Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қатар Россиядан «С-400» русумли зенит ракета тизимларини сотиб олишда ҳеч қандай муаммо йўқлигини маълум қилди

Қатар Россиядан «С-400» русумли зенит ракета тизимларини сотиб олишда ҳеч қандай муаммо йўқлигини маълум қилди

«С-400» русумли ракета тизимлари.

Фото: «Macedoniaonline.eu»

Қатар мудофаа вазири Холид бин Муҳаммад Атийя Россиядан «С-400» русумли ракета тизимларини харид қилишнинг ёмон томони йўқлигини маълум қилди. Бу ҳақда у душанба куни Вашингтоннинг «Мерос» консерватив жамғармасида (Heritage Foundation) маълум қилди, дея хабар бермоқда ТАСС.

У Росиядан ракета комплекслари харид қилинаётгани тўғрисидаги маълумотни тасдиқламади ва: «Мен бошқа тизимларни кўриб чиқаётганимиз ва излаётганимизда ҳеч қандай муаммо кўрмаяпман. Аммо бу биз АҚШ билан мудофаа соҳасидаги муносабатларимизни ўзгартирмоқчимиз дегани эмас», — деди.

«Биринчидан, Қатар мудофаа вазирлиги бу ҳақда гапиргани йўқ, — дея таъкидлади Атийя «С-400»ни сотиб олишга оид маълумотни тасдиқлаш ҳақидаги сўровга жавоб бера туриб. — Биз, одатда, вазирликда мавжуд барча имкониятларни ўрганамиз. Сизга, мамлакатингизга мос келадиган нарсаларни ўрганиш, кўриб чиқиш ва излаб топишнинг ҳеч қандай ёмон жойи йўқ».

Вазирнинг сўзларига кўра, мудофаа соҳасида Вашингтон билан мустаҳкам алоқаларга эгалиги Доха «бошқа мамлакатларнинг таклифларини ўргана олмайди» дегани эмас.

Пайшанба куни Пентагон расмий вакили Дан Уайт Қатарнинг Россиядан «С-400» ракета тизимларини сотиб олиш ҳақидаги режаси мамлакатнинг суверен қарори эканини айтган эди.

Олдинроқ, Қатарнинг Москвадаги элчиси Фаҳад Муҳаммад Атийя ТАССга берган интервьюсида Қатар «С-400» русумли зенит ракета тизимларига қизиқиш билдираётганини ва бу борада музокара кетаётганини айтган, «Гап айнан “С-400” ҳақида бораяптими?» деган саволга «айнан шундай» дея жавоб берган эди. Кейинроқ эса элчихона Россия билан айнан «С-400» ракета комплекслари эмас, балки ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини сотиб олиш борасида музокара олиб борилганини маълум қилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг