Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қирғизистоннинг янги президенти Ўзбекистонга келди

Қирғизистоннинг янги президенти Ўзбекистонга келди

Қирғизистоннинг янги Президенти Тошкентга келди

Фото: Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қирғизистон Республикаси Президенти Сооранбай Жээнбеков 2017 йил 13 декабр куни расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов кутиб олди.

Дастлаб Сооранбай Жээнбеков Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ҳамроҳлигида Мустақиллик майдонига ташриф буюрди ҳамда Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйди.

Сооранбай Жээнбеков Мустақиллик майдонида
Фото: Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати

Шундан сўнг Қирғизистон Президенти Тошкентдаги Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасига ташриф буюриб, Ислом Каримов ҳайкали пойига гул қўйди ва унинг ёрқин хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

Қирғизистон Президенти Ислом Каримов ҳайкали пойига гул қўйди
Фото: Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати

Қайд этиш керак, олий даражадаги учрашув ва музокараларда сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги давлатлараро алоқаларнинг бугунги ҳолати ва янада ривожлантириш истиқболлари, чегараолди ҳамкорлик масалалари, айрим минтақавий ва халқаро муаммоларни муҳокама қилиш режалаштирилган.

Ташриф якунлари бўйича давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти, турли соҳалардаги ўзаро муносабатларни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга қаратилган қатор ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтиш керак, 2017 йил сентябр ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Алмазбек Атамбоев таклифига биноан Қирғизистонга ташриф буюрганди, кейинроқ, октябрда эса Атамбоев Ўзбекистонга келган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг