Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Сайлов қонунчилигини такомиллаштиришга бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтди

Сайлов қонунчилигини такомиллаштиришга бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтди

Фото: «Lenta.ru»

17 ноябрь куни Бухоро шаҳрида «Сайлов қонунчилигини такомиллаштириш ва демократик сайловлар: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиёт» мавзуидаги халқаро конференция ўз ишини давом эттирди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати хабар берди.

Конференциянинг иккинчи куни сайлов жараёнларида замонавий ахборот-комуникация технологияларидан фойдаланишнинг долзарб масалаларига бағишланди.

Анжуманнинг бугунги ишида Сайлов тизими бўйича халқаро экспертлар маркази (Нидерландия), Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси котибияти (Жанубий Корея), Қирғизистон Республикаси сайловлар ва референдумлар ўтказиш бўйича Марказий сайлов комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Давлат персоналлаштириш маркази вакиллари ва бошқалар иштирок этдилар.

Сўзга чиққанлар сайлов жараёнига замонавий ахборот- технологияларини жорий этишнинг ўзига хос хусусиятлари, мазкур муҳим сиёсий тадбирни ўтказишда фойдаланиладиган техник базани модернизация қилиш масалаларига батафсил тўхталишди ва миллий иш тажрибаси бўйича фикр алмашишди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 октябрда қабул қилинган «Сайлов жараёнида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори миллий сайлов тизимига сайлов жараёнини бошқаришда Ахборот тизими ва сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати (СЯЭР)ни жорий қилишнинг ҳуқуқий асосларини яратишда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Мазкур ахборот тизими ҳуқуқий тажриба тартибида 2017 йил декабрь ойида Тошкент шаҳрида халқ депутатлари туман Кенгашлари сайловида синовдан ўтказилиб, маҳаллий ва хорижий экспертлар томонидан ижобий баҳоланган эди. Унинг афзаллиги шундаки, ушбу тизим «бир сайловчи – битта овоз» тамойилини таъминлаш, бир сайловчининг бир неча рўйхатларга киритилишига йўл қўймаслик, маъмурий-ҳудудий бирликлар кесимида ҳамда хорижда бўлган умумий сайловчилар сонини, сайлов округлари ва участкалари бўйича сайловчилар нормаларини белгилаш учун қулай имконият яратади. Ягона электрон рўйхатни қўллашни тартибга солувчи нормалар Сайлов кодексининг лойиҳасига киритилган.

Халқаро анжуман иштирокчилари ЕХҲТ иштирокчи – давлатларида сайловчилар электрон рўйхати амал қилишининг амалий жиҳатлари, овоз беришнинг янги технологиялари, Ўзбекистонда СЯЭРни яратиш механизмини амалга ошириш йўналишлари ва асосий босқичлари, 2019 йилда ўтказиладиган сайловларга тайёргарлик кўришда сайловчилар рўйхати билан ишлаш, жараёнда давлат органлари ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик, маълумотлар базаси хавфсизлигини таъминлаш каби масалаларни муҳокама қилиш асносида ўзаро фикр алмашдилар.

Конференцияда тингланган маърузалар юзасидан мунозаралар бўлиб ўтди.

Хорижлик экспертлар Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳоладилар ҳамда самарали ҳамкорлик учун самимий миннатдорлик билдиришди.

Тадбирда хорижий давлатларнинг сайлов тизимини такомиллаштириш тажрибаси ҳақида ҳам атрофлича фикр юритилди. Мазкур халқаро анжуман сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати устида ишлаш масалалари юзасидан ўзаро фикр алмашинишда кенг мулоқот минбари сифатида аҳамият касб этгани эътироф этилди.

Долзарб мавзу бўйича амалий мулоқотларга бой бўлган конференцияда Сайлов кодекси лойиҳасига СЯЭРнинг дастурий таъминотини яратишда фойдали бўлган аниқ таклифлар ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Халқаро анжуман якунланганидан сўнг хорижлик иштирокчилар учун қадимий Бухоро шаҳрининг тарихий меъморий ёдгорликлари ва бошқа диққатга сазовор жойлари бўйлаб саёҳат уюштирилди.


Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг