Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қонун лойиҳаси нега маъқулланмади?

Қонун лойиҳаси нега маъқулланмади?

Фото:«Parliament.gov.uz»

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев «Facebook»даги саҳифасида Ўзбекистон Республикасининг «Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида»ги Қонун лойиҳаси нега маъқулламагани юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирди.

«Яқинда бўлиб ўтган палатамиз ялпи мажлисида депутатларимиз «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида»ги ҚЛ – 426-сон Қонун лойиҳаси кўриб чиқилиб, етарли овоз тўпланмаганлиги сабабли маъқулланмади.

Таъкидлаб ўтиш керакки, Қонун лойиҳаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, унда асос сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 майдаги 2936-сон қарори билан тасдиқланган чора-тадбирларнинг 1-бўлими 5-бандидаги топшириқ кўрсатиб ўтилган. Ушбу топшириқда «фуқаролар ва мансабдор шахсларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган, шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузишдаги ҳуқуқбузарликлари учун жарима миқдорларини кўпайтириш билан масъулиятини ошириш» кўзда тутилган эди.

Эътибор қилинса гап ҳуқуқбузарликлар учун амалда мавжуд жарима миқдорларини кўпайтириш ҳақида кетмоқда. Бироқ тадим этилган қонун лойиҳасида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 99-моддасида лойиҳалаш, экспертиза, қурилиш-монтаж ишларини бажариш талабларини, бинокорлик материаллари, конструкциялари ва буюмларини ишлаб чиқаришда техник регламентлар талабларини бузиш, шунингдек, давлат архитектура-қурилиш назорати органларининг кўрсатмаларини бажаришдан бўйиш товлаш ёки ўз вақтида бажармаганлик учун мансабдор шахслардан ташқари фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорида жарима солиш таклиф этилмоқда. Бу нотурар объектларга нисбатан эмиш, бироқ матнда ундаймас.

Амалдаги тартибга қарасак, мазкур талабларни бажармаганлик учун фуқаролар эмас балки мансабдор шахслар субъектига нисбатан жарима қўллаш белгиланган. Ваҳоланки Президентнинг 2936-сон қарорида ҳуқуқбузарликлар учун жарима миқдорларини кўпайтириш кўзда тутилган бўлиб, қўшимча субъектлар яъни, фуқароларга янги жазо чораларини қўллаш назарда тутилмаган эди.

Айни пайтда жойларда айниқса, қишлоқ ҳудудларида жуда кўплаб фуқаролар ўз аҳоли хонадонларида қандайдир қўшимча қурилмалар қурган ёки қурилиш ва таъмирлаш ишларини қурилишнинг техник регламент талаблари асосида олиб боришнинг имкониятини қила олмаганлигини жуда яхши биламиз. Агар мазкур лойиҳа қабул қилингудек бўлинса, бундан буён

ёппасига минглаб балки ундан ҳам кўп фуқароларимиз жаримага тортилишига олиб келиши мумкин. Ундан ташқари бугунги кунда жойларда айниқса қишлоқ ҳудудларида хонадонларда қурилиш қилмоқчи ёки бир қисмини таъмирламоқчи бўлган фуқаролар учун ўз вақтида зарур лойиҳа қилиб беришга тайёр қурилиш лойиҳа ташкилотлар етарлими, деган савол ҳам одамни ўйлантиради. Камига бундай ташкилотлар текинга қилиб бермайди лойиҳани. Кейин лойиҳа талабларидан четга чиқиб кўрингчи.

Шу боис, бундан бир оз аввал бўлиб ўтган ялпи мажлисда депутатларнинг мана шундай эътирозлари сабабли ушбу қонун лойиҳаси қайта такомиллаштириш тавсияси билан кун тартибидан вақтинча олиб ташланган эди. Бироқ оҳирги ялпи мажлисда қонун лойиҳаси ҳеч қандай ўзгаришсиз яна ўз ҳолидек палата ялпи мажлисига киритилиб депутатлар ихтиёрига ҳавола этилди.

Биз депутатлар томонидан билдирилган эътироз ва таклифларнинг ҳеч бири қонун лойиҳасида акс эттирилмаганлиги сабабли қонун лойиҳаси концептуал жиҳатдан маъқуллаш учун овозга қўйилганида етарли даражада овоз тўпламади ва қайтариб юборилди.

Нима бўлганда ва қандай шароитда бўлишидан қатъий назар «халқни рози қилиш» шарти биз учун устувор бўлиб қолиши лозим.

Одамларнинг дард-у ташвиши билан яшаб минглаб сайловчилари иродасини акс эттириб овоз бераётган депутатлар бундан буён ҳам адолат принципига содиқ ҳолда иш тутишларига ишончим комил бўлиб бормоқда» дея ёзади депутат.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг