Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев: «Қашқадарё мисолида лимончилик уюшмаси ташкил этилади»

Шавкат Мирзиёев: «Қашқадарё мисолида лимончилик уюшмаси ташкил этилади»

Фото: «President.uz»

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қарши туманидаги «Бахт» кўп тармоқли фермер хўжалигига ташриф буюрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур фермер хўжалиги чорвачилик, паррандачилик, туячилик, йилқичилик, қуёнчиликка ихтисослашган. 4 гектарда интенсив боғ, 1 гектар майдонда иссиқхона ташкил этилган.

Давлат раҳбари фермер хўжалигида қўшимча тармоқларни ишга тушириш ҳисобига янги иш ўринларини янада кўпайтириш бўйича тавсиялар берди.

Шу ерда вилоятда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, аччиқ қалампир, коврак плантациялари ташкил этиш, чорвачилик, куркачилик мажмуалари, пистазор ва ёнғоқзорлар барпо этиш, ўрмон хўжаликларида интенсив усулда кўчат етиштириш, сутни қайта ишлаш, асаларичилик лойиҳалари тақдимоти ҳам ўтказилди.

Президент лимончиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратди.

— Лимончилик нафақат Қашқадарё воҳаси, балки мамлакатимиз учун энг сердаромад соҳалардан. Бу тармоқни ривожлантириш иқтисодиётимиз рақобатбардошлигини ошириш, қўшимча даромад манбаини яратишга хизмат қилади. Шу боис мазкур истиқболли йўналишни қўллаб-қувватлаш, Қашқадарё мисолида лимончилик уюшмасини ташкил этиш лозим, — деди Шавкат Мирзиёев.

Қашқадарё вилоятида тери хомашёсини қайта ишлаш ва чарм-пойабзал кластерини барпо этиш, аҳолини тухум ва парранда гўшти билан таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳам атрофлича муҳокама этилди.

Президент барча лойиҳаларни такомиллаштириш юзасидан мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг