Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шавкат Мирзиёев Буюк Британия ташқи ишлар вазири ўринбосарини қабул қилди

Шавкат Мирзиёев Буюк Британия ташқи ишлар вазири ўринбосарини қабул қилди

Фото: Президент матбуот хизмати

16 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда амалий ташриф билан бўлиб турган Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Алан Дунканни қабул қилди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.

Давлатимиз раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, кейинги йилларда Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги кўп қиррали муносабатлар жадал ривожланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этди.

Ўз навбатида, Алан Дункан кўрсатилган меҳмондўстлик учун Президентимизга самимий миннатдорлик билдириб, Буюк Британия Бош вазири Тереза Мэйнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Ташқи ишлар вазири ўринбосари Ўзбекистонда давлат бошқарувининг барча соҳалари ва иқтисодиёт тармоқларини қамраб олган кенг кўламли ислоҳот ва янгиланишлар мамлакатларимиз ўртасидаги ҳар томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини таъкидлади.

Бугунги кунда сиёсий мулоқот ва парламентлараро алоқалар фаол давом эттирилмоқда, савдо-иқтисодиёт, инвестиция, инновация ва банк-молия соҳаларидаги ҳамкорлик кенгаймоқда. 2018 йил якунларига кўра ўзаро савдо ҳажмида кейинги 10 йилдаги энг юқори ўсиш кўрсаткичи қайд этилди.

Жорий йил февраль ойида Тошкент шаҳрида Буюк Британиянинг етакчи компаниялари иштирокида Савдо ва саноат бўйича Ўзбекистон-Британия кенгашининг навбатдаги йиғилиши самарали ўтди.

Маданий-гуманитар, таълим ва туризм соҳаларидаги алмашинувлар кенгаймоқда. Мамлакатимизда Халқаро Вестминстер университети ва Британия кенгашининг ваколатхонаси муваффақиятли фаолият юритмоқда.

Учрашувда икки томонлама амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, Британиянинг тўғридан-тўғри инвестицияларини, илғор тажриба ва технологияларини жалб қилган ҳолда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга кўмаклашишнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар, жумладан, Марказий Осиёда яхши қўшничилик ва шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш, шунингдек, Афғонистондаги вазиятни тез фурсатда тинч йўл билан ҳал этиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Учрашув сўнгида Ўзбекистон ва Буюк Британиянинг мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш борасида интилиши қатъий экани алоҳида қайд этилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг