Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев ДХХ янги биноси ва ҳудудини очиб берди

Шавкат Мирзиёев ДХХ янги биноси ва ҳудудини очиб берди

Ўзбекистон Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раислигида бугун, 25 декабрь куни Давлат хавфсизлик хизмати биносида мамлакат хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлигига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Йиғилишда Олий Мажлис палаталари раҳбарлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси вакиллари, ҳукумат аъзолари, Давлат хавфсизлик хизмати шахсий таркиби, вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари раҳбарлари иштирок этди. Видеоселектор орқали тадбирни Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари кузатиб борди.

Йиғилишда тизимда амалга оширилган ислоҳотлар натижалари ва галдаги устувор вазифалар муҳокама қилинди. Давлат хавфсизлик хизматининг бошқа давлат органлари ва идоралари билан ташқи ва ички таҳдидларга қарши курашиш бўйича ҳамкорлигини кучайтиришга доир долзарб масалалар кўриб чиқилди.

Узоқ ва яқин минтақаларда халқаро терроризм, экстремизм ва трансчегаравий жиноятчилик фаоллашган бугунги шароитда мамлакатимиз хавфсизлигини янада мустаҳкамлаш устувор аҳамият касб этиши таъкидланди.

Қилмишига чин дилдан пушаймон бўлгани ва ёт ғоялардан тўғри йўлга қайтгани учун жазони ўташ муассасаларидан озод қилинган экстремистик ташкилотларнинг собиқ аъзолари ва тарафдорларини нормал ҳаётга қайтаришга қаратилган тадбирлар самарадорлигини ошириш чоралари белгиланди. Ижтимоий-иқтисодий соҳаларни комплекс ривожлантириш бўйича сектор раҳбарларига мазкур шахсларнинг маиший муаммоларини ҳал қилиш, уларни ишга жойлаштириш ва жамият ҳаётига жалб қилиш юзасидан топшириқлар берилди.

Шунингдек, мамлакат тараққиётига тўсиқ бўлаётган коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича вазифалар белгилаб берилди.

Давлат раҳбари озиқ-овқат, энергетика, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларда хавфсизликни таъминлаш бўйича муҳим чора-тадбирлар хусусида сўз юритилиб, йўналишлар аниқ-равшан кўрсатиб ўтилди.

Шу куни Шавкат Мирзиёев Давлат хавфсизлик хизматининг янги ҳудуди ва янги биноси, унинг фаолияти, моддий-техник имкониятлари билан танишди, ходимлар билан мулоқотда бўлди.

Шу ерда таҳдидларнинг олдини олиш ва бартараф этиш, давлат хавфсизлигини таъминлаш жараёнида қўлланиладиган махсус техника ва қурол-аслаҳалар намойиш этилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг