобод ҳарбий аэродромига ташриф буюрди. Учувчилар билан мулоқот қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Telegram»даги расмий каналида хабар берилди

Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 11 январида бўлиб ўтган Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги мажлисидаги маърузасида бундан буён қайси ҳудудга хизмат сафарига борадиган бўлса, биринчи куни жойлардаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар қандай бораётгани билан танишишини, иккинчи куни эса, шу ҳудуддаги ҳарбий-маъмурий секторлардаги аҳволни ҳар томонлама ўрганиб чиқишини маълум қилган, ҳокимлар, округ қўмондонлари ва бошқа тегишли мутасадди раҳбарлар буни албатта эътиборга олиши лозимлигини таъкидлаган эди.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 28 январь куни Қашқадарё вилоятига жўнаб кетган эди. Ташриф давомида Ўзбекистон Президенти Яккабоғ туманидаги «Дармон фарм» хусусий корхонасига қарашли «Дармон шарбати» мева-сабзавотни қайта ишлаш ва қадоқлаш корхонаси иш жараёни билан танишди, вилоятда бу каби корхоналарни кўпроқ ташкил этиш, тадбиркорларга экспортни ўргатиш масаласига эътибор қаратиб: «Тадбиркорларни экспортга ўргатиш, бунинг учун бизнес-инкубаторлар ташкил этиш, экспорт муҳитини яратиш зарур»лигини таъкидлагани ҳақида хабар берган эдик.

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев «Дорут тиловат» мажмуаси ҳамда Абу Муин Насафий мақбарасини зиёрат қилди, Шаҳрисабз шаҳридаги хусусий мактабгача таълим муассасасида бўлиб, мазкур боғча мисолида Шаҳрисабз шаҳрида яна 25 та нодавлат мактабгача таълим муассасаси барпо этиш, боғча мудираси Шаҳноза Холмаҳматовага Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобиль совға қилиш бўйича топшириқ берди, жорий йил 1 августгача «Афросиёб» поезди қатновини Шаҳрисабзгача йўлга қўйиш бўйича кўрсатма берди, Шаҳрисабз шаҳар ва туманида меҳнат бозорини барқарорлаштириш, ишсизларни касбга ўқитиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг