Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Қора кунлар». БМТнинг 44 минг ходими маошсиз қолиши мумкин

«Қора кунлар». БМТнинг 44 минг ходими маошсиз қолиши мумкин

Бош котиб Антониу Гутерришнинг боши қотган.

Фото: “Reuters”

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти оғир молиявий танглик ёқасида. Бу ҳақда ташкилот бош котиби Антониу Гутерриш Нью-Йоркда ўтган бюджет муҳокамасида маълум қилган.

Хавотир ила қайд этилишича, октябрь ойи охирида ташкилот ғазнаси буткул бўшаб, ноябрдан 44 минг ходим маошсиз қолади.

БМТ ғазнаси аъзо мамлакатларнинг бадал пули ҳисобидан тўлдирилади. 2019 йилда ташкилот бюджети 3,3 миллиард доллар этиб белгиланган. Ҳозирга қадар 193 аъзо мамлакатнинг 129 таси бадални тўлаган. Бундан эса ташкилот харажатларининг 70 фоизи қопланган. Расмий маълумотга кўра, Ўзбекистон жорий 2 май куни 892 232 доллар тўлаб, аъзолик мажбуриятини ўтаган.

Аъзолик бадали тўловини оз эмас, нақ 64 мамлакат пайсалга солмоқда. Бош котиб дипломатлигига бориб, қарздорларни номма-ном санамаган. Аммо маълумотларга қараганда, АҚШ, Бразилия, Аргентина, Исроил, Корея Республикаси, КХДР, Эрон, Венесуэла, Мексика, Уругвай Сауд Арабистони каби мамлакатлар бу борада сусткашлик қилмоқда.

Аъзолик бадалини ўз вақтида тўлаган, кечикиброқ тўлаган ва ҳалигача тўламаган давлатлар. 2019 йил 8 октябрь ҳолати. Фото: “Statista.com”

БМТ бюджетининг 22 фоизи Қўшма Штатлар улушига тўғри келади. Вашингтон жорий йил учун 670 миллион доллар бадал пулини ўтказиб бермаган. Ўтган йил ҳисобидан ҳам Америка ҳукумати халқаро тузилмадан 380 миллион доллар қарздор.

Аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трамп БМТга бадал пулини тўлашга шошилмаслик лозимлиги, чунки у адолатсиз равишда белгиланганини айтган эди. Ваҳоланки, ҳар бир давлат учун аъзолик бадали миқдорини белгилашда унинг ЯИМ, аҳоли даромади, ички ва ташқи қарз кўрсаткичлари ҳисобга олинади. Шу боис Хитой (334 миллион доллар), Япония (238,7 миллион доллар), Германия (169,8 миллион доллар), Буюк Британия (127,3 миллион доллар), Франция (123,4 миллион доллар) каби мутараққий ўлкалар ҳам катта миқдорда аъзолик бадали тўлайди. 

БМТ раҳбарияти қарздор мамлакатларга огоҳлантириш мактуби йўллаган. Айни чоқда, халқаро тузилма мансабдорлари ва мулозимларига «оғир кунлар»га тайёр туриш, маблағни имкон қадар тежаш, хизмат сафарларини камайтириш уқтирилган. 

БМТ фаолиятида молиявий муаммолар илк бор кузатилаётгани йўқ. Кейинги йилларда халқаро тузилма бадал пули вақтида тўланмагани сабаб кўп бора танг ҳолатга тушиб қолди. Муаммо шундаки, БМТ низомида қарздорларга нисбатан таъсир чоралари кўзда тутилмаган. Аммо амалиётда гоҳида тўловни сурункасига чўзиб келган мамлакатлар (масалан, Венесуэла, Судан, Ливия) овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум этилади.

С.Салим

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг