Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қозоғистон президенти Абдулла Ариповни «Дўстлик» ордени билан тақдирлади

Қозоғистон президенти Абдулла Ариповни «Дўстлик» ордени билан тақдирлади

Фото: «akorda.kz»

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Ўзбекистон бош вазири Абдулла Ариповни қабул қилди. Учрашувда икки томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолатига ижобий баҳо берилди.

Қозоғистон президентининг таъкидлашича, бунга энг юқори даражадаги фаол мулоқот, ҳукумат даражасидаги яқин алоқалар, шунингдек, томонларнинг мамлакатлар ўртасидаги кўп қиррали алоқаларни мустаҳкамлашга интилиши асосий омил бўлмоқда.

«Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик менинг Ўзбекистонга ташрифим давомида ҳурматли Шавкат Миромонович Мирзиёев билан музокаралар чоғида эришилган келишувларга мувофиқ равишда ниҳоятда муваффақиятли ривожланиб бормоқда. Биз биродар қўшни Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантиришга устувор аҳамият қаратамиз, буни Марказий Осиё минтақасида барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашнинг жуда муҳим омили деб биламиз. Ўзаро алоқаларимизни хилма-хил, энг муҳими, мазмунли қиладиган қатор қўшма лойиҳалар мавжудлигини мамнуният билан таъкидламоқчиман», — деди Қозоғистон президенти.

Қасим-Жомарт Тоқаевнинг қайд этишича, бугунги кунда Ўзбекистон кўплаб йўналишларда улкан ютуқларга эришмоқда, кенг кўламли ислоҳотларни тизимли равишда амалга оширмоқда. Қозоғистон халқи стратегик шерик ва иттифоқдош бўлган Ўзбекистон ютуқларидан чин дилдан мамнун.

— Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий ривожланишда сезиларли ютуқларга эришди. Бу бизни хурсанд қилмай қолмайди, чунки биз биродар давлатлармиз. Табиийки, Ўзбекистоннинг ютуқлари ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг ривожланишига ижобий таъсир кўрсатмоқда, — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Ўз навбатида, Абдулла Арипов ушбу қабул учун миннатдорлик билдирди ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг саломи ва илиқ тилакларини етказди.

— Шавкат Миромонович ва Қасим-Жомарт Кемелевич ўртасидаги доимий ва ишончли алоқалар туфайли қозоқ-ўзбек ҳамкорлигининг ижобий динамикаси муваффақиятли шаклланмоқда. Сиз яқин йилларда ўзаро савдо ҳажмини 10 миллиард долларга етказиш вазифасини қўйдингиз. Мамлакатларимиз ҳукуматлари ушбу марраларни забт этишга қатъий киришганлар, — деди Абдулла Арипов.

Учрашув якунида Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон-Ўзбекистон муносабатларини ривожлантириш ва дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Ариповни II даражали «Дўстлик» ордени билан тақдирлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг