Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Сенаторлар қандай тинч ухламоқда?

Сенаторлар қандай тинч ухламоқда?

Фото: «Uza.uz»

Сенат томонидан аҳолини йиллар давомида қийнаб келаётган муаммоларини аниқлаш ва уларнинг ечимини топиш борасида мунтазам ўрганишлар ўтказилаётгани Сенат ялпи мажлисида алоҳида қайд этилди, деб хабар бермоқда «ЎзА».

Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев ўз сўзида «Айни пайтда умумдавлат манфаатларига дахлдор бўлган масалаларни ҳал этиш учун биз парламент сўрови имкониятларидан етарли даражада фойдаланмаяпмиз», дея қайд этди.

Ўрганишларда аниқланишича, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Бухоро, Сурхондарё, Фарғона ва Тошкент вилоятларидаги бир қатор туманларнинг ҳудудий яхлитлиги таъминланмаганлиги боис, ҳозирда кўплаб «анклав», яъни ўзга ўрам ҳудудлар мавжуд.

Бу ҳолат, аҳолини кўп йиллардан буён қийнаб келаётган муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф қилиш ҳамда жиноятчиликка қарши кураш амалиётида кўплаб қийинчиликларнинг юзага келишига сабаб бўлмоқда.

Жумладан, Ангрен шаҳрига қарашли 11.400 нафар аҳоли яшовчи «Красногорск» қўрғони Паркент тумани ҳудудида, 8.408 нафар аҳоли яшовчи «Нуробод» қўрғони Оҳангарон тумани, 2.077 нафар аҳоли яшовчи «Чиғириқ» маҳалласи Ўртачирчиқ тумани ҳудудида жойлашган.

Ачинарлиси, ушбу «анклав» ҳудудлар Ангрен шаҳри марказига 35 км.дан 97 км.гача бўлган масофада жойлашган.

Ушбу ҳудудлар аҳолисидан Ангрен шаҳридаги маъмурий идораларга бориб, шахсий масалаларини ҳал қилиш кўп вақт ва маблағ талаб этмоқда.

Н.Йўлдошев сенаторларга қарата «Нима учун ушбу ҳудудлардан сайланган сенаторлар шу каби умумдавлат аҳамиятига молик масалаларни парламент сўрови воситасида ҳал қилиш бўйича ташаббус кўрсатмаганлар? Улар аҳолини йиллар давомида қийнаб келаётган муаммолардан ўша ҳудудда яшаб ҳам бехабарми?», дея мурожаат қилди.

– Шу ўринда Вазирлар Маҳкамаси вакилларининг эътиборини бир жиҳатга қаратмоқчиман, – деди раис. – Бизнинг мазкур масала юзасидан тегишли таклиф ва тавсияларимиз ўтган йилнинг августида Ҳукуматга киритилган эди. Аммо шу кунга қадар Ҳукумат томонидан шундай долзарб масалани ҳал этишга қаратилган биронта ҳам қарор қабул қилинмади ва белгиланган тартибда парламентга киритилмади. Қачонгача бу ҳудудлар аҳолиси мутасаддиларнинг эътиборсизлиги ва масъулиятсизлиги оқибатида азият чекиши керак?!

Ҳудудлардан сайланган айрим сенаторлар ҳудудий муаммоларни ҳал қилишда ҳатто сенатор сўровидан ҳам зарур даражада фойдаланмаяпти.

Таҳлилларга кўра, жорий йилда Сурхондарё ва Хоразм вилоятларидан юборилган сўровлар фақат бир нафардан сенаторнинг ҳиссасига тўғри келган. Бухородан сайланган сенаторлар томонидан бор-йўғи иккита, навоийликлар томонидан эса, учта сўров жўнатилган.

Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Тошкент шаҳридан сайланган ва ҳудудларда фаолият кўрсатаётган сенаторлар томонидан бирорта ҳам сенатор сўрови юборилмаган.

Сенат раиси: «Катта ваколатлар ва энг асосийси, сайловчиларнинг овозларини олган мазкур ҳудудлардаги сенаторлар бундай сусткашлик, масъулиятсизликни қандай изоҳлашади? Ҳар бир ҳудудда қанчадан-қанча долзарб масалалар, аҳолини ташвишга солаётган муаммолар юзада қалқиб турган бир шароитда улар қандай қилиб тинч ухлашмоқда, эл-юрт ташвишлари, манфаатлари наҳотки уларнинг виждонини қийнамаса?! Ҳаммамиз учун «ғалвирни сувдан кўтариш» вақти яқинлашмоқда, сайловчилар ўз саволларига жавобларни бугун кутмоқда», дея қайд этди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг